Маврикия коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилди

Маврикияда сўнгги 17 кунда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақда The Jakarta Post нашри хабар берди.

“Биз жамоатчилик билан ҳамкорликда жангда ғолиб келдик”, деди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Кайлеш Ягутпала.

Мамлакатда қатъий карантин жорий этилган ва барча чегаралар, супермаркетлар ёпилган эди. Эришилган ютуққа қарамасдан, мамлакат ҳукумати мактаб, чўмилиш масканлари, театр каби жамоат жойларини қайта ишга туширишга шошилмаяпти.

Маврикияда жами 332 нафар касалланиш ҳолати қайд этилди, улардан ўн нафари вафот этди, қолган барча беморлар соғайган.