Мебелчилик нега ривожланмаяпти?

Соҳа Самарқанд учун бегона эмас. Минг йиллар нарисида ҳам ҳунармандларимиз тайёрлаган маҳсулотлар турли давлатларда машҳур бўлган. Шу боис кейинги йилларда мебелчиликни замонга мос ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борадаги ишлар самараси ўлароқ, ўтган йилнинг 1 ноябрь ҳолатига вилоятда 608 та мебель корхонаси рўйхатдан ўтган. Фақат шунинг ўзи билан кифоялансак, ҳаммаси яхшидек гўё. Бироқ рўйхатдан ўтган корхоналарнинг 49 фоизи ёки 299 таси фаолият кўрсатмоқда. Қолган 51 фоизи фаолият кўрсатмаётгани жойлардаги ишларнинг аҳволини, аниқроғи соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижроси суст эканлигини кўрсатмайдими?!

 Сояда қолаётган соҳа

Таҳлилларга кўра, мебель корхоналарининг 75 таси 25 фоиз, 58 таси 50 фоиз, 63 таси 75 фоиз ва бор-йўғи 78 таси 100 фоиз қувватда ишлаяпти. Вилоят бўйича қувватлардан фойдаланиш даражаси ўртача 63 фоизни ташкил қилган. Демак, мебель ишлаб чиқариш имкониятининг ярмидан сал кўпроғидан фойдаланяпмиз.

Бундан ташқари, 353 та корхона ҳисоботларида ишчилар сони кўрсатилмаган. Қолганларида эса 1 тадан 3 тагача ишчи билан фаолият юритаётгани қайд этилган. Мазкур ҳолат соҳада яширин иқтисодиёт “гуллаб” ётганини кўрсатмайдими?

Муаммо ва камчилик таҳлилларда кўзга ташланиши рост. Шу маънода ўтган йил 9 ойи якуни билан 242 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилганидан хурсанд бўлолмаймиз. Чунки бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52 миллиард сўмга кўп бўлишига қарамасдан фаолият кўрсатаётган корхоналар сонига тақсимланганда ўртача 843 миллион сўмлик мебель маҳсулоти тўғри келмоқда, холос.

Шунингдек, ишчилар сони вилоят бўйича 149 тага ошган, аммо Самарқанд туманида 47 тага, Нарпайда 17 тага, Булунғурда 8 тага камайган.

Мутасаддилар масъулиятни унутдими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 майдаги “Мебель ва ёғочсозлик саноатининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Паст Дарғом тумани Хонқа тажрибаси асосида 2025-2026 йилларда мебелчилик жадал ривожлантириладиган туманлар рўйхатига киритилган.

Туманда 30 гектарлик ҳудудда мебелчилик маркази ташкил этиш вазифаси белгиланган. Бироқ туман ҳокимлиги бугунги кунга қадар мос келувчи бўш ер майдони бўйича таклифни тақдим этмаган.

Тумандаги Қорағуппа маҳалласида жойлашган "Nextformuz" масъулияти чекланган жамиятида 55 нафар ишчи кўзга ташланган. Бироқ солиқ базасида ишчилар сони 25 нафарни ташкил қилиб, қатъий солиқ тўлов режимида экан. Бу дегани ҳар ой 2,5 миллион сўм солиқ тўланади, аммо корхона очилиш маросимидан бери 2 ой ўтди. Камида 50 кундан бери ишламоқда.

Бир дона стул нархи 500 минг сўмлигини ва қуввати кунига 1500 талигини инобатга олсак, бу 50 кунда 37,5 миллиард сўм дегани. Корхона товар айланмаси 500 миллион сўмдан ошган тақдирда қатьий солиқ тўловчидан чиқарилиши керак. Аммо шунча катта корхона чиқарилмасдан келинмоқда. Масалан, ўша куннинг ўзида цехдаги тайёр маҳсулотлар ва шоурумдаги маҳсулотлар қиймати ҳам 500 миллион сўмдан ошиб кетади.

Имтиёздан қачон фойдаланилади?

Юқорида қайд қилинган қарор билан 15 августдан бошлаб мебель ва ёғочсозлик маҳсулотларининг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш бўйича «Ўзбекэкспертиза» АЖ томонидан тўлов ундирилмасдан экспертизадан ўтказиш, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат ёки эксперт хулосасини расмийлаштириш амалиёти жорий этилган.

Ушбу сертификатлар давлат харидлари порталларига киришга йўл очади. Шу вақтга қадар вилоятда 22 та корхонанинг 971 та маҳсулотига сертификат берилган. Аммо Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Нуробод, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ, Ургут туманларида битта ҳам корхона сертификат олмаган.

Бундан ташқари, ушбу қарор билан мебель ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилган, жумладан, мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божи 1 фоиз ставкада этиб белгиланган. Бироқ бу имкониятдан етарлича ва тўғри фойдаланилмаяпти.

Савдодаги кўзбўямачилик

Самарқанд шаҳридаги "Ишончли мебель жиҳозлари" масъулияти чекланган жамияти мебель жиҳозлари савдоси фаолияти билан шуғулланади. Жамият дўконига кирилганда биронта харидорга ҚР-кодли чек берилмаётганлиги аниқланган. Корхона раҳбари шу вақтга қадар 200 минг АҚШ долларилик (2,4 миллиард сўм) маҳсулот сотганини маълум қилган. Бироқ солиқ базасида 9 ойлик жами товар айланмаси 983 миллион сўм этиб кўрсатилган. Аслида ушбу корхона йилига қарийб 30 миллиард сўм савдо қилади.

Ушбу манзилдаги “Brickwood” шоурумида 3 мингдан ортиқ мебель маҳсулотлари намунаси мавжуд. Бу дўкондан усталар ёки харидорлар маҳсулотга буюртма беради, зарурий ўлчам ва сон аниқланиб, бироз юқорида жойлашган ишлаб чиқариш цехига - "Самарқанд мебель сервис" масъулияти чекланган жамиятига буюртма жўнатилади. У ердан ярим тайёр мебель ишлаб чиқарилади ва усталар томонидан харидорга етказиб бериб, йиғилади.

Ишлаб чиқариш фаолияти ўрганилганда шоурумда 3 нафар ва ишлаб чиқаришда 30 дан ортиқ ишчилар ишлаётганлиги, улар кунига 300 та ДСП листни қайта ишланаётганлигини маълум қилган. Битта ДСПдан кесилган ярим тайёр маҳсулот нархи 450 минг сўмни ташкил этади. Агар корхона бир ойда 25 кун ишласа, камида 3 миллиард 375 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлаб берилади. 9 ойда бу 30 миллиард 375 миллион сўмлик маҳсулот бўлади. Бироқ солиқ базасида ишчилар сони 15 тага кам кўрсатилган, 9 ойлик жами товар айланмаси эса 6,4 миллиард сўмни кўрсатган.

Корхонага ёндош ҳудудда яна бир мебель цехи рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги аниқланган. Табиий савол туғилади, нега ишлаб чиқариш ҳажми яширилаётганлигига ҳамма индамасдан қараб турган?

"SIYA MEBEL" мебель цехида ишчилар сони 7 нафар қилиб кўрсатилган, аммо 35 нафарга яқин ишчи ишлаётгани маълум бўлди. Корхона раҳбари улар мавсумий ишчи эканликларини билдирди. Аммо мавсумий ишчини рўйхатга олмаслик мумкинлигини ким ўргатган?

Вилоят ҳокими иштирокида ўтган муҳокамада мутасаддилардан шу каби саволлар сўралди. Қайд қилинган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифа ва муддатлар белгиланди.

Ёқубжон Марқаев.