Меҳнат муносабатларидаги ўзгаришлардан хабардормисиз?

Келгуси ҳафтадан 20 йилдан ортиқ вақт давомида амалда бўлган 294 моддалик Меҳнат кодекси янгиланади, яъни 30 апрелдан 581 моддадан иборат янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга киради.

Демак, меҳнат ҳуқуқи соҳасида анчагина аниқ бўлган қонунчилик тизими ишга тушади. Тахминимизга кўра, кейинги ҳафтадан аксарият иш берувчилар янги қонунчиликдан бехабар ҳолда қонунбузарга айланади. Шуни ҳисобга олиб, меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги янгиликларнинг айримлари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

 Иш берувчининг мажбуриятлари кенгаймоқда

Янги Меҳнат кодексининг 25-моддасига асосан иш берувчилар бир қатор мажбуриятларга риоя қилиши лозим бўлади.

Масалан, ходимларни ишга қабул қилишда, меҳнат жараёнида ва ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ушбу Кодекснинг меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талаблари бузилишига йўл қўймаслиги,

- ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини ушбу Кодексга, жамоа шартномасига, ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга, меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўлаши;

- ходимларнинг вакилларига жамоа келишувини ва жамоа шартномасини тузиш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган тўлиқ ва ишончли ахборотни тақдим этиши шарт.

Иш берувчининг зиммасида шу каби яна бошқа мажбуриятлари ҳам белгиланган.

Дарвоқе, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 560-моддасига асосан ишга тиклаш бўйича судга даъво киритиш муддати буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб 3 ойга ўзгармоқда (амалдаги кодексда бу 1 ой эди).

Зарарни мансабдор тўлайди

Меҳнат кодекси 274-моддасида раҳбар ходимлар учун жуда муҳим норма бор. Унга кўра, суд ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига ана шу ходимга иш ҳақи тўланиши муносабати билан иш берувчига етказилган зарар ўрнини қоплаш мажбуриятини юклайди. Яъни, зарарни ташкилотмас, амалдор тўлайди.

Қайд қилиш лозим, меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки бошқа ишга ўтказиш қонунни очиқ-ойдин бузган ҳолда амалга оширилган ҳолларда ва мансабдор шахс суднинг ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги қарори ижросини кечиктирган бўлса шундай мажбурият юкланади.

Агар шундай ҳаракатларни амалдор қилса, ходимга тўланадиган зарар суммаси ундан ундирилади.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни эслатиб ўтиш лозим. Амалдаги Меҳнат кодексининг 237-моддасига асосан ҳомиладор ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни корхона тугатиш ҳолатларидан ташқари бошқа асослар бўйича иш берувчи ташаббусига кўра бўшатиш мумкин эмас. Жумладан, уларни қисқартириш муносабати билан ҳам.

Аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш Жиноят кодексининг 148-моддаси 2-қисмига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 Шартномани бекор қилишнинг янги тури

Амалдаги Меҳнат кодексининг 98-моддаси - корхоналар қайта ташкил этилганда ёки мулкдори алмашганда ходимларнинг меҳнат муносабатлари уларнинг розилиги билан давом этиши ҳақидаги норма.

Бунда ходимнинг меҳнат муносабатларини давом эттириш учун унинг расмий розилиги (аризаси) олинади ва "меҳнат муносабатларини давом эттириш ҳақида" буйруқ расмийлаштиралади.

Амалдаги Меҳнат кодексида бундай ҳолатда ходим меҳнатни давом эттиришга рози бўлмаса, нима чора кўрилиши керак, деган савол жавобсиз қолиб кетган эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига кўра ходим ишни давом эттиришни рад этса (қайта ташкил қилинган, мулкдори ўзгарган ёки бўйсинуви ўзгарган ишхонасида ортиқ ишлашни истамаса), 156-моддаси 5-қисмига асосан "ходим ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан" (тегишли ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда) деган важ (таъриф) билан меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Ички локал ҳужжатларни ўзгартирамиз (ми)?

Янги Меҳнат кодекси кучга киргач, ташкилотлардаги амалдаги меҳнат шартномаларининг кўплаб шартлари қонунчиликка зид бўлиб қолади. Мисол учун, айни пайтдаги сиздаги меҳнат шартномаларининг меҳнат таътилига оид шартларини қуйидагича мазмунда: "- асосий меҳнат таътили 15 (ўн беш) иш куни; - қўшимча меҳнат таътили 9 (тўққиз) иш куни".

Янги Меҳнат кодексининг 217-моддасида ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили камида 21 календарь кун бўлиши керак дейиляпти. Кодекснинг 220-моддасида ходимларга бир ташкилот ёки тармоқдаги ҳар 5 йил учун давомийлиги 2 календарь кун бўлган, бироқ жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган қўшимча меҳнат таътили берилиши айтиляпти. Қолаверса, 219-моддада қонунчиликда, жамоа келишуви, жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа қўшимча меҳнат таътили ҳам берилиши мумкинлиги кўзда тутиляпти.

Демак, биргина меҳнат таътилининг ўзи бўйича ҳам сиздаги меҳнат шартномаларини янги МКнинг 217, 219 ва 220-моддаларига мослаштирадиган жойлари бор.

Қолаверса, янги МКнинг 170-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари бир марта қўпол равишда бузилганлиги муносабати билан бекор қилинганда, иш берувчининг буйруғида

- ички меҳнат тартиб қоидаларининг банди;

- ташкилот раҳбарига нисбатан меҳнат шартномасининг банди кўрсатилиши керак бўлади.

Умуман, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 12-моддасига асосан меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги тоифаларга бўлинмоқда:

- жамоа келишувлари;

- жамоа шартномалари;

- иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;

- ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.

Демак, янги Кодекс кучга кириши билан ички локал ҳужжатлар ҳам ўзгариши керак, янгиларини ишлаб чиқиш зарур.

Микрофирмаларда бошқачароқ

Янги Меҳнат кодексида микрофирмалардаги меҳнатнинг алоҳида хусусиятлари ва қоидалари назарда тутилмоқда. Кодекснинг 29-боби 1-параграфидаги 504, 505 ва 506-моддаларда ана шундай ўзига хос нормалар  микрофирмалар эгаларига ва раҳбарларига анча қулайлик беради.

Биринчидан, микрофирмалар учун баъзи бир ички ҳужжатларни тасдиқлаш мажбурий бўлмайди. Мисол учун, микрофирмалар ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш ҳақидаги низом, сменалар жадвали ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатлардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Иккинчидан, микрофирмалар ишга қабул қилинаётган шахслар билан ўзаро келишув асосида муддатли меҳнат шартномалари тузишлари мумкин, гарчи бу шахс бажарадиган иш ва унинг ҳусусияти муддатли характерга эга бўлмаса ҳам.

Учинчидан, микрофирма ходимнинг меҳнат шароитларини ўзгартирмоқчи ва иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан жойни ўзгартирмоқчи бўлса, ходимни камида 1 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозим бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда ва бошқа корхоналарда бу муддат камида 2 ойни ташкил қилади.

Тўртинчидан, микрофирма ходими иш берувчи бўлган микрофирмани 7 календарь кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда бу муддат 14 календарь кунни ташкил қилади.

Бешинчидан, меҳнат шартномасини интизомий жазо сифатида бекор қилишга асос бўладиган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилишлар рўйхати ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Умумий ҳолатларда булар корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгилаб олинади.

Олтинчидан, микрофирма раҳбари ўз ходими билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексида назарда тутилган асослардан ташқари меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича ҳам бекор қилишга ҳақли бўлади. Масалан, микрофирма ходими билан тузилган меҳнат шартномасида корхонанинг оғир молиявий аҳволга тушиб қолиши ёки ходимнинг меҳнатига зарурат қолмаганлиги каби ҳолатларда меҳнат шартномаси тўғридан-тўғри шу асослар билан бекор қилинишига оид мураккаб бўлмаган шартлар назарда тутилиши мумкин.

Еттинчидан, микрофирма ходимини меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатлари, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини ҳамда бошқа компенсация тўловларини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари бемалол меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Бундай шартлар ва бу кафолатлар агар меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, Меҳнат кодекси ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган кафолатлар қўлланади.

Эслатиб ўтамиз: ишлаб чиқариш тармоқларида банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши, хизмат кўрсатиш соҳасида ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқларда банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши бўлган, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларида банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган юридик шахслар микрофирма ҳисобланади.

Баҳодир Қаршиев,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати бош юрисконсульти, 3-даражали адлия маслаҳатчиси.