Меҳнат бозори: Ишсизлар сони билан бўш иш ўринлари ўртасида мутаносиблик бўлиши шарт
2019 йилги маълумотларга қараганда Самарқанд вилоятида қарийб 148 мингдан зиёд вақтинча ва доимий ишсизлар бор. Бу иқтисодий фаол аҳолининг 9,3 фоизини ташкил этади.
Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида бир қанча норасмий мардикор бозорлари мавжуд. Жумладан, шаҳарнинг Садриддин Айний ва Панжакент кўчалари чорраҳасида ҳар куни 250-350 нафар, Самарқанд туманидаги собиқ паррандачилик фабрикаси яқинида 150-200 нафар, Тойлоқ тумани ҳудудида, катта йўл ёқасида 200-300 нафар (шундан 100 нафаргача аёллар), Паст Дарғом тумани Найман маҳалласида, йўл устида 100-150 нафарга яқин кунлик меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи кишилар бор.
Бугун иш излаётган фуқароларнинг эҳтиёжи ва қобилиятига кўра, бандлигини таъминлаш муҳим масала бўлиб, бу бандлик бўлимлари, моно-марказлар, касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курсларининг вазифаси саналади. Аввало, бу ҳолатда маҳаллалардан бошлаб, ҳар бир хонадонда меҳнатга яроқли қанча аҳоли борлиги ва унинг қанчаси иш билан банд эмаслигини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Масаланинг иккинчи томони, ҳудудда халқ хўжалигининг барча тармоқларида қанча иш ўринлари борлигини ҳисобга олиш керак. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ишсизларнинг 99,7 фоизи ўрта ва ўрта махсус маълумотли. Бунда албатта, ишсизлар сони билан бўш иш ўринлари ўртасида номутаносиблик вужудга келади.
Мардикорлик қадимдан маълум бўлиб, меҳнат бозори ҳамма даврларда унсурли, тартибсиз шаклланган. Аммо буни маълум бир воситалар орқали тартибга солиш ҳам мумкин. Масалан, мардикорлар бозорини иш изловчининг тўлиқ маълумотлари ва унга талабгорнинг хоҳиши асосида шакллантириш орқали меҳнат бозорига айлантириш.
Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида бир қанча норасмий мардикор бозорлари мавжуд. Жумладан, шаҳарнинг Садриддин Айний ва Панжакент кўчалари чорраҳасида ҳар куни 250-350 нафар, Самарқанд туманидаги собиқ паррандачилик фабрикаси яқинида 150-200 нафар, Тойлоқ тумани ҳудудида, катта йўл ёқасида 200-300 нафар (шундан 100 нафаргача аёллар), Паст Дарғом тумани Найман маҳалласида, йўл устида 100-150 нафарга яқин кунлик меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи кишилар бор.
Улар орасида турли тоифадаги ва ёшдаги кишилар, талабалар, турли касб эгалари, ҳатто бошқа вилоятлардан иш излаб, шу ерда ижарада яшаётган фуқароларни ҳам учратиш мумкин.
Меҳнат бозори масаласи бошқа мамлакатларда қандай?
Япония, Сингапур, Малайзия ва Корея Республикаси аҳоли бандлиги ва ишсизликни камайтириш масаласида жадал ўзгаришларни амалга оширган. Улар меҳнат бозори муаммоларини ҳал этишда инсон ресурсларини шакллантириш, ишга жойлаштириш, ишсизлар даромадини кафолатлаш ва хорижий ишчиларга муносабат сиёсатини ўз ичига оладиган чора-тадбирларни белгилаб, вазиятни юмшатиш ва ечиш усулларини аниқлаган. Лекин Корея Республикаси, Сингапур ва Малайзияда меҳнат бозори муаммосини ҳал қилишда меҳнат бозори сиёсатига бевосита таъсир кўрсатувчи иккита асосий омилни кўрсатиш мумкин. Бунда улар касаба уюшмалари савдоси ва ишлаб чиқариш муносабатлари, инсон ресурсларига эътибор қаратишган.
Уларда қисқа вақт давомида мамлакатнинг индустрлаштирилгани ишчи кучи етишмаслигига олиб келди. Бу эса ўз навбатида, ишчи кучига кетадиган харажат ва иш ҳақининг ошишини келтириб чиқарди.
Умуман, ривожланган давлатлар амалиётида ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳукуматнинг, алоҳида фирмаларнинг ҳам диққат марказида бўлган. Бу давлатлар меҳнат қонунчилигида ишчи кучи етишмовчилиги ва бунда хорижий ишчи кучларига талаб ошган вақтда нафақа ёшидагилар меҳнатидан, айниқса, ақлий меҳнат соҳасида меҳнат қилиши мумкин бўлган меҳнат ресурслари учун нафақага чиқиш ёшини 55 эмас 62 ёшга кўтариш амалиёти ҳам қўлланилган.
Табиийки, ишсиз ва билимсиз, касбсиз фуқаро ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини тополмайди. Шунинг учун бу давлатларда ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, ўргатишга эътибор қаратилган.
Касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курслари, марказларни кўпайтириш керак
Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўзини ўзи банд қилаётган шахслар учун 67 та иш ва хизмат турлари тасдиқланган.
Қарорга мувофиқ, бизда ҳам меҳнат мигрантларини касбга ўқитиш, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароитлар яратиш, чет тилларини ўргатиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг интеграцияси масалалари Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида кўриб чиқилади.
2019 йилги маълумотларга қараганда, республикамизда 1335,3 минг киши, вилоятимизда эса қарийб 148 мингдан зиёд вақтинча ва доимий ишсизлар мавжуд. Бу иқтисодий фаол аҳолининг 9,3 фоизини, бандлик даражаси эса 65,4 фоизни ташкил этган. 2020 йил пандемия шароитида яқин ва узоқ хориж давлатлардан юртимизга қайтиб келган ва яна қанча ўша ерларда қолиб ишлаётган фуқароларимиз бор. Норасмий маълумотлар эса республикамизда меҳнатга яроқли аҳолининг салмоқли қисми ишсиз эканлигидан далолат беради. Бу ўз навбатида, аҳоли ўртасида демографик тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади.
Яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали илмий тадқиқотчилари ишсизлик муаммосини чуқурроқ ўрганиш, монографик тадқиқот олиб бориш мақсадида меҳнат бозори (мардикор бозори)да ишсизларнинг истак-хоҳишларини ўрганиб, ижтимоий сўровномалар, маҳаллаларда алоҳида суҳбатлар ўтказди. Шунингдек, вилоят туманларида меҳнат ресурслари ва уларнинг етишмовчилиги мезонлари бўйича индивидуал ҳолат ҳам ўрганилди. Жараён 5 мингга яқин кишини қамраб олди. Аввало, ўрганиш мардикорлар турадиган нуқталардан бошланди. Бу ижобий натижа бермагандан кейин, қишлоқларда мардикор бозорларига чиқадиганлар билан сўровномалар ўтказилди, таҳлил қилинди.
Ижтимоий сўровномаларда 845 нафар фуқаро иштирок этди. Улар 4 та асосий белги бўйича гуруҳларга ажратилди. Мардикор бозори иштирокчиларининг (эркаклар) маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, бир кунлик рўзғорини боқиш учун чиққанлар салмоғи 79,4 фоизни (аёллар бўйича ўртача 78,5 фоиз) ташкил этди.
Мардикор бозори иштирокчиларининг маълумоти бўйича гуруҳланишида энг юқори кўрсаткич ўрта маълумотлиларда бўлиб, ўртача 92,8 фоизни ташкил қилган. Ёш бўйича гуруҳланишида 21-30 ёшдагиларнинг салмоғи юқори бўлиб, 50,5 фоизни кўрсатди (31-40 ёшдагилар ўртача 31,8 фоиз).
Бугун аҳоли бандлиги ва ишсизлик масалаларига қанчалик эътибор қаратилмасин, масаланинг аҳамияти пасайган эмас. Чунки реал иқтисодиёт тармоқларида ривожланиш интенсив йўналишда давом этиб, келажакда барча соҳа ва тармоқлар рақамли иқтисодиётга ўтиши муносабати билан ишсизлик ва бандлик масалалари янада долзарб бўлиб бораверади. Шу боис, мактаблар ва олий таълим муассаларида касбий йўналишлар бўйича қўшимча ўқув курслари ва ҳунар ўргатувчи марказларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.
Олим Муртазаев, ТДИУ Самарқанд филиали директори, профессор.
Фарҳод Аҳроров, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, доцент.