Масал: Душман қидирган - душман топар, дўст қидирган – дўст...

Қадим замонларда бир шоҳ саройида шифти, деворлари, эшиги ва ҳаттоки, оёқ таги ойнадан қилинган зал бор экан.

Ойиналар шунчалик равшан, буюмларни шу қадар аниқ акс эттирар эдики, ҳатто келган меҳмон унинг олдида кўзгу борлигини ҳам сезмасди. Бундан ташқари, ушбу залнинг деворлари акс-садони ажабланарли тарзда кучайтиришга мўлжалланганди.

Бир куни хонага бир ит югуриб кириб, залнинг ўртасида “ҳайрат”да қотди. Уни ҳар томондан, юқори ва пастдан бир тўда итлар “ўраб олганди”. У ҳар эҳтимолга қарши тишларини иржайтирди ва кўзгудаги барча акслар унга бир хил жавоб беришди. Қаттиқ қўрққан ит ҳура бошлади, акс-садо унинг ҳуришини такрорлади ва унинг овози тобора кучайиб борди. Ит ҳавони тишлаб олдинга ва орқага югурар, унинг акслари ҳам тишларини қимирлатиб атрофида овора бўларди.

Эрталаб хизматкорлар бадбахт кучукни “мингта ўлган ит” орасидан олиб чиқиб кетишди. Хонада унга зарар етказадиган ҳеч ким йўқ эди. Ит ўз қарашлари билан курашда ҳалок бўлди.

Дунё бизга яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам олиб келмайди. Атрофимизда содир бўлаётган барча ҳодисалар фақатгина ўзимизнинг фикримиз, ҳис-туйғуларимиз, истак ва ҳаракатларимизнинг аксидир. Дунё – бу  катта бир кўзгу.

Ушбу масал атрофимиздаги оламни акс эттириши ҳақида гапиради. Яъни, ўзимиз дунёни акс эттирувчи кўзгумиз. Ҳар биримиз бир олам ва биз бу дунёни ташқарига олиб чиқамиз. Агар бирор киши душман қидирса, у албатта, уни топади. Дўст қидираётган ҳар бир киши албатта, унга эришади. Қўрқув ва ғазабни, қувонч ва рўшноликни дунёга юборсангиз, ўзингиз ҳам шунга яраша жавоб оласиз.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.