Меҳнат қонунчилигини бузган 170 нафар мансабдор шахсга 653 миллион сўмдан зиёд маъмурий жарима тайинланди

Бугун, 4 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этди.

Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилган чораларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.

Жумладан, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналист ҳамда блогерлардан иборат 13 та, Давлат меҳнат инспекторлари иштирокида 6 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ўтказилди. Жойлардан тушган мурожаатлар зудлик билан ўрганилгани ҳамда аниқланган муаммолар жойида бартараф этилгани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига етарли эътибор қаратмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани таъкидланди.

Ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг барча туманларидаги 5 861 та объектда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 миллион 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.

Жумладан, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.