Депутат муаммо қўяди: “Мардикор бозори” ўрнини қачон “Меҳнат бозори” эгаллайди?
Бу янги мавзу эмас, шу пайтгача ҳам жуда кўп гапирилди, муҳокама қилинди. Аммо натижа кутилганидек эмас. Аниқроғи, жойлардаги “мардикор бозор”лари йўқолмаяпти. Бу жойга келувчилар кўпайса кўпаяяптики, камайгани йўқ. Бугун меҳнат бозоридаги ҳолатни таҳлил этадиган бўлсак, бундай бозорлар йўқолмаса ҳам керак. Чунки кунлик меҳнат фаолиятини таклиф этаётганлар ҳам, бунга эҳтиёж ҳам юқори.
Хўш, нима қилиш керак?
Мазкур фаолиятни қонуний асосда, ўз меҳнатини таклиф этаётган иш изловчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаб, кафолатлаб йўлга қўйиш лозим.
Бу ўринда давлат раҳбарининг шу йил 8 июнда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур ҳужжатда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун 67 хил иш ва хизматлар турлари тасдиқланди. Бу хизматлар қаторида бугун “мардикор бозор”ларда таклиф этилаётган хоналарни тозалаш, жисмоний шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, деҳқон ва фуқароларнинг томорқа участкаларида ер чопиш ва рекультивация ишларини бажариш, экинларга ишлов бериш, ҳосилни йиғиштириб олиш каби ишлар ҳам бор. Яъни, бугун кунлик ёлланма ишга чиқаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилиб, меҳнат фаолиятини қонунийлаштириб қўйиши мумкин. Эътиборлиси, улар бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўласа, келажакда пенсия таъминотини ҳам кафолатлайди.
Аслида фуқаролар учун енгиллик, имтиёз бўлган бу тартибни ҳам кўпчилик, моҳиятига етмаган ҳолда, нотўғри талқин қилди. Ўзим ҳам кунлик меҳнат фаолияти билан шуғулланувчиларга бу ҳақда айтганимда уларнинг жавоби бир хил бўлди – «энди шу ишимиз учун ҳам солиқ тўлаймизми», «уйимизга солиқдан хат келаверади-да». Бу мазкур янги тартибдан аҳолининг етарли даражада хабардор эмаслиги, қарорнинг мазмун-моҳияти, мақсади тушунтирилмаганидан далолат, албатта.
Майли, бу алоҳида мавзу. Бунга ҳам ҳар кимнинг турлича қараши бор. Аммо биз айтмоқчи бўлганимиз ҳозирги норасмий “мардикор бозор”лар ва бу масканларда кишилар учун умуман шарт-шароит йўқлигида.
Бугун Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний ва Панжикент кўчалари чорраҳасидаги, Самарқанд туманидаги собиқ паррандачилик фабрикаси яқинидаги ёки “бетонка”даги, Паст Дарғом тумани Найман маҳалласи ҳудудидаги кунлик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун иш излаб чиқадиган кишилар тўпланадиган жойларга бир назар солинг. Қаерда, қандай шароит яратилган? Ўриндиқ борми, ёғингарчилик ёки иссиқ тафтидан ҳимояланиш учун соя-салқин жой қилинганми? Афсуски, бу ҳақда гапириш ноўрин. Мана шу жойларга бориб, машинангизни тўхтатинг, бир зумда 10-15 чоғли одам ёпирилиб келиб, “Нима иш бор?” деб сўрайди. Бундай жойларда турли хил йўл-транспорт ҳодисалари ҳам тез-тез учраб туриши ҳеч кимга сир эмас.
Эркакларга-ку кўзимиз ўрганиб қолгандир, аёллар-чи? Улар ҳам мана шундай шароитда иш излашига қачонгача бепарво қараб турамиз (Шу гапларни ёзяпману кўнглимда бир хавотир ҳам бор – ишқилиб, мана шу мақола ортидан “мардикор бозори”да тўпланадиганлар бу жойлардан қувиб юборилмасин-да, уларга яхшилик қиламан, деб ёмонлик қилиб қўймайин-да).
Тўғри, бир неча йил олдин жойларда фуқароларни вақтинчалик иш билан таъминлаш марказлари ташкил этилиб, маълум бир шароитлар яратилганди. Самарқанд шаҳридаги Панжикент кўчасида ҳам шундай жой бор эди, аммо кейинчалик унинг ўрнида бошқа бино қурилди. Ўтган йил эса Садриддин Айний кўчасида меҳнат бозори қурилиши ҳақида айтилганди, бунинг учун жой ҳам танланганди. Афусуски, бу ҳам ҳозирча “гап”лигича, режалигича қолмоқда.
Бугун меҳнат муносабатлари соҳасида кўп янгиликлар, ўзгаришлар бўляпти. Ишсизлик энг оғир муаммо, деб тан олиниб, унга ечим изланмоқда. Мана шундай пайтда бу йўналишдаги ишни аввало ҳар куни ўзимиз кўраётган, кўзимиз ўрганиб қолган муаммони ечишдан, бу борада ҳам янгича ёндашувлардан фойдаланишдан бошлайлик. Шу хизматга эҳтиёж бор эканми, давлат томонидан ёки хусусий сектор орқали шароит яратиб бериш чорасини кўрайлик. Бу масалани жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, маҳаллий Кенгашлар даражасида кўриб чиқиб, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ваколатимиз бор-ку!
Жамиятдаги ҳар бир кичик ижтимоий муаммо эртага ундан каттароқ масалаларга сабаб бўлиши мумкин. “Мардикор бозори”дагилар ҳам сизу бизга бегона эмас, улар бошқа жойдан келмаган ва бу жойларга мажбурликдан, тирикчилик учун, рўзғор ташвишида чиққан. Шуни унутмасак бўлгани.
Нарзиқул ХОЛИҚОВ,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.