Масофадан таҳсил олиш олий таълимга хосдир, аммо мактабга эмас..

Пандемия бошқа соҳаларда бўлгани каби таълимда ҳам турли муаммоларни келтириб чиқарди. “Зарафшон” газетасининг 25 июнь 69-сонида берилган “Масофавий таълим: сабоқ, хулоса, режа” мақоласини ўқиб, айрим фикрлар пайдо бўлди.

Мақолада асосан олий таълим раҳбар ва мутахассислари масофавий таълимнинг ижобий ҳамда салбий томонлари ҳақида гапирган. Албатта, бу фикрлар ўринли, дунё тажрибаси ҳам буни исботлаб турибди. Қолаверса, республикамизда ҳам яқин йиллар ичида масофавий таълимни йўлга қўйиш бўйича зарур ишлар олиб борилаётган эди. Аммо ўрта таълимда бу жараён анчайин фарқли, деб ўйлайман.

Карантин даврида онлайн дарслар йўлга қўйилди. Бироқ ўқитувчилар учун айрим муаммолар пайдо бўлди. Масалан, онлайн дарсларда ўқувчиларнинг қамрови тўлиқ бўлди, дея олмайман. Чунки барча оилаларнинг ҳам бажарилган дарсларни телеграмдан вақтида етказиб туришнинг имкони йўқ. Айниқса, уч ёки тўрт нафар ўқувчи фарзанди бор ота-оналар ҳаммасига бирдек вақт ажратишда қийинчиликларга дуч келди. Шу каби ҳолатлар инобатга олинган ҳолда якуний баҳоларни чиқаришда ўқувчиларнинг онлайн дарслардаги иштироки нисбатан юқори баҳоланди. Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она учун ҳам бу жараён янгилик бўлиб, улар ўртасида эътирозлар кузатилди.

Олий таълимда талабалар мустақил фикрга эга, ўзи учун нима кераклигини яхши англайдиган ёшда бўлади. Шунинг учун ҳам улар мустақил таълим олиш, мустақил ишлаш ҳамда турли ижтимоий сайтлар орқали билимларини бойитиш имкониятига эга. Мактаб ёшидаги бола эса ҳали ўз фикрига эга бўлмаган, кимнингдир, ота-она, ўқитувчи, хуллас, катталар кўмагига муҳтож. Тажрибамдан айтишим мумкинки, синфхонада ўтилган дарс таъсирли ва самарали бўлади. Шу ўринда, яна бир нарсани таъкидлаш лозим, мактаб нафақат таълим, балки тарбия ўчоғи ҳамдир. Масофавий таълимда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги руҳий боғлиқлик йўқолади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчилари устозига тақлид қиладиган, унинг хатти-ҳаракатларидан ўрнак оладиган ёшда бўлади.

Билишимча, дунё тажрибасида ҳам масофавий таълим олий таълимга хос жиҳат, мактаб ўқувчисига эса ўқитувчининг бевосита эътибори ва кўмаги зарур.

Лола ИСМАТУЛЛАЕВА,
Самарқанд шаҳар 80-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.