“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби: “Президентга ваъда берганман”

Шербек Исломов 2003 йилда Ургут тумани Қайнарбулоқ (Зинак) маҳалласида туғилган. Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз болалар таълим оладиган 59-сонли махсус мактаб-интернатда ўқиган. Ўқувчилик йилларидаёқ қалб кўзи билан англаган шеърий машқларидан “Қуёшга тик қараганлар” номли шеърий тўпламдан ижод намуналари ўрин олган. Шеърларида Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, табиат тасвири ҳамда қалб кечинмалари ўз ифодасини топган.

- Нуқсонингизни юзингизга айтишса, алам қилади, лекин бу сизни кучли бўлишга ҳам ундайди, - дейди Шербек. – Инсон ҳаётда ким бўлишидан қатъй назар,  ҳар доим мақсади сари интилиб яшаши ва тинмай меҳнат қилиши керак. Фаолиятим давомида турли кўрик-танловлар ғолиби ва совриндори, республика фан олимпидаси ғолиби бўлганман. Бўш вақтимда ижод билан шуғулланаман ва турли чолғу асбобларини чаламан.

2022 йил февраль ойида Президентимиз Самарқандга ташрифи доирасида кўзи ожиз болалар таълим оладиган 59-сонли махсус мактаб-интернатида бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашган эдилар. Ўшанда Юртбошимиз билан бўлган суҳбатда келажакдаги режаларим ва таклифларимни айтиб, юксак натижаларга эришишга ваъда бергандим. Ўтган йил она тили ва адабиёт фанидан ўтказилган республика фан олимпиадасида ғолиб бўлиб, грант асосида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ўқишга қабул қилиндим. Ёшлар куни арафасида ютуқларим ва камтарона ижодим эътироф этилиб, давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Рости, бундай эътибор ва эътирофдан бошим кўкка етди, олдимга қўйган мақсадларимга эришишда катта туртки бўлди. Келажакда бундан-да юксак натижаларга эришишга, ота-онам ва Президентимиз ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

***

Чарос Баликова: Эътироф шижоат, куч-ғайрат бағишлади

Кейинги пайтда паралимпия спорт турларини ривожлантириш, спортчиларнинг шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар вилоятимизда ҳам ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, 2021-йилда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят бўлими,  2022-йил Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Самарқанд паралимпия спорт маркази фаолият бошлади. Ҳозирги кунда марказда 13 та паралимпия спорт туридан 312 нафар спортчи 48 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида шуғулланиб келмоқда ва спортчилар мамлакат чемпионати ҳамда халқаро турнирларда яхши натижаларга эришиб келмоқда.

- Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз параспортчилари халқаро спорт мусобақаларида 17 та медални қўлга киритди, - дейди Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят бўлими ижрочи директори Арслонбек Ёрқулов. - Жумладан, Ўзбекистон чемпионатларида 4 та олтин, Осиё мусобақасида 1 бронза, халқаро мусобақаларда 1 та олтин , 1 кумуш, 2 та бронза медалга сазовор бўлди. Шунингдек, “Беш ташаббус паралимпидаси”да 5 та параспорт туридан 6 та олтин, 1 та кумуш медаль билан республикада биринчи ўринни қўлга киритди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланганлар. Улар орасида парашашка бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 3-босқич талабаси, қўшработлик  Чарос Баликова ҳам бор.

Чарос Баликова фаолияти давомида парашашка бўйича ўн карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати ғолиби ва олти карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

– 4-синфлигимдан парашашка билан шуғулланаман, - дейди Чарос. – Доим юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаришни истардим ва мақсадим йўлида тўхтаб қолмадим. 2015-йилда илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлганимдан кейин терма жамоага қабул қилиндим. 2017-йилда эса Болгарияда ўтказилган жаҳон чемпионатида жаҳон чемпиони бўлдим. Кейинчалик кўплаб халқаро турнир ва чемпионатларда ғолибликни қўлга киритдим. Меҳнатларим юқори баҳоланиб, мукофот берилганидан жуда хурсандман. Президентимиз эътирофи менга шижоат ва куч-ғайрат бағишлади. Бу нафақат менинг, балки оила аъзоларим ва устозларим хизматлари учун берилган юксак баҳо деб ўйлайман.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.