МДҲ давлатлари касаба ташкилоти ходимлари Самарқанднинг туризм салоҳияти билан танишди

Самарқанд шаҳрида Халқаро транспорт (МОП) касаба уюшмаларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Татаристон Автоном Республикаси транспорт ва йўл хўжаликлари касаба уюшмаларининг раҳбарлари ҳамда республика соҳа касаба уюшмаларининг вилоят кенгашлари етакчилари иштирок этди.

Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Абдулла Нугманов меҳнат муносабатларини такомиллаштиришдаги халқаро андоза ва ўзаро ҳамкорлик алоқалар самарасига эътибор қаратди. Транспорт ва йўл хўжалиги ходимлари халқаро касаба уюшмаси раҳбари Александр Шуриков ҳамкорлик ривожига ҳисса қўшган бир гуруҳ тармоқ касаба уюшмалари ходимларини МОП томонидан таъсис этилган нишон билан тақдирлади.

Умумроссия автомобиль транспорти ва йўл хўжалиги ходимлари касаба уюшмаси раҳбари В.Ломакин бир гуруҳ МДҲ давлатлари фаолларига Л.Якевлев номидаги Россия касаба уюшмаларининг кўкрак нишонини топширди.

Тадбир доирасида Халқаро транспорт касаба уюшмаларининг истиқболда амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, иштирокчилар Самарқанднинг туризм салоҳияти, мавжуд тарихий обидалар, янги туризм маркази, боқий шаҳар ҳамда Самарқанд шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу борада келгусида ўзаро туризм бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда касаба уюшмалари тизимидаги корхона ташкилотлардаги ишчи-ходимлар учун саёҳатлар уюштиришга келишиб олинди.