Масофавий таълим: Онлайн дарсда ўзлаштириш сезиларли пасайди
Азизбек НАСИМОВ,
вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи:
- Пандемия даврида коллеж ўқувчилари учун дарсларни бир пайтнинг ўзида эшитиш, кўриш, сўнг амалда бажариб, ўзаро мунозарага киришишини таъминловчи механизмларни жорий этиш, уларни замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишга кенг жалб қилиш мақсадида масофавий таълим йўлга қўйилди.
Масофавий таълимда коллежларда фаолият олиб бораётган 3200 нафардан ортиқ ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари жалб қилинди. Ҳар бир курс (фан)нинг мазмуни тўлдирилиб, улар бўйича маъруза, амалий машғулот ва семинарлар, шунингдек, мустақил таълим бўйича топшириқлар масофадан бериб борилди.
Ўқувчилар учун фанлар бўйича электрон адабиётларнинг комплекси шакллантирилиб, улардан чекловларсиз фойдаланиш учун имконият яратилди. Ўқувчилар барча мавзуларни ўзига қулай бўлган вақт ва жойда, масофадан туриб ўқиш имконияти яратилди. Шунингдек, касб ўрганиш бўйича ижтимоий тармоқларда мавжуд видеолавҳаларнинг манзиллари ўқувчиларга етказилди.
Шу билан бирга масофавий таълимнинг ўзига хос камчилик ва муаммолари ҳам кўзга ташланди. Жумладан, масофавий таълим интернет орқали ташкил этилганлиги сабабли ўқитувчи ва ўқувчиларда интернетда ишлаш қимматга тушди. Айрим ҳудудларда интернет сифатининг пастлиги талабаларнинг масофадан таълим олишини таъминлай олмади. Бу ўз навбатида таълим сифатини пасайтирди.
***
Иззат ЖЎРАЕВ,
СамДТИ академик лицейи математика фани ўқитувчиси:
- Масофавий таълимнинг фойдаси кам экан. Негаки, ўқувчи бир ўқитувчидан бошқа ўқитувчининг дарс бериш усулига мослашгунча бир-икки ой вақт ўтади. Онлайн дарсларни битта фандан ҳар куни ҳар хил ўқитувчи ўтди. Мен ҳам ўқувчиларга видео дарслар ўтдим. Ўқувчилар аввал мавзуни 70-80 фоиз ўзлаштирган бўлса, онлайн дарсда 20-30 фоиз ўзлаштиришди.