Хавфли нуқта
Ёнғин келиб чиқиш хавфи бор ҳудудларга доим эҳтиёткор муносабатда бўламиз, яъни унинг олдини олишга қаратилган чораларни кўрамиз. Жамиятдаги у ёки бу муаммолар масаласида ҳам шундай йўл тутилади. Тўғрироғи, тутилиши лозим.
Журналистлар жуда кўп қаламга олган “мардикорлар бозори” ҳам худди шундай, ҳар лаҳзада “ёнғин” келиб чиқиш хавфи мавжуд бўлган ҳудуд эканлигини бу ерга борган инсон жуда яхши билади. Бу масканда жамият қоидаларидан кўра, кўпроқ бозор, янаям тўғрироғи, ибтидоий қоидалар ишлайди. Ким кучли, овози баланд бўлса, ўша ғолиб бўлади ва бозорни ўз қўлига олади. Бир қараганда адолатли, аммо бир қарасанг, ноҳақликнинг энг чўққиси яшнайдиган бу жамиятда яшаб қолишнинг ўзи осон эмас.
Бу ҳақда хусусан, бизнинг нашримизда қарийб ҳар йили мақолалар берилади. Экспертлару халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда жиддий таклифлар билдирилади. Гарчи ўтган йиллар давомида бирмунча ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, аммо мардикор бозорларида иш тартиби, одам ёллаш ва ишлаётганларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳамон ўша-ўша.
Самарқанд туманида жойлашган мардикор бозорида юзага келган тортишув ва унинг натижасида икки нафар аёлнинг калтаклангани ҳақида бугун кўпчилик эшитди. Воқеа тафсилотларига тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Ҳеч қандай сабаб воқеанинг бундай тус олишига изн бермайди. Афсуски, ибтидоий қоидалар билан яшайдиган ушбу “бозор”да жанжаллар ҳам шу йўл билан ҳал этиб қўя қолинганини кўпчилик тушуниб турибди.
Калтакланган аёллар билан боғлиқ тафсилотлар орасида уларнинг асли пастдарғомлик, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар қўрғонида истиқомат қилиши айтилган. Афсуски, воқеа ижтимоий тармоқларни “портлатган” бир пайтда ҳам на Самарқанд шаҳар ва на Паст Дарғом туман оила ва хотин-қизлар бўлимининг хотин-қизлар билан ишловчи мутасаддилари ҳолатга муносабат билдира олди. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари бу ҳақда ўз фикрини айтиб, аёлларнинг калтакланишига қарши эканлигини маълум қилди. Аммо нега тўғридан-тўғри ишлаши лозим бўлган туман, шаҳар мутасаддилари аёллар билан суҳбатлашгани, уларнинг аҳволи ўрганилгани борасида бирон сўз демагани кишини ўйлантиради.
Фақатгина ички ишлар идоралари вазият назоратга олинди, дея ўз муносабатини билдирганини ҳисобга олмаганда, бошқа жиддий муносабат кўрмадик. Ваҳоланки, кейинги пайтларда Самарқандда бундай ҳолатлар бир эмас, бир неча марта такрорланди. Аёл кишининг калтакланиши билан боғлиқ ҳолат Иштихон туманида рўй берган, афсуски, бу масалада ҳам ушбу идораларнинг сукут сақлаганига гувоҳ бўлгандик. Буни қарангки, бу ҳолатда ҳам меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши жанжалга асосий сабаб эди.
Умуман олганда, меҳнат ҳуқуқлари юқорида таъкидланганидай, ушбу бозорда исталганча бузилиши мумкин. Биринчидан, эртадан кечгача ишлаш баробарида пулини ололмай қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунинг ўзи бу ерда ҳар қадамда хавф мавжудлигини билдиради. Энг ёмони, уларнинг тинимсиз меҳнати стажга киритилмайди. Гарчи шундай қийинчиликлар кузатилса-да, мардикор бозоридагилар айнан шу ердан нон топишни истайди.
- Чунки бизга таклиф этилаётган ишларнинг ойлик маоши 1,5-2 миллион сўмни ташкил қилади, - дейди мардикор бозоридан иш топувчи аёл. – Биз бу пул билан оиламизни қандай тебратамиз? Бу ёқда турмуш ўртоғим, оилани боқаётган бўлсаки, майли, қўшимча даромад, деб шу маошга рози бўлсам. Лекин уч нафар боламни бу пул билан боқолмайман-да.
Бугун мардикор бозорида, одам ёллаб ишлатадиганлар яхши билади, уларнинг кунлик иш ҳақи анча ошган. Қолаверса, улар илгаригидай, нима десангиз кўниб, барча ишга бўйин эгиб кетавермайди, ўзига яраша талаблар қўяди, агар бажармасангиз, сиз билан хайрлашиб қўя қолади. Ўз ҳақини етарлича талаб қилади.
Лекин бу - жамият шундай бозорни сақлаб туриши керак, дегани эмас. Аллақачон унинг замонавий шаклига ўтиш фурсати етди. Бу табиийки, битта-иккита идоранинг ваколати билан битадиган иш эмас. Масалага ҳукумат даражасида, жиддий ислоҳ талаб этадиган тарзда ёндашув лозим. Шундай бўлмас экан, у ҳудуд мудом “ёнғин” хавфи мавжуд ўчоқ бўлиб қолаверади. Инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалардан тортиб, энг ёввойи тартиб-қоидалар амал қилинадиган ва бир куни унинг оқибатлари бутун жамиятга доғ бўлиб тушадиган ҳолатларгача.
Гулруҳ МЎМИНОВА.