Мардикор аёллар
Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган айланма йўл, мана 10 йилдирки, ўз-ўзидан кунлик меҳнат бозорига айланган. Бу ер халқ орасида “Мардикор бозори” деб аталади.
Ҳар куни тонг саҳардан бу ерга шошган юзлаб аёллар арзимаган маош эвазига турли, баъзида оғир меҳнатни бажаришга тайёр бўлиб келади. Аёлман деб ўтирмаган муштипарлар турли меҳнат – ғишт ташиш, уй тозалаш, идиш-товоқ ювиш, кўпинча қишлоқ хўжалиги ишларига ёлланади.
Ироданинг оғир тақдири
Ирода эрта турмушга чиқди ва қачондир туғилиб ўсган қишлоғини тарк этиб, мардикорлик қилиб пул топишга мажбур бўлишини сира ўйламаган эди. У ҳар куни эрталаб орзусини рўёбга чиқариш – уй сотиб олиш мақсадида “Мардикор бозори”га боради. 38 ёшли аёл қўшни Қашқадарё вилоятидан келган. Эри уни уйдан ҳайдаб юборгани учун сарсон-саргардон.
- Ажрашишимизга уч ойлик ўғлимнинг ўлими сабаб бўлди, – дейди Ирода. - Ўғлимдан жудо бўлганим етмагандек, эрим ҳам бошқасини топиб, мени уйдан ҳайдаб чиқарди. Ундан оилани бузмаслигини айтиб ёлворишим бефойда бўлди. Ота-онамнинг уйига қайтишдан бошқа чорам қолмади. Танишлардан "Мардикор бозори"да пул ишлашни ўргандим.
Аёллар қандай шароитда яшайди?
Бу ерга келган кўпчилик аёллар йўл кира сарфламаслик учун “Мардикор бозори” атрофидаги хоналарни ижарага олишган. Хона ижараси нархи ҳам минимал – бир кунда киши бошига 10 минг сўм.
Ирода ҳам кўп қаватли уйда битта хонани ижарага олган. У билан яна тўрт аёл туради. Ёз кунлари бу ерга яна олтита аёл жойлашади. Мавсумда бир хонада турувчилар ўн кишигача етади.
Тўғриси, қиш бўйи қўлбола печка билан исинган аёлларнинг яшаш шароити мени ҳайратга солди.
"Янги"ларга осонмас
Ироданинг сўзларига кўра, “Мардикор бозори”да ўзини "бригадир" деб ҳисоблайдиган, жанжал чиқарадиган, “янги”ларга пул топишда тўсқинлик қилаётганлар бор. "Янги"лар бозорга мустақил равишда иш қидириш учун келган аёллар. Уларга мослашув жараёни осон кечмайди.
Кунбай меҳнат - арзон ишчи кучи
Бозорнинг доимий "харидор"и Умида Холмуродованинг айтишича, бу ерда аёллар эркакларга қараганда виждонлироқ.
Аёллар таклиф қилинган ишни синчковлик ва қунт билан бажаради. Шу билан бирга арзимаган даромадга қаноатланади. Эркаклар ҳар доим ҳам таклиф қилинган шартларга рози бўлавермайди.
Аёллар меҳнати учун кунига 100 минг сўмдан 150 минг сўмгача ҳақ олишади. "Кунбай"чи аёлларнинг айтишича, иш чиққан пайтлари улардан бахтли инсон йўқ, чунки бундай омад ҳар куни ҳам кулиб боқавермайди.
Ҳимоясиз
Яна шуниси ҳам борки, "кунбай" иш хатарли бўлиши мумкин. Аёллар эрталаб бозорга йўл олар экан, кун уларга нима тайёрлаганини билишмайди.
– Ҳар куни ишга отланаётиб, бугун насибам қаерга бошлар экан, қандай одамлар билан мулоқот қилишга тўғри келар экан, деб ўйлайман, – дейди Ирода. – Хавотир бўлади, албатта. Ҳар хил одамлар бор.
Бир куни ёш йигитлар келиб, мен ва бир қизни уй тозалаш учун олиб кетишди. Шеригимга ҳаммомни ювиш буюрилди, мен бошқа хоналарни тозаладим. Бир маҳал қиздан хабар олмоқчи бўлиб қарасам, иккита йигит ҳаммомга кириб, қиз билан ниманидир гаплашяпти. Қиз қўрқувда. Мен баланд овозда шеригимга гап қотдим: "Шунча вақт у ерда нима қиляпсан, ишни бажаришга 15 дақиқа етарли-ку. "Нима қилай, йигитлар ишлагани қўймаяпти", дея жавоб берди қиз. Улардан бири эса менга норози оҳангда аралашмаслигимни айтди. Гарчи, ўзимга ҳам қўрқинчли бўлса-да, мен шеригимни ҳимоя қилишим кераклигини тушундим. Жанжал бошланди, йигитлардан бири менга қўл кўтариб, итариб уйдан ҳайдаб чиқарди. Профилактика инспекторини чақиришга тўғри келди.
Ҳукумат муаммони қандай ҳал қилмоқда?
Тошкентда мардикор хотин-қизлар учун кундалик меҳнат маркази бор. Самарқандда эса бир неча йил аввал бу масала кўтарилган бўлса-да, ечими ҳануз топилмади. Тўғри, аёллар тўпланадиган жойларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари туришибди, лекин ишчи аёл қаерга олиб кетилиши, унга қандай муносабатда бўлишини ҳеч ким билмайди.
Айтиш жоизки, ўтган йили Самарқандда ҳам иккита марказ очилди – бири Тойлоқ туманида, иккинчиси Самарқанднинг С.Айний кўчасида. Бу ерга одамлар мардикор ёллаш учун келишади. Ушбу "бозор"да аёллар йўқ. Улар, юқорида айтганимиздек, Самарқанд туманининг Янгиариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган айланма йўлда тўпланишади.
Марказ бор, тартиб-қоида йўқ
Ташвишланарлиси, кунлик меҳнат бозори мавжуд жойларда ҳар доим жанжал ва можаро рўй беради. Ҳатто ана шундай кунлик меҳнат марказлари биносида ҳам мардикорлар ўз қоидасини ўрнатган. Ҳеч қандай тартиб йўқ. Маълум навбат бўлмаганидан "ишга бориш" илинжида одамлар бақир-чақир қилган ҳолда ўз хизматини таклиф қилиб, ишчи излаб келган машина устига ёппасига ташланади.
Ягона фарқ - бино, ётоқхона ва ошхона мавжудлиги. Аммо улар ҳам маблағ муаммоси туфайли фаолиятини бошламаган. Бошчақа айтганда, тартиб-интизом посбонлари шунчаки, марказий кўчадан гавжумликни "йўқ" қилиш учун бино ҳудудига одамларни "тиқиб" ташлаган.
Кунбай меҳнат устуворлиги
Баҳорнинг илиқ кунларида бандлик маркази эълон қилган бўш иш ўринлари рўйхатига қарамай, “мардикор-бозор” кунлик даромад топиб, рўзғор тебратиш илинжида келган одамлар билан гавжум. Уларни арзимаган иш ҳақи қониқтирмайди. Улар учун ўз иш тартибини белгилаш ва меҳнати учун белгиланган тўловни талаб қилиш фойдалироқ.
– Иш стажим кетиши, қарилигим таъминлансин, деб бир неча бор ишга жойлашишга ҳаракат қилиб кўрдим, лекин иш берувчи билан ҳар доим ҳам яхши муносабат ўрнатиб бўлмайди, – дейди Ирода. - Мен учун боғланмаган ҳолда бир кунлик иш анча фойдали. Менинг ўз мижозларим бор. Улар қўнғироқ қилиб ишга чақиришади.
Кўриб турганингиздек, бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари рўйхатига қарамасдан, одамлар кунлик иш топишни афзал кўради. Маош камлиги ва иш тартиби уларни қониқтирмайди. Кунбай меҳнат бозорида кўпайиб бораётган одамлар оқимини камайтириш мақсадида йил бошида “Mening ishim” онлайн иловаси ишга туширилди. У кунлик, мавсумий ва якка тартибдаги ишчилар, жумладан, ёшлар, талаба ва ногиронлар учун иш таклифларини нашр этади.
– Меҳнатчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида платформани ишга туширдик ва барчани онлайн платформа маълумотлар базасига киритдик. Унинг ёрдамида иш берувчи ўзига хоҳлаган тоифани танлаб, мутахассис ёки уста топиши мумкин, - дейди Самарқанд кунлик меҳнат маркази директори Жамшид Саломов. – Ҳозирда онлайн платформада 400 дан ортиқ ишчилар бор. Афсуски, шаҳримизда мардикор аёллар учун кунлик меҳнат маркази бўлмагани сабаб, бу ерда аёллар резюмелари деярли йўқ. Эҳтимол, унинг пайдо бўлиши аёлларнинг иш қидиришда мавҳумлик сари кетмаслиги учун замин яратарди.
Замира Болтаева.