Марказий банк вилоят бошқармаси нимани яширяпти?

Шу йилнинг 27 сентябрь куни Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси масъул ходими билан боғланиб, вилоятимизда аҳолига ипотека кредити ажратиш масаласи ҳамда Президентимизнинг 22 сентябрдаги “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори моҳияти юзасидан мутахассис билан суҳбат тарзида мақола тайёрлаш ниятида эканлигимизни маълум қилдик.

Келишилган куни, яъни 29 сентябрда бошқарма биносига бордик. Бироқ биз билан суҳбат қилиб, саволларимизга жавоб бериши лозим бўлган банк мутахассиси саволнома билан танишгач, жонли интервью беришдан бош тортди. Ноилож, унга жавоб ёзиш шарти билан саволноманинг электрон шаклини қолдирдик. Лекин, мана, орадан шунча вақт ўтса ҳамки, масъуллардан хабар йўқ.

Аслида, бу мазкур идорадан маълумот олиш жараёнидаги биринчи муаммо эмас. Бундан олдинроқ ҳам мухбирларимиздан бири банкдан вилоятдаги нақд пул айланмаси масаласида ахборот сўраб, анча овора бўлган эди.

Савол туғилади, масъуллар нега ахборот беришни истамаяпти? Қонунчилигимизда бу турдаги идоралар фаолияти очиқлигининг асосий принциплари аниқ ва равшан қилиб белгилаб қўйилган-ку. Муаммо нимада? Ёки Самарқандда ипотека кредити масаласи ёпиқ мавзуми?