Мен кимман ўзи?

Бу савол баъзан ҳовлиқиб кетсам, мени ерга туширади. Бировни ноҳақ хафа қилиб қўйсам, дилимни эзади. Ота-онамга хизмат қилолмаганим, имконим бўлса-да, хизмат қилолмаган дамларим учун мени изтиробга солади.

Дили пок, тили пок дўстларим олдида баъзан ўзимни катта тутганим учун мени пастга тушириб қўяди. Билиб-билмай ёт давраларга тушиб қолсам, тезроқ у ердан чиқиб кетишга ундайди мени бу савол.

Бу савол ҳар бир ўтаётган кун ўлимга яқинлаштираётганини, афсуски,ўлимга, охиратга тайёр эмаслигимни ёдга солади. Бекорчи гапларга, гурунгларга топиладиган вақт биргина сура, биргина оят мазмунини англаб етишга келганда топилмайди — ҳавога совурилган фурсатни англатади бу савол.

Бу савол ҳар куни бозорлар ёнидан ўтганда, қумурсқадай тинмаётган, ким олувчи, ким сотувчи — ҳар бир одамни пешонасига, ризқига, ниятига яраша ризқлантириб турувчи Зотни дилга солади.

Ҳар куни мозорлар ёнидан ўтганда, янги қабрларни кўрганда, кечагина фалончи тирик эди, тирикчилик куйида елиб-югуриб юрувди, деган лоқайд иқрорни эслатади бу савол.

...Бозор ва мозор оралиғи — Ҳаёт ва Ўлимни унутмаслик, ҳар иккисига муносиб бўлиш учун дилдаги тилга кўчади:

Мен кимман ўзи?

Мақсуд Жонихонов.