Янги Меҳнат кодексида уй хизматчиларини ёллаб ишлатиш қандай тартибга солинади?
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида узоқ кутилган тартиб жорий этилмоқда. Бу тартиб уй ишчиларини ёллаш масаласи. Масалан, уйга оқсоч, боғбон, энага, ҳайдовчилар ёллашни моддий ҳолати етарли шахслар хоҳлайди, лекин бунинг ҳуқуқий тартиби амалдаги меҳнат кодексида йўқ эди, бу янги кодексда бор.
Вилоят бандлик бош бошқармаси давлат
меҳнат инспкцияси бошлиғи ўринбосари Мансур Норбоев zarnews'uz га ушбу тартибнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
- Уй ишчилари кимлар? Иш берувчилар-чи? Аввал шу саволларга жавоб излайлик, - деди М.Норбоев. - 16 ёшдан ошган, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи ходимлардир. Бунда иш берувчи бўлиб оддий жисмоний шахслар ҳам бўлиши мумкин.
Меҳнат шартнома қандай тузилади?
Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади. Битта нусха ёлланма ишчида, битта нусха иш берувчи жисмоний шахсда, битта нусха солиқ органларида бўлади, худди ижара шартномасидек. Бу номуайян ва муддатли тузилиши мумкин. Уй эгаси ишчини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлайдиган бўлса, бу шартномада белгиланиши керак.
Уй ишчиси ёллаш учун буйруқ чиқарилмайди. Меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Иш ҳафтаси ва йиллик таътил Меҳнат кодексидаги бошқа ходимлар каби бўлади.
Шартнома қандай бекор қилинади?
Шартнома иш берувчи бўлган жисмоний шахс вафот этганда автоматик тарзда бекор бўлади. Ходимнинг ўз вазифалари бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхатини шартномада кўрсатиш мумкин. Ходим ўз хоҳиши билан уни бекор қилмоқчи бўлса, 7 кун олдин огоҳлантириб, бўшаб кетаверади. Ижтимоий солиқ тўланган тақдирда уй хизматчисига иш стажи ҳисобланади.