“Меҳр деганлари нима аслида?”
Гулжамол Асқарованинг ижодини анча йилдан буён кузатиб келаман. Том маънода гўзал шеърлар ёзади. Шунинг учун Гулжамолнинг аксарият шеърлари мен излаган шеърлар сирасига киради.
Шоиранинг шеърларида жонбахш аланга бор. Ҳар қандай ҳолатда бу шеърларни ўқиган одам руҳланади, ўзгача умид топади.
Гулжамол ватан, халқ ҳақида ёзганда ҳам, муҳаббат, изтироб, ҳижрон ҳақида ёзганда ҳам кўнгил деган забардаст дарахтга суянади. Шеърларидаги айтимнинг ёлғони йўқ.
Бугун унинг муҳаббат мавзусидаги шеърлари хусусида тўхталмоқчиман.
Гулжамолнинг ошиқ кўнгли шу қадар мусаффоки, унда акс этган ишқ жамолини аниқ-тиниқ кўра оласиз. У айтадики:
...Ва минг бор тақдирга таъзим, азизим,
Яхши-ёмонимда ёрлигинг учун.
Пешонамда исминг ёзилгани ва
Кафтим чизиғида борлигинг учун.
Нақадар чиройли изҳор. Ҳаммамизнинг кўнглимизда муҳаббат сайр қилган, ҳаммамиз унинг аччиқ ҳижронини тотиб кўрганмиз. Аммо ҳеч қайсимиз бу фаслда мана шундай изҳорни айта олмаганмиз.
....Севмай қолдим дема, бу сўздан қайтгил
Биламан бу тақдир азаллигини
Фақат қандоқ қилиб тушунай айтгил,
Менсиз ҳам ҳаётинг гўзаллигини, -дейди яна бир шеърида Гулжамол.
Уни ўқиб, юрагим жизиллайди. Худди илоҳий бир аланган юрагимга сачрагандай бўлади. Ва хотираларим,ўтган муҳаббатли кунларим кўксимни тирнаб ўтади.
Шоира синглимиз шеърларида ҳижроннинг, шодликнинг гоҳида эса муҳаббатнинг аччиқ соғинчнинг сурати шундай чизилганки, бу чизгиларга фақатгина юракнинг қонидан кашф қилинган бўёқларнигина кучи етади:
Азизим, кўзларинг кўзимда ҳамон,
Сен оловга отиб ёндир хатимни.
Мен эса бағримга босиб кетарман
Ер-кўкка сиғмаган муҳаббатимни.
Бу оташин мисралар ичида жон сақламоқ қийин, айни пайтда эса еру-кўкка сиғмаётган руҳингиз жунунвор завққа тўлади. Ана шу завқ эса ишқ оламининг сирини яна бир бор кашф қилади.
Гулжамолнинг шеърлари қисматни нозик елкасига даст кўтарган мағрур ва ростгўй аёлга ўхшайди. Унинг ғурурида хокисорлик бор, бу телба дунёнинг оғир-оғир нафас олаётган пок қайғулари бор. У соғинади, соғинчи тоғлардай баланд. Ана шу баландликдан ишқига мастона термулади:
Бугун ичдим...ғам шаробини,
Қайғу шаробини ичдим мен.
Кўзларингни изтиробини
Ва ишқ азобини ичдим мен.
Мастман.. бошим оғир тош каби,
Таскин бермас эски дастхатинг.
Тўрт томонда чеҳранг кўринар,
Ҳамма ёқда сенинг суратинг.
Қачонлардир бир шоир: “Меҳр-муҳаббатнинг синглиси холос”, деб ёзганди. Ижоди халққа маъқул шоирлар меҳрибон, айни пайтда меҳрталаб бўлишади. Зотан уларнинг кўнгли мудом меҳр майсазорларини қўмсайди ва ўзи ҳам улкан меҳрнинг фарзанди эканлигини ҳис қилади. Гулжамолнинг туйғуларида ҳам гўзал, ташна изтироб иқрори тўлқинланиб туради.
Саҳролардан келдим, чўллардан келдим,
Кўп, узоқ, кўп қадим йўллардан келдим.
Ҳайдашди,дилингга диллардан келдим,
Менга меҳр кўргаз, меҳрибонлик қил...
Шоира қалбида уммонлар чайқалади, тўфонлар бош кўтаради, қисмат сийнасида беркитган сирларини сочиб ташлайди. Ҳижрон бўронлари ичра қолган ишқ дарахтидай ғамгин шивирлайди шоира кўнгли.
Бегонаман дема, жоним, оғрийди,
Бегонасан дема, йиғлайди руҳим.
Кўнглимнинг бағрига яшриниб олиб,
Йиғлаяпман сокин, йиғлаяпман жим...
Гулжамолнинг шеърларини ўқиб, шу нарсага амин бўлдимки, шеърнинг гўзал чиқишини вазн, оҳанг, ёхуд туроқ ҳал қилмас экан, аксинча, дилдан чиққан рост туйғулар самимият ва кўнгилнинг тубидаги тўлғоқли изтиробгина уни севимли қилар экан:
Изтиробдан зерикдингизми?
Чарчатдими кўзим ёшлари.
Ўз қисматим олдида яна
Жим эгилиб қолди бошларим.
Шоиранинг шеърларидаги кучли драматизм ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди, энг муҳими катта изтироб ичида ҳам қисматнинг унга атаган ишқ деган қайғусидан миннатдор қалб қалқиб туради Гулжамолнинг шеърларида:
“Бироқ сизни севаман қаттиқ,
Бахш этдингиз олов туйғулар.
Тортиқ этмиш қалбингиз менга
Ёруғ ғамлар, нурли қайғулар.
Биз яралишнинг на ибтидо, на интиҳосини биламиз. Аммо сўз деган илоҳий неъмат борки, унинг қудратида кўнгилни қайтадан кашф қиламиз ва шунинг баробаринда тасаввурнинг чексиз фазосини қамраб оламиз. Коинотнинг, ўзга сайёраларнинг нафасини ҳис қиламиз. Шеър албатта ҳақиқий шеър назарда тутиляпти, алғов-далғовли, кимга росту кимга ёлғон бўлган дунё ҳеч нарсага арзимаслигини фош қилади. Ва ҳақиқий оламнинг неъмати бўлмиш қалбнинг туйғулари билан тирикликка мардона бошқишга ўргатади. Гулжамолнинг яна бир шеърини келтирамиз фикримизни далилаш учун:
Олис йўллар юриб толиқдим, жуда,
Меҳр сувларини ичирдингиз сиз!
Хатто кечирмадим ўзимни ўзим
Бори айбларимни каечирдингиз сиз!
Меҳр деганлари нима аслида,
Меҳр қалбимизнинг оппоқ елкани.
Ўзини ўзи ҳам севолмаганни,
Бағрингга жим босиб севмоқ дегани!
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Гулжамол Асқарова ғафлатдаги дилларни уйғотиш учун айтган назмий аллалари ва шеърлари ичида ловуллаб турган аланга билан ҳар бир юракка ёруғ нур бергувчи дилбар шоирадир.
Ҳали ундан умидимиз катта. Шоира синглимиздан янги ва жозибали шеърларини кутиб қоламиз.
Исмат Кўчиев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.