Мардлар ҳаёти – ибрат мактаби
Комсомол қўмитасида ишлади. Қўмита йўлланмаси билан Тожикистоннинг Кўлоб туманидаги мактаблардан бирига ўқитувчи бўлиб ишга борди. У ерда Ленинграддан келиб, рус тилидан дарс бераётган Мария Смирнова билан танишиб, оила қурди. Аҳмаджоннинг зукко йигитлигини кўрган туман ҳарбий комиссариати уни Тамбов ҳарбий билим юртига ўқишга юборди.
1941 йилда ўқишни тугатиб, уйига қайтаётган вақтда уруш бошланди. Аҳмаджон фронтга жўнади. Бўлим, рота ва батальон командири бўлди. Душманни қувиб, Польшагача борди. Уларнинг бир нечта ҳарбий техникаси, 200 дан ортиқ аскарларини асир олишди. Кўрсатган жасорати учун Аҳмаджон Қурбонов Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан мукофотланди. Унинг батальони Нарва дарёсини кечиб ўтаётган пайтда душман ҳужумига учради. 1945 йилнинг 6 февралида Аҳмаджон қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Уруш йилларида Аҳмаджон Қурбонов сингари минглаб ватандошларимиз фронтда қаҳрамонлик кўрсатдилар. Уларнинг кўпчилигига она юртига қайтиш насиб қилмади. Мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талафотлар ҳисобига инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишда ҳисса қўшдилар.
Мен Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ана шу жасур йигит Аҳмаджон Қурбоновнинг жияниман. Ёшларга у кишининг жасорати, тинчлик учун курашдаги хизматлари, ўша йилларда машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган, қайғу-алам гирдобида жон берган кишиларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоялар сўзлаб бераман. Сабр-бардошли, метин иродали ота-боболарининг ҳаётини ёшларга намуна қилиб кўрсатаман. Урушдан омон қайтиб, бугунги кунларга етган нуронийларни зиёрат қилишга ундайман.