Матонатли опа-сингиллар

Ота-онасидан жуда эрта айрилган тўрт опа-сингил ва бир ўғил. Уларнинг оилавий ҳаёти билан қизиқдим. Иккитаси тиббиёт институтида таҳсил оларкан. Ҳаммаси ўз билими билан, тиришиб ўқишга кирган.

– Фақат биргина Гўзал опам ҳаммамиз учун ўз келажагидан воз кечди, – дейди Фарангиз. – Қўни-қўшниларнинг фарзандларига қаради, пишириқ пиширди, меҳнат қилиб, оиланинг моддий томонини кўтарди. Керак пайтда, ҳатто қариндошлар ҳам кўмак беролмас экан. Уй-жойсиз қолиш, яшаш учун кураш кишини тобларкан, ҳаёт синовлари анча эрта улғайтираркан. Аммо биз, бу синовларни опаларимнинг, айниқса, Гўзал опамнинг меҳнаткашлиги, билимимиз билан енгиб чиқдик, десам адашмаган бўламан.

Маҳорат мактаби тингловчиларига сертификатлар топширилди ва улар яна ўз йўллари сари қадам ташлашди. Фарангиз эса доим таҳририят билан боғланиб турди. Хурсандчилик кунларида ҳам, синовли дамларда ҳам. Турли мавзуларда мақолалар ёзди.

Бир сафар Фарангиз билан Гўзал хонамга кириб келишди.

– Бизга омад кулиб боқди, опажон, – дейди кўзлари қувончдан порлаб Фарангиз. – Кам таъминланган, чин етимлар учун бериладиган уй-жойлардан бирига эга бўлдик!

Самарқанд шаҳридаги аллақайси тугатилиб кетган корхонанинг ётоқхонаси таъмирланиб, шундай уй-жойлар муҳтож оилаларга берилибди.

– Университетда котиба бўлиб ишлаяпман, – деди бир куни Фарангиз. – Инглиз тилидан болаларга репетиторлик ҳам қиляпман. Бу йил ҳам ўқишга кира олмадим…

Фарангиз ўтган йили учинчи марта имтиҳондан ўта олмади. Лекин шундай бўлса-да, уни кузатарканман, тушкун ҳолатда қолиб кетганини сезмадим. Аксинча, ҳаракатларида кўпроқ шиддат, ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлибди. Шунинг учун орадан кўп ўтмай, яна яхши хабар билан  келди:

– Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгашига ишга кирдим, табрикланг!

Бу вақт давомида у турли лойиҳаларда қатнашди, илғор ғояларини амалиётга татбиқ этди, ўз устида ишлади. Оммавий ахборот воситаларида тадбир ташкилотчиси сифатида чиқиш қила бошлади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Фарангиз Худоёрова ҳақидаги хабарни ўқиб, кўзимга ёш келди. У Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги "Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида"ги қарорига асосан жорий йилда олий таълим муассасасига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида қабул қилинадиган бўлибди. Республика миқёсида босқичма-босқич, фаолияти ўрганиб борилган 14 нафар ёшлар шундай имкониятга эга бўлибди.

Эҳтимол, ушбу муваффақият тўла-тўкис оилаларда улғаяётган йигит-қизлар учун оддий ҳолдир. Аммо Фарангиз ва унинг опаларининг ҳар бир ютуғини матонатга менгзагим келади. Матонатки, бошида суянчиқлари бўлмаса-да, ҳаёт синовлари олдида довдираб қолмаган. Фақат меҳнат ва билим олиш билан кунларни тунларга улаган, яшаш биргина кун кечириш эмас, мақсадларни рўёбга чиқариш эканлигини англаган ҳолда узоқни кўзлаган нурли манзиллар сари ташланган қадамлардир.

Гулруҳ МЎМИНОВА.