Мелиорация ернинг нафас йўлларини очмоқда

Афсуски, мустақилликкача ҳукм суриб келган пахта яккаҳокимлиги бунга монелик қилди. Экинларни алмашлаб экиш тизимига амал қилинмагани, ҳар йили нуқул пахта экилавериши, минерал ўғитларнинг меъёридан ортиқ берилиши, тупроқ донадорлигини ёмонлаштириб, гумус қатламини қашшоқлаштириб юборди. Оқибатда жуда кўп экин майдонлари ҳосилдорлиги, рентабеллиги пасайиб кетди.
Бунинг олдини олиш, пахта, ғалла ва бошқа экинлар экиладиган майдонларнинг унумдорлигини тиклаш мақсадида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича дастурлар тасдиқланиб, амалий ишларга киришилди.

Замин бағрига шамол тегди

– Ўтган йиллар давомида давлат дастури доирасида вилоят бўйича 69 та лойиҳа амалга оширилди. Унинг натижасида 1 минг 595 километр узунликдаги мелиоратив объектларда 22 миллиард 668,7 миллион сўмлик реконструкция, қурилиш ҳамда тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди, – дейди вилоят мелиорация экспедицияси бошлиғи ўринбосари Илёс Муҳаммадиев. – Бу эса 39 минг 700 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини берди. Жумладан, биргина Пайариқ туманидаги Қорасув туманлараро коллекторида 11,3 километр узунликда шаршара тўғони, гидроиншоот қуриш, қирғоқ муҳофазаси объектларида 600 миллион сўмлик иш бажарилиб, 500 гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланди, тупроқ эрозиясининг олди олинди. Худди шундай мелиорация ишлари Паст Дарғом тумани Гўзалкент ҳудудида ҳам олиб борилди. 

Иш давом этмоқда

Давлат дастурига асосан 2016 йилда ҳам суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. 27 та лойиҳа бўйича иш олиб борилди. 619 километр узунликдаги коллектор тармоқлари, жумладан, 114 та кузатув қудуқлари реконструкция қилинди, янгилари қурилди, бошқа тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. Буларга 7 миллиард 156 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Дастур асосида Каттақўрғон туманида олиб борилган ишлар, айниқса, салмоқли бўлди. Узоқ йиллар давомида сув ресурслари, суғориладиган ерлардан узлуксиз фойдаланиш оқибатида лойқа босиб қолган жуда кўп коллекторлар, ёпиқ-ётиқ дренаж тизимлари, мелиоратив насос станциялари, тик қудуқлар, гидротехник иншоотлар, канал ва зовурлар, сизот сувлари юзага кўтарилиши натижасида шўрланиш бошланган майдонлар мелиорация тармоқлари батамом реконструкция қилинди.
Натижа ҳосилдорликда намоён бўлади

– Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ўтказилган майдонларда пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнерга, ғалла эса 3-4 центнерга ошди. Пахтадан 35-40 центнер, ғалладан 50-55 центнер ҳосил олувчи фермерлар сони кўпайди, – дейди Илёс Муҳаммадиев. – Каттақўрғон туманида дастурнинг давоми сифатида ўтган йилда ҳам 1 миллиард 384 миллион сўм сарфланиб, 1 минг 799 гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ирригация тизимини яхшилаш кўзда тутилган 1 минг 334 гектар майдон учун 4 миллиард 765 миллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар туманнинг Элмурод Қурбонов номидаги ММТПга қарашли 30 та фермер хўжалигида кутилган натижани бера бошлади.

– Хўжалигимиз Оқдарё ва Қорадарё дарёлари оралиғида жойлашган, – дейди "Мавлоно" фермер хўжалиги бошлиғи Салоҳиддин Хайруллаев. – Дарё ва ерости сувлари яқин бўлганлиги сабаб экин майдонларида нам узоқ сақланади. Оқибатда кўкламги экиш мавсумида ерга уруғ қадаш анча кечикиб, фурсат бой берилар эди. Ўтган йили Биломиқча зовури қазилиши натижасида фермер хўжаликларида ернинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди. Экинларни оби-тобида экиш имконияти туғилиши туфайли пахта ҳосилдорлиги гектаридан 2,5-3 центнерга, ғалла 45 центнердан 50 центнерга ошди.

Янги уфқлар

Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича 2017 йилда вилоятимизда 32 та лойиҳа асосида иш олиб борилиб, 865,4 километр узунликда мелиоратив объектлар қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда тизимли-тиклаш тадбирлари бажарилди.
Бу чора-тадбирларга 12 миллиард 643 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада вилоятда 18 минг 660 гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлиги ошишига эришилди.
2018 йилда Давлат дастурига асосан 28 та лойиҳа бўйича 764,3 километр узунликда мелиоратив объектлар қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда тизимли таъмирлаш-тиклаш тадбирларини бажариш кўзда тутилган ва унга 26 миллиард 669,3 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.