Мақтовчи, келин дугонаси, пингвин турғазиб қўювчи... Дунёдаги энг ноодатий касблар
Нотаниш одамга унинг касби ҳақида савол берганимизда, биз одатдаги менежер, дизайнер, кончи, ҳисобчи, иқтисодчи ва ҳоказоларни эшитишга ўрганиб қолганмиз. Rabota.Today онлайн иш қидирувчи портали дунёдаги энг ғаройиб касблардан бир нечтасини танлаб, уларни янада чуқурроқ ўрганди.
Қулоқ тозаловчиси
Бу касб гарчи бошқа Осиё мамлакатларида ҳам учрайдиган бўлса-да, асосан Хитойда кенг тарқалган. Чин мамлакати аҳолиси уни ғайриоддий мутахассисликлар рўйхатига киритиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Қулоқ тозаловчиларнинг ўзлари улар амалга оширадиган муолажа танани даволайди, деб таъкидлашади.
Орол қўриқчиси
2000 йилларнинг биринчи ўн йиллиги охирида Бен Саусхол дунёдаги энг яхши касб - Буюк тўсиқ қоясидаги Гамильтон ороли қўриқловчиси лавозими танловида 35 000 иштирокчини ортда қолдириб, ғолиб чиқди. Эркак жаннатмонанд оролдаги ҳашаматли виллада яшайди, у ерда тошбақаларни боқади, маржон рифларининг ҳолатини кузатиб боради, шунингдек, шахсий блогини юритади. Бу иши учун Бен Саусхол ойига 20 минг доллар маош олади.
Пингвин ағдариб қўювчиси
У совуқ иқлимли Антарктидада ишлайди. Гап шундаки, самолётлар ҳавога кўтарилганда ёки қўнганидан сўнг, пингвинлар товуш тўлқини билан орқасига йиқилиб тушиб, ўрнидан туролмайди, бу эса ҳалокатли бўлиши мумкин. Ағдариб қўювчи орқага йиқилган қушларни оёққа қўйиб чиқиб, пингвинлар популяцияни сақлашга ёрдам беради.
Ем татиб кўрувчилар
Йирик ишлаб чиқаришларда маҳсулот сифати ва мазасини таъминлаш мақсадида татиб кўрувчилар уй ҳайвонлари учун тайёрланадиган озиқ-овқатларнинг ҳар бир партиясидан намуна олади. Ушбу касб эгалари ойига 75 минг долларгача маош олади.
Келиннинг дугонаси
Агар бўлажак келиннинг яқин дугоналари бирор бир сабаб туфайли у билан мулоқот қилишни тўхтатиб қўйган бўлса, унда ҳақиқий профессионал ёрдамга келади. Мутахассис тўйга тайёргарлик жараёнида келинга ҳар томонлама ёрдам беради ва байрамда унга ҳамроҳлик қилади.
Қучоқловчи
Мижоз қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлганда ёкиунинг яқинлари бошқа шаҳар ёки бошқа мамлакатда бўлганда, «қутқарувчи» зудлик билан ёрдамга келади. Мижозлар қучоқловчиларга кунига олтмиш доллар иш ҳақи тўлашади.
Клакерлар
Профессионал мақтовчилар янги қўшиқчилар томонидан ёлланади. Залда ўтирган клакерлар сунъий равишда зални муваффақият муҳити билан тўлдиришлари керак. Улар актёрлар, раққосалар ва қўшиқчиларнинг чиқишларига борадилар, у ерда қарсак чалиб, уларга далда бериб, шу тарзда залдаги томошабинларни «ёқтиришади».
Орзулар сотувчиси
Махсус агентликлар деярли ҳар қандай мижознинг фантазиясини ҳақиқатга айлантириши мумкин. Хизматлар арзон эмас. Бироқ, ҳар бир «хаёлпараст» маълум миқдордаги пул эвазига ўзини сув ости кемаси капитани ҳис қилиши, севимли актёри билан тушлик қилиши ёки танкка миниши мумкин.
Сумка йиғиб берувчи
Бу касб Американинг Нью-Йорк шаҳрида пайдо бўлган. Ёзги лагерларга борадиган болаларининг сумкаларини йиғиш улар учун қийин бўлган бой оналар ўз дангасаликлари учун 250 доллар тўлайдилар. Мутахассислар сумкани моҳирлик билан қадоқлаб беради. Агар узоқ сафар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар болаларга енгил бутерброд ҳам тайёрлаб сумкага жойлаштириб қўйишади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.