Маст ҳолатда иккинчи марта қўлга тушган ҳайдовчи 15 суткага қамалди
Ургут шаҳрида истиқомат қилувчи Ж.Х. автомашинасини маст ҳолда бошқарганлиги учун 15 суткага қамалди.
Маълум бўлишича, Ж.Х. илгари ҳам 2020 йил 8 январь куни “Дамас” русумли автомашинасини маст ҳолда бошқарганлиги учун Ургут тумани маъмурий судининг қарори билан 1 йилу 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида жарим жазоси қўлланилган.
Суд томонидан қўлланилган ушбу жазодан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган ҳайдовчи Ж.Х. жорий йилнинг 15 февраль куни спиртли ичимлик истеъмол қилган ва шу куни соат 15:30 ларда “Дамас” русумли автомашинасини кўчага бошқариб чиққан. Самарқанд тумани ҳудудида вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилганида, унинг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқараётганлиги аниқланган.
Кеча, 22 апрель куни суд жараёнида (карантин сабаб иш энди кўрилган) ҳуқуқбузар Ж.Х. ўз айбига иқрорлик билдириб, зарурат учун автомашинасини маст ҳолатда бошқариб кўчага “отланганлиги”ни тан олди.
Ургут тумани маъмурий суди раиси Акмал Алимовнинг маълум қилишича, Ж.Х. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.