Меҳнат шартномасини бузиб, ичкиликка берилган 47 нафар ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтарилди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг йўллаган мурожаати юзасидан маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Перм шаҳридаги қурилиш объектларида ишлаш учун келган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ваъда қилинган ойлик маошлари берилмаётгани, қишки махсус кийимлар билан таъминланмагани ҳақида мурожаати тарқалган.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 5 апрелдаги «Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида»ги битим ижросини таъминлаш, фуқароларни хорижий давлатларда муносиб иш ўринларига жалб қилиш мақсадида 2021 йилнинг 21 май куни Россиянинг Ресурс+ МЧЖ ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Ушбу келишувга мувофиқ, июнь август ойларида Андижон (8), Наманган (4), Фарғона (351) ва Қашқадарё (47) вилоятларидан 410 нафар фуқаро ташкиллаштирилган тартибда Перм ўлкасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилган.
Таъкидланишича, ушбу фуқароларнинг Россияга бориш билан боғлиқ транспорт харажатлари «Ресурс+» корхонаси ҳисобидан қопланган.
Бироқ ишлаш учун юборилган фуқароларнинг 47 нафари меҳнат шартномасида белгиланган мажбуриятларини бузиб, меҳнат шартномаси талабларига риоя этмаган. Хусусан, спиртли ичимликларни иш жойида истеъмол қилиш каби ҳолатлар мунтазам кузатилгани сабабли, ушбу меҳнат мигрантлари билан меҳнат шартномалари муддатдан олдин бекор қилиниб, Ўзбекистонга қайтарилган.
Фуқароларнинг ишлаган даври учун ойлик иш ҳақи, иш берувчи томонидан қилинган харажатларни қайтариш масалаларини Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва иш берувчи корхона ўрганиб чиқмоқда.