"Мардикор бозори": Шароит ишчилар учун эмасми? Замонавий залга қулф осилган, ишчилар ташқарида

Самарқанд шаҳар Садриддин Айний кўчасидаги “мардикор бозори” қатор йиллардан буён йўлнинг ёқасида жойлашган бўлиб, у ерда транспорт қатнови ҳам қийин эди. Сабаби, кунлик ишга чиққанлар иш берувчиларнинг машинасини ўраб олиб, бошқа автомашиналар ўтишига халақит берарди.

Бундан ташқари, қишнинг совуғи, ёзнинг жазирама иссиғида кўчада туриш кишилар саломатлигига жиддий путур етказарди.

Яқинда ўша кўчада Самарқанд шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузуридаги “Кунлик ишчилар маркази” очилди. Марказда кунлик иш излаб чиққан фуқаролар учун катта, шинам кутиш зали қурилди. Кутиш залида ёлланма ишчилар иш берувчини кутиб туриши мумкин. Аммо биз борганимизда негадир ушбу зал ёпиқ экан. Марказ дарвозасида икки нафар ИИБ ходими иш берувчиларнинг автомашинасини ичкари ҳовлига йўналтириб, назоратни сақлаб турибди. Иш берувчилар автомашинасида марказ ҳовлисига кириб, ишчиларни ёллаб олиб кетмоқда. Дарвозадан киришда етмишга яқин фуқаро машинамизни ўраб олди. “Нега кутиш залида ҳеч ким йўқ?”, деган саволимизга “Бу бино доим ёпиқ, бизни киритмайди”, дейишди.

Нега кутиш залидан фойдаланилмаяпти?

Биз кутиш зали эшигини тортиб кўриб, ҳақиқатда эшик ёпиқлигини тасвирга ола бошладик. Бир зумда атрофимизни одамлар ўраб олди. Дастлаб марказ қоровули пайдо бўлиб, “Бу хона қишда очилади, одамлар совқотмаслиги учун қилинган”, деди. “Қирқ даража иссиқда одамлар ташқарида турадими?”, деган саволимдан кейин марказ мутахассиси Улуғбек Абдахазов пайдо бўлди. Шундан сўнг ишчилар учун қурилган бино эшиклари очилди.

- 2022 йил 14 апрель куни ушбу марказ ишга тушди, - деди У.Абдахазов. – Кунлик ишчилар учун замонавий кутиш зали, 100 ўринли ётоқхона қурилди. Ётоқхонамиз ҳозирча ишга тушгани йўқ, мебель келтирилиши керак. Ётоқхона ичида ошхона ҳам бор, бу ерда истиқомат қилувчилар учун овқат тайёрланади. Ётоқхона, асосан, узоқ туман ва вилоятлардан келганларга бепул берилади. “Кунлик ишчилар маркази”да ҳар куни 180-250 нафарга яқин фуқароларни рўйхатга оламиз. Бу ерда Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан ҳам келиб ишловчилар бор. Фуқароларга кунлик, мавсумий ишлардан ташқари, доимий ишлар ҳам топиб берамиз. Мана бу доскада вилоятимизнинг барча туманларидаги мавжуд доимий иш ўринлари ёзилган. Марказ очилгандан буён 120 нафар фуқарони доимий иш ўрни билан таъминладик. Кутиш залимиз ҳар куни фуқаролар учун очиқ, ёпилмайди.

- Тўғрисини айтсам, бу бинони очиб қўйишса, одамлар қадрига етмаяпти, - деди фуқаролардан бири. – Тоза-озода жойда кимдир сигарет чекса, кимдир нос туфлаяпти. Бечора фаррош аёл плитадан носни зўрға тозалаяпти. Одамларнинг ўзлари тартибсиз, шундай шароитнинг қадрига етмаяпти. Ҳожатхонага ҳам қараб бўлмайди, одамлар ичига ҳар нарсани ташлаб чиқяпти.

Кутиш зали шиша деворли бўлиб, ҳали эрталаб бўлишига қарамасдан, бино ортидаги ўриндиқларда 3-4 киши ухлаяпти. Қоровулнинг айтишича, ухлаётганларнинг ҳаммаси ҳам тартибли, интизомли кишилар эмас. Баъзилари кунлик ишлаб келиб, топган пулига спиртли ичимлик ичиб, ётиб оларкан.

Дастлаб камерани кўриб, ҳар томонга қочиб кетаётган одамлар "Юзингизни кўрсатмаймиз", деганимиздан сўнг интервью беришга рози бўлишди.

 “Паст Дарғомда доимий иш ўрни йўқ”

- Ўн йилдан буён мардикор бозорига келаман, шу ердан иш топиб, оиламни боқаман, - деди Исроил Аннаев. – Уч нафар фарзандим бор. Ўзим Паст Дарғом туманида яшайман, ҳар куни тумандан 25 минг сўмга қатнаб ишлайман. Кунига 200-300 минг сўмгача топаман, баъзи кунлари умуман иш топилмайди, уйга қуруқ қўл билан қайтаман. Доимий иш ўрни бўлмагани сабаб ҳар куни шаҳарга қатнаб ишлашга мажбурман. Биз аввал кўчада туриб, иш излардик. Энди кўриб турганингиздек биз учун марказ ишга тушди, аммо очилганидан буён кутиш залидан фойдаланганимиз йўқ. Ҳамиша ёпиб қўйилади.

 “Мардикорларга ҳам кредитга уй берилса...”

- Нарпай туманиданман, қишлоқда ҳам уйим йўқ. Шунинг учун Самарқанд шаҳрида оилам билан ижарада яшайман, - деди Қувондиқ Ҳақназаров. – Уч нафар фарзандим, турмуш ўртоғимни кунлик иш топиб боқаман. Ижарага 1 миллион 500 минг сўм тўлайман. Асосан юк ташиш, тушириш сингари ишларга бораман. Кунига 200-300 минг сўм топаман. Ҳаётимдан нолимайман, аммо биз сингари мардикорларга кредитга уй берилмайди. Бир неча бор бу ҳақда ҳокимиятга мурожаат қилдим, аммо натижаси бўлмади. Агар давлат биз каби ишсиз фуқароларга ҳам кредитга уй берса, ижарага берадиган пулимни ҳар ой кредитга тўлардим.

- Мен асли каттақўрғонликман, Ургутда оилам билан ижарада яшайман, - деди фуқаролардан бири. – Менинг ҳам қишлоқда уйим йўқ. Ҳар куни мардикор бозорга иш ахтариб келаман. Ҳақиқатан ҳам давлат ташкилотида ишламайдиган биз сингари фуқароларга кредитга уй берилса, ижарага тўлайдиган пулни кредитга берардик ва уйли бўлиб қолардик. Аммо бизнинг муаммомизни ҳеч ким эшитмаяпти.

Кунлик ишчилар маош оладиганлардан кўп пул топади

Мардикор бозоридагиларнинг айтишича, астойдил меҳнат қилган киши кунлик ишлаб ҳам маошга ишлайдиганлардан кўп пул топади. Агар ишчи бир кунда ўртача 200 минг сўмдан ишлаб топса, бир ойда 6 миллион сўм бўлади. Шунингдек, топган пулига спиртли ичимлик сотиб оладиганлар нонини ҳам қийналиб топиши, яъни баракаси йўқлигини ҳам яширишмади. “Асосан, бу ерда етмиш фоиз одам уйим-жойим деб юрганлардан, улар ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратяпти”, деди фуқаролардан бири.

Хуллас, ҳаракат қилган одам мардикор бозорга чиқиб ҳам оила тебратиши мумкин. Бу борада “Кунлик ишчилар маркази” ишсиз фуқароларга хизмат қилиши, унда яратилган шарт-шароитлар фақат “юқори”дан келганларга кўрсатиш учун ёпиб қўйилмаслиги керак. Тўғри, тартибсиз фуқаролар бўлиши табиий, фақат уларга марказ мутахассислари тартиб-интизомни ўргатиши лозим.

- Бундай марказ ҳали республикамизнинг ҳеч қаерида йўқ, - деди марказ мутахассиси. – “Кунлик ишчилар маркази” очилгунча бунинг ортида қанча раҳбарлар ишсиз фуқароларга шарт-шароит яратишга ҳаракат қилди, меҳнат қилди. Фуқаролар ҳам марказда яратилган шарт-шароитларни қадрлаши керак.

Яна бир гап. Биз марказни излаб келаётганимизда мардикор бозорининг эски ўрнида 15-20 нафар атрофида кунлик ишлаш учун чиққанларни ҳам кўрдик. Назаримизда улар марказга киришни истамасдан, шундоқ кўчада туриб, аввалгидек иш изламоқда. Фуқаролар хавфсизлиги ва саломатлигини ўйлаб қилинган марказ уларга ёқмаган ёки тезроқ иш топиш ниятида. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳамма белгиланган тартиб-қоидага амал қилиши керак. Зеро, ризқ Аллоҳдан, унга шошилиб эришиб бўлмайди.

 Хуршида Эрназарова.