Масофавий таълим тизимига қанча талаба қамраб олинди?

Юртимизни ҳам четлаб ўтмаган пандемия, Covid-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча олий таълим муассасалари масофавий таълим тизимига ўтганидан хабарингиз бор. Масофавий таълим платформасини тўлақонли шакллантириш ва унда талабаларнинг доимий иштирокини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали жамоаси назоратни қўлга олди. Бошида Moodle дан фойдаланиб, дарсларда иштирок этган талабалар 83,41 фоизни ташкил этди.

Талабаларнинг Moodle тизимига ташрифини ошириш, дарсларда мунтазам иштирокини таъминлаш мақсадида филиал профессор-ўқитувчилари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бу кўрсаткич 91,93 фоизга етди.

Узоқ туман ва вилоятларда, чекка қишлоқлардаги интернет алоқаси билан боғлиқ муаммолар сабаб айрим талабалар дарсларда мунтазам иштирок эта олмаётганини эътиборга олиб, ўқув материаллари видео, аудио ва ПДФ шаклида масофавий таълим платформасига бир кун олдин жойлаштирилмоқда.

Жумладан, филиалда ўқитиладиган барча фанлардан ўқув қўлланмалари, китобларнинг ўқув йили бошланиши билан 100 фоиз электрон варианти тайёрланганлиги қўшимча ноқулайликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Бугун эса масофадан ўтилаётган дарсларда 92.38 фоиз талаба мунтазам иштирок этмоқда.

Сарвиноз ТУРСУНОВА.