Мардикорлик касб эмас, кунлик ишчиларга муносабатни ўзгартириш вақти келди

Қурилиш ишлари якунлангач, ҳовлини ободонлаштириш керак бўлди. Бир ўзим учун оғир юмуш. Кўп ўйлаб ўтирмай, уйимга яқинроқ ерда кунлик ишга чиқадиган мардикорлардан бирини олиб келдим. У билан иш давомидаги суҳбатимиз мени баъзи мулоҳазаларга чорлади.

— Ҳар куни иш излаб кўчага чиқиш қийин бўлса керак? Доимий ишга жойлашсангиз бўлмайдими?

— Мен аслида мактабда тарих фанидан дарс бераман. Олий маълумотлиман. Дарс соатим кам, ҳафтасига 3 кун мактабда, қолган кунлари кўчадаман.

— Олий маълумотли бўлсангиз, қўшимча дарс ёки тўгараклар ташкил этиб ҳам яхшигина пул топсангиз бўлар экан. Хусусий ўқув марказлари бор. Нега ўз йўналишингиз бўйича ривожланишни ўйлаб кўрмайсиз?

— Қайдам. Ўқишга киролмай юрган вақтларимда мардикорликнинг нонини едим. Талаба бўлганимда ҳам даромадим шундан эди. Ўрганиб қолган бўлсам керак. Рўзғорга етиб турибди, нолимайман.

Иккинчи куни ҳам ёрдамчи керак бўлди. Бу сафарги суҳбатдошим уста-ҳунарманд экан. Мардикорлик вақтинчалик иш, дейди у нега ҳунарини ташлаб қўйганини сўраганимда. Бироқ унинг ўзи шу вақтинчалик ишда 6 йил умрини ўтказганини тан олди.

Бундан икки хил хулосага келиш мумкин. Биринчиси, кунлик ишга чиқишдан кўп даромад қилинади. Иккинчиси ва энг хавфлиси, мардикорик инсонларни бош қотирмай пул топишга ўргатиб қўяди. Мақолада танганинг ҳар икки томонини кўриб чиқишга ҳаракат қилдик.

 Мардикор ўзи ким?

Ўзбек тилининг изоҳли луғатига мурожаат қилсак, “Мардикор” сўзи форсчадан “эркак, жасур” дея таржима қилинадиган “мард” сўзи билан “иш” маъносини англатадиган “кор” сўзини боғлаш орқали тузилганлигини кўрамиз. Кейинчалик улар қўшиб ёзила бошлаган ва “тажрибали, ишбилармон одам” маъносини англатган. Бироқ бугунги кунда бу номда қандайдир камситувчи маъно бордай туюлади. Шу боис бўлса керак, расмий тилда у бошқачароқ шаклда, “кунлик ишга чиқувчи”, дея аталмоқда.

Қонунчиликда бунга алоҳида тўхталинмаган, яъни кунлик ёлланиб ишловчиларнинг хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти фуқаролик ва меҳнат ҳуқуқи меъёрлари билан тартибга солинмаган. Улар билан меҳнат шартномасини ҳам тузиб бўлмайди. Бу эса ёлланиб ишловчиларнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмаётганлигини билдиради.

 Кунлик иш: фойда ва хатарлар

Самарқанд шаҳри Садриддин Айний кўчасидаги “Мардикор бозори”ни кўпчилик яхши билади. Доимо кунлик ишга чиқувчилар билан гавжум бўладиган бу кўчада ўтган йили Самарқанд шаҳар камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузурида “Кунлик ишчилар маркази” очилган эди. Марказда иш излаб чиққан фуқароларга катта кутиш зали, ётоқхона, иш берувчиларнинг машинада кириб-чиқиши учун зарур бошқа шароитлар қилинган. Аниқроғи, амалда бор-у, деярли ишлатилмайди. Лекин бу ҳақда кейинроқ. Марказга боришимиздан асосий мақсад кунлик ишга чиқувчиларнинг кайфияти, иш тартиби, даромади, харажатлари, муаммо ва режаларини ўрганиш эди.

 — 3 йилдан бери Қашқадарёдан келиб ишлайман, - дейди шахсини ошкор қилмаслигимизни сўраган фуқаролардан бири. – Унгача новвой эдим. Ишим юришмагач, мардикорликка чиқишни бошладим. Ўзимизда кам пул тўлашади. Шу сабабли Самарқандга келаман. Бу ерда Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари, водийдан келиб ишловчилар кўп. Барчамиз яқин атрофдаги уйларда ижарада турамиз.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у энг камида 150 минг, кўпи билан 250 минг сўмга ишга чиққан. Ҳар 20 кунда уйига бориб келади. Бу ерда бир кунлик бошпананинг нархи 10-15 минг сўм атрофида экан. Омади келса, нонушта ва тушликни иш берувчиникида қилади. Кечки овқат ва кўп ҳолларда нонуштани ўз ёнидан қилиши керак. Орада иш чиқмайдиган кунлар бор. Бошқа кунлик ишга чиққанлар ҳам шунга ўхшаш жавобларни беришди. Келинг, энди ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз, бу маблағ инсонларнинг заҳматига арзийдими?

Бошқа вилоятдан келган мардикор уйига кетган ва иш топилмаган кунларини ҳисобга олганда, бир ойда ўртача 20 кун ишлайди. Албатта, кимдир уйига кетмас ёки омади келиб, кўпроқ ишга чиққандир. Аммо улар кўпчилик эмас. Кунлик иш ставкасини ўртача 200 минг сўм деб олсак, бир киши ойига тахминан 4 миллион сўм пул топади. Бундан харажатларни айирамиз: мисол учун, 25 кунлик ижара ҳақи кунига ўртача 13 минг сўмдан ҳисобланганда, 335 минг сўм, уйга бориб-келиш харажати ўртача 100 минг сўм (узоқ масофага кетувчилар 2-3 баробар кўп харажат қилиши мумкин) бўлади. Овқатланиш харажатларини ҳисоблаш бироз қийин. Сабаби, суҳбатдошларимизнинг аксарияти камроқ пул сарфлаш учун оч қоринни яримта нон ва сув билан тўқлаб туришларини айтди. Егулик учун 25 кунга кунлик ўртача 10 мингдан ҳисобланганда ҳам 250 минг сўм бўлади. Бошқа майда чиқимларни 100 минг сўм деб оламиз. Шунда жами асосий харажат 785 минг сўм бўлади. Демак, қўлда қоладиган сумма 3215 минг сўм. Айтишларича, омади келган ишчилар ойига 6 миллион сўмгача пул топар экан. Шундай бўлса, улар кўпчилигимиздан бойроқ яшаши керак эмасмиди? Афсуски, бу шаклдаги меҳнатнинг ҳам ўзига яраша бадаллари бор.

Биринчидан, кўп пул топадиган ишчи энг оғир меҳнатни қилиши, бошқача айтганда, ўз саломатлигини сотиши керак. Табиийки, у вақт ўтиб соғлигини йўқотади. Агар саломатликни тиклаш учун кетадиган харажатларни ҳисобласак, тепадаги рақамлар унчалик жозибали кўринмай қолади.

Иккинчи масала, айтайлик, мардикор хавфли иш шароитида ишлаб, жароҳат олди ва ишга яроқсиз бўлиб қолди. Биламизки, уларга ҳеч бир иш берувчи хавфсиз меҳнат шароитини яратиб бериш учун қўшимча харажат қилгиси келмайди. Хўш, бунда унинг тақдири нима бўлади? Қонунчиликда унинг хавфсизлиги таъминланмаганлиги учун ким жавобгар бўлиши белгиланмаган. Бажарилган иш учун ҳақ тўлиқ тўлаб берилмаса ёки умуман тўланмаса ҳам уларнинг дардини эшитадиган йўқ. Тўғри, улар умумий тартибда судга мурожаат қилиши мумкин. Аммо узоқ давом этадиган бу жараён мардикор учун манфаатли эмас. Сабаби, у ишга чиқиши, пул топиши керак. Шундай қилиб, инсофсиз иш берувчиларга нисбатан самарали таъсир чораларининг йўқлиги, борларининг эса реал ҳаётда лозим даражада ишламаслиги муаммони чуқурлаштириб бормоқда.

Нега кафолатланган иш ўринларига қизиқиш йўқ

Кунлик ишчилар маркази бошлиғи Жамшид Сулаймоновга кўра, марказ томонидан кунлик ишга чиқувчиларга бўш иш ўринлари таклиф қилиб борилади. Ҳудудда махсус ахборот бурчаги ташкил қилинган бўлиб, унда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилганлигини кўрдик. Бироқ шу имкониятдан фойдаланган бирорта фуқаро ҳақида маълумот топа олмадик. Тўғри, таклиф қилинаётган ишларда маош унчалик катта эмас, аммо бу хавфсиз, доимий ва тартибли иш ўринлари.  Қолаверса, кузатувларимиз давомида кам маош муаммонинг асосий омили эмас, деган хулосага келдик. Аксарият мардикорлар қонун, меҳнат муносабати, ижтимоий ҳимоя деган тушунчаларга бош қотиришни истамайди. Улар келажаги эмас, кўпроқ кунлиги учун қайғуради.

— Уч нафар қизим бор, яқинда каттасини узатдим, - дейди фуқаролардан бири. – Йиллар давомида мардикорлик қилиб йиғганларим бир кунда сарфланиб кетди. Ошна-оғайнилардан қарз олиб, Россияга кетдим. Харажатни камайтириш учун ҳужжат қилмадим. Аксига олиб борган жойимда нотинчликлар бошланди, қайтишга мажбур бўлдим. Мана, яна шу “қадрдон” жойимдаман. Бошқа иложим ҳам йўқ.

У четга ишлаш учун қонуний асосда, ташқи меҳнат миграцияси кўмаги билан кетиш ва қўшимчасига давлатдан ижтимоий ҳимоя олиш мумкинлиги ҳақида билмас экан. У ерда нима иш қилмоқчи эдингиз, деб сўрасак, яна шу, мардикорлик, дейди. Қачон ўзимизнинг қадримизни биламиз?

— 20 йилдан бери шу “мардикор бозори”даман, - дейди яна бир суҳбатдошимиз. – Отам шу ишни қилган, мен ҳам қиляпман. Бу ерга келиб, ярим кунда 200 минг сўм пул топган одамнинг хаёли бузилади, ўзини бошқалардан яхшироқ даромад қиляпман, бойман деб ўйлайди. Лекин устида ўша ғижим кўйлак, ранги учган шим. Бу ҳам мавсумий иш. Йилнинг совуқ кунлари, ёғингарчиликларда йиғганимизни еб ётамиз. Ўйлаб қарасам, биз аслида кўп даромад қилмас эканмиз.

Муносабатни ўзгартириш вақти келди

2024 йил ҳолатига вилоятимизда жами аҳоли сони 4 миллион 138,6 минг нафар бўлиб, меҳнат ресурслари 2 миллион 174,4 минг нафарни ташкил этмоқда. Шундан иш билан банд бўлганлар 1 миллион 631,6 минг нафар. Яна 307,1 минг нафар фуқаро хорижда. Расмий маълумотга кўра, Самарқандда ишсизлар сони 141,2 минг нафар ёки ишсизлик даражаси 8,7 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 9,3 фоиз бўлган. Бир қарашда ишсизлик камайган, аммо бу рақамлар ичида ўзини ўзи банд қилган, расман ишли бўлса-да, мардикорликка чиқаётганлар ҳам бор. Ҳисоботдаги 8,7 фоизнинг ўзи ҳам кичик рақам эмас. Уларни тартибли шаклда ишга жойлаштириш чораси кўрилмас экан, ёлланма ишчилар сони ортиб бораверади.

Тўғри, кунлик ишчилар муаммоси буткул эътиборсиз қолдирилгани йўқ. Расмийлар уларни муносиб меҳнат шароити билан таъминлаш, бу иш бермаса, “Мардикор бозор”ларининг ўзини тартибга солиш чораларини кўряпти. Кунлик ишчилар марказларини ташкил этишдан мақсад шу. Ғоясига кўра, улар кунлик ишга чиқувчи ва иш берувчилар мулоқоти майдонига айланиши керак эди. Амалда ҳам шундай бўляптими?

Биз мақола бошида тилга олинган марказга борганимизда кунлик ишга чиққанлар серқатнов кўчада иш берувчиларнинг машиналарини ўраб олиб, бошқа автомашиналар ўтишига халақит бераётганини кўрдик. Соат 9:30, яъни бу вақтда кунлик ишчиларнинг асосий қисми ишга олиб кетилган бўлади. Лекин шу вазиятда ҳам кўчада 300 нафарга яқин фуқаро бор эди. Марказ ҳовлиси эса бўм-бўш. Ҳеч ким яратилган қулайликдан фойдаланмаяпти. Фақат кутиш залидаги ўриндиқларда бир нечта тунги ишдан қайтган фуқаролар ухлаб ётганини кўрдик. Узоқ масофадан келиб ишловчилар учун қурилган 88 ўринли ётоқхона ҳали ҳам ишлатилмаган.

Шароит қилинибди-ю, муносабат ўзгармади, деган хаёл келади ақлга. Расмийларнинг таъкидлашича бўйича ётоқхона унга қаровчи ходим штати йўқлиги учун очилмаган. Икки йилда-я? Марказда кунлик ишга чиққанлар билан манзилли ишланишига ҳам шубҳамиз бор. Сабаби, рақамлар бир-бирига тўғри келмайди. Базилар 600 нафар ишчи чиқади, деса, бошқалар 2 минг нафардан ортиқ деяпти. Борганимизда у ерда бирорта масъулни топа олмаганимиз бунга бир мисол.

— Биз ҳам тартиб бўлишини истаймиз, - дейди фуқаролардан бири. – Ҳар куни эрталаб профилактика инспектори келиб, одамларни ичкарига киргизади. Иш берувчиларнинг машиналарини дарвозадан ичкарига йўналтириб туради. Шу вақтда бироз тартиб ўрнатилади. Аммо улар кетгач, яна ҳамма кўчага чиқиб оляпти. Биз ичкарида қараб ўтирсак, ишсиз, пулсиз қолиб кетамиз.

Марказдалигимизда Боғи Феруза маҳалласи профилактика инспектори Толмас Зиёдуллаев ҳам келиб қолди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у кўчанинг бир томонидаги фуқароларни ичкарига киритгунича одамлар нариги томонига ўтиб оляпти. Ҳеч ким тартиб, қонун-қоида ҳақида эшитгиси келмайди.

—  Иш куним шу ерда бошланади, - дейди инспектор. – Аммо куни билан марказни қўриқлаб ўтира олмайман, аризаларим, мурожаатчиларим бор. Фуқаролар билан ишлашим керак. Кетишим билан одамлар яна кўчага чиқиб олади. Ўтган вақтда кунлик ишчилар иштирокида иккита йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳолат маҳалламдаги криминоген вазиятга ҳам салбий таъсир қиляпти.

Масъуллар билан суҳбатимиз давомида улар вилоятнинг бошқа кунлик ишчилар тўпланадиган жойларида ҳам марказнинг филиалларини ташкил этиш режалаштирилганини айтишган эди. Назаримизда, филиал очишдан аввал шу ернинг ўзида тартиб ўрнатиш керак. Бунинг учун кўп эмас, икки нафар миллий гвардия ходими марказ дарвозасининг олдига қўйилса кифоя. Қолаверса, икки йилдан бери ишчиси йўқлиги учун очилмаётган ётоқхонага жамоатчилик асосида ишчи ёллаш мумкин. Масалага муносабатни тўғри қилсак, ечимлар кўпаяверади.

Кунлик ишчилар маркази бошлиғи Жамшид Сулаймоновнинг айтишича, шу кунларда кунлик ишчиларни иш берувчи билан боғлашга хизмат қилувчи мобил илова устида иш олиб борилмоқда. Агар шундай бўлса, мардикорлар уйидан чиқмай туриб иш берувчи билан боғланиши, иш шартлари ва тўловини олдиндан келишиб олиши мумкин бўлади. Табиийки, бу “мардикор бозор”ларига талабни камайтиради.

***

P/s: Мақолани ёзиш давомида танишимдан эшитган бир воқеани эсладим. Алқисса, унинг жияни шаҳарда туриб, график дизайнерлиги курсларида ўқиган. Устози орада унга уйига бориб ўрганганларини мустаҳкамлаши ва янги лойиҳалар ўйлаб топиш учун таътил берган. Жиянимда шу соҳага иқтидор бор, катта ютуқларга эришишига ишонаман, дейди танишим. Аммо у қишлоғига қайтиб борганида отасининг тазйиқи билан далага чиқиб, кетмон чопган. Айрим катталарнинг тасаввурида компьютерда ишлаш ўйин ўйнаш билан тенг. У ўқишга қайтиб келганида билганлари ҳам эсидан чиқиб кетган эди, дея куйинганди ўшанда тоғаси.

Оддий вазиятда бунга сиз ҳам катта аҳамият бермайсиз, аммо мулоҳаза юритиб кўрсак, ёшларни ўзимиз мардикорликка тайёрлаётган бўлиб чиқамиз. Манзарани тасаввур қилдингизми? Тан олиш керак, биз ҳали ҳам ёшларни қандайдир юмуш билан банд қилиб қўйишни тарбия ёки меҳнатга ўргатиш деб атаймиз. Бу ҳаракат якунда қандай натижа бериши, фойда ва зарарлари ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бизда аввал иш, кейин ўқиш ва бошқалар.

Тўғри, жисмоний меҳнат орқали тезроқ даромад қилиш мумкин, аммо бу инсоннинг тафаккури учун хавфли хўрак. Ишонмасангиз, тажриба ўтказиб кўринг: меҳнат таътилингизда ақлий меҳнатни йиғиштириб, фақат пул келтирадиган юмушларни қилинг. Маълум вақтдан кейин одатий ишингизга қайтгингиз келмай қолади. Жисмоний меҳнат кишида ўз ҳаракатларидан қониқиш ҳиссини уйғотиб, янгиликка интилиш, ўз устида ишлаш хоҳишини иккинчи, балки энг охирги ўринга тушириб қўяди.

Яхши яшашни хоҳласак, бу “тегирмон”дан чиқиб кетишимиз, меҳнат бозорида фақат билакдаги кучимизни эмас, интеллектимизни сотишга ўрганишимиз лозим. Керак бўлса, мардикорлик қилиш учун юртимизга бошқа давлатлардан одамлар келсин. Ҳар доимгидек, охирги хулоса ўзингиздан.

Асқар Баротов.