“Мени излаб талпинганинг онингда, секингина шивирлагин: қайдасиз?” ёхуд Нажмиддин Комиловни эслаб

Ёш олим ҳаётида 1965 йили муҳим бурилиш нуқтаси бўлди: дўсти Ҳасан Қудратуллаев Душанбе шаҳридан кўчиб келган Қутбиддин эшон Муҳиддинов билан таништирди. Қатағон жафоларини чеккан бул зот илоҳиёт, араб, форс тиллари ва адабиётининг билимдони бўлиб, Шарқ шеърияти ва мумтоз адабиётни бемалол шарҳлаб берарди. Фанлар академияси Тил ва адабиёт илмий-тадқиқот институтининг катта ходими бўлган Қутбиддин эшон “Алишер Навоий асарлари изоҳли луғати” тўрт жилдлигининг фаол муаллифларидан бири эди. Шундай қилиб, икки ўртада пир-у муридлик муносабатлари тўла шаклланиб, у филология фанлари номзоди Қутбиддин эшон Муҳиддиновнинг вафотига қадар (1983) давом этди. Улар ота-болалардек ёнма-ён ҳовлида яшадилар.

1970 йиллар охирида Ғайбулла Саломов Нажмиддин акани Самарқанддан Тошкентдаги дорилфунунга ишга чақирди. Улар “Таржима назарияси ва амалиёти” фанига асос солиб, филолог ва журналистларга сабоқ бера бошладилар. Журналистика факультети талабаси бўлган камина ҳам 1978 йилдан бошлаб, уларнинг дарсларини тинглашга муяссар бўлдим. Расман 1980 йилдан бошлаб 2012 йилгача устозга шогирд бўлиб юрдим.

Аммо Ғ.Саломов ўта маданиятли, мулоҳазали, дипломат киши эди. Садоқатли шогирдлари – тортинчоқ Нажмиддин Комил, мулойим Тилак Жўра, мулоҳазали Султонмурод Олимни пойтахтдаги илмий ва адабий давралар билан яқиндан таништиришдан чарчамас эди.

Нажмиддин Комилов даставвал таржима, қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалаларига оид тадқиқотлар олиб борган бўлса, кейинроқ матншунослик ва адабий жанрлар ривожи билан боғлиқ масалаларни тадқиқ қилди. Тақдир ниятга яраша бўлар экан. Кўп вақт ўтмасдан, илмий салоҳияти баланд, тиришқоқ, зукко домлани давлатимиз юқори лавозимларга лойиқ кўрди. 1994–1995 йилларда Президент девонида бош консультант, 1995–1999 йилларда Давлат ва жамият қурилиши академиясида илмий ишлар проректори лавозимида ишлаб, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маънавият ва маърифат соҳасидаги минглаб истеъдодларни тарбиялаб етиштиришга хизмат қилди.

Мен ойига камида уч-тўрт марта устоз билан учрашиб, идоравий ва илмий ишларимга (2004 йилда ёқлаган фан номзоди тадқиқотимга улар илмий раҳбар эдилар)доир холис маслаҳатлар олардим. Ўшанда “Ибн Сино” номидаги тиббиёт нашриётига раҳбарлик қилардим. Академия биноси 12-қаватидаги кабинетга ҳар гал кирар эканман, эшикнинг ўнг тарафидаги деворга осиғлиқ турган картинага –ҳассага суянганча бевафо дунёни кузатаётган Ғайбулла Саломовнинг чиройли портретига кўзим тушарди. Дарвоқе, Саломов–Комилов тандеми, яратган мактаби адабиёт аҳлига бадиий таржима – истиқболли, баракали ижод йўналиши эканлигини сингдириб кетишди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида икки тилли зуллисонайн таржимонлар авлоди етишиб чиқди.

Кузатишимча, устоз Нажмиддин Комилов илм ва бадиий ижодда таққослаш, солиштириш услубини кўп қўлларди. Жумладан, “Ибн Сино ва Данте” (1983) асарида ўзбек олимларидан биринчи бўлиб Шарқ-у Ғарбнинг адабий алоқаларини даврлаштирди. Машҳур итальян шоири Данте Алигьерининг (1265-1321) “Илоҳий комедия” асари таҳлилига киришганда, бу умуминсоний қадрият ва қарашларнинг илдизларини “Минг бир кеча”, “Калила ва Димна”, “Синдбоднома” сингари Шарқ дурдоналари бағридан излашга тушади.

“Тасаввуф” номли икки жилдлик (1996, 1999) монография устоз ижодининг юқори чўққиси бўлди, десак арзийди. Маълумки, тасаввуф илми сир-асрорлари ҳақида ёзиш учун диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаш талаб этилади. Тасаввуфни англамасдан туриб, миллий маънавият тарихи, Шарқ фалсафаси, адабиёти ва санъатини яхши ўрганиб бўлмайди. “Ислом тарихи бизда тасаввуф тарихи билан бирга олиб қаралгандагина тўғри ёритилиши мумкин”, деб ёзади муаллиф. “Тасаввуф, бу – Мутлақ илоҳни таниш ва севиш; авлиёлар эътиқодидан туғилган; покиза ахлоқ ҳақидаги илмдир”.

Ўзбек китобхонлари Нажмиддин Комиловни нозик дидли таржимон сифатида жуда яхши биларди. Устоз ўтган асрнинг 90-йилларида Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати”, Шайх Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”) сингари нодир асарларини маҳорат билан ўзбекчалаштирди. 1994 йилда Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” асари таржимаси 40 минг нусхада чоп этилди. Бу шоҳ асарнинг таркибида уч юздан зиёд ибратли ҳикоят, тамсил ва қиссалар жойлашган. Ноширлик давримда ушбу таржималарнинг чоп этилишида имкон қадар иштирок этганимдан мамнунман.

Ёдимда, бир куни “Футувватнома...” таржимаси қўлёзмаси дарагини эшитиб, Нажмиддин аканинг уйларига ўтдим. Борсам, Навоий кўчаси, 30-уйдаги бошқа нашриётлар харидор бўлиб туришган экан.

    – Қанча нусхада босишади? – деб сўрадим.

     – Тахминан беш мингта дейишди, –дедилар ийманибгина. Устознинг самимий, дилдан кулишлари одамга ёқарди. Кўнгиллари ойнадай тоза эди.

    – Биз уни ўттиз минг нусхада чоп этамиз,–дедим дадиллик билан. –Илтимос, шу қўлёзмангизни “Мерос” нашриётига топширсангиз.

    Домлани кўндирдим. Шундай қилиб, китоб ўттиз минг нусхада дунё юзини кўрди. Юртдошларимизда футувват, тасаввуф илмига қизиқиш жуда ошиб кетди. Футувват, фатий – “ёшлик”, “ёш йигит”, “жавонмард” маъносини билдиради. Табиийки, гап ҳалоллик, поклик, эътиқод ҳақида борар экан, яшашнинг шу йўлини интихоб қилган жавонмардлар унга сидқидилдан амал қилишади. Футувват аҳли ғийбат, ёлғон, ножўя, номақбул сўзлар, ҳаром нарсалардан ҳазар қилади.

     Биз ижодий ҳамкорликни давом эттиравердик, 1995 йилда “Нажмиддин Кубро” номли рисолани чоп эттирдик. Рисолада адабиётшунослик фанига кўплаб тушунча, атама ва талқинлар киритилган. “Нажмиддин Кубро назарида нуқта, доғ ва доира мурид руҳий ҳолатлари ўзгаришида муҳим хизмат қилади, –дейди муаллиф. – Доира – фалак доираларининг айланиши, доғ – дунё тимсоли ва нуқта – ваҳдатдир. Доира доимий айланишда, у доғни ҳам ўз ичига олади. Аммо булар марказга томон, яъни нуқта сари интилади. Нуқта моҳиятини англаш орқали Аллоҳ оламини идрок этса бўлади”.

Таҳлилларга суяниб, профессор Нажмиддин Комиловнинг ўзбек илм-фани, адабиёти, умуман, жамиятимиз олдидаги хизматларини санаб берсам.

Биринчи хизмати - давлатнинг юқори лавозимларида ишлаган даврида жамият ҳаётида маънавиятнинг нуфузи, обрўсини ошириш зарурлигини исботлаб берди. Ўзаро суҳбатлар асносида домланинг илғор фикрлари Юртбошимиз томонидан қўллаб-қувватланди (ўша вақтда Президент девонида ишлар эдилар). Натижада 1994 йилда республика Маънавият ва маърифат марказини ташкил этишга доир тарихий қарор қабул қилинди.

Иккинчи хизмати - давлат ва жамият бошқаруви академияси тингловчилари бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, муовинлари, масъул ходимларига ислом динининг маърифий вазифаси, тасаввуф илмининг моҳиятини янги талқинларда тушунтириб, илм-фан, маънавиятга ўзгача меҳр-муҳаббатни уйғота билди. Ислом фалсафаси, тараққиёт фалсафаси, ўтиш даври психологиясини талабаларга, раҳбарларга яхши англата билди.

Учинчи хизмати - қадим юртимизда тасаввуф қоидаларини ёйиб, ўзининг илмий мактабини яратди. Бу мактабнинг Иброҳим Ҳаққул, Султонмурод Олим, Садриддин Салим Бухорий, Анвар Турсунов сингари давомчилари туғилди.

Тўртинчи хизмати - тасаввуф илмидан бохабар, ҳалол, иймонли, садоқатли шогирдларни тарбиялашга эришди. Айни дамларда мухлис ва шогирдлари олий ўқув даргоҳларида, давлат бошқаруви идораларида ишлаб, устознинг ишини самарали давом эттиришмоқда.

 Нажмиддин Комилов жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳолати, одамларнинг фикрлаш тарзи, тафаккур дунёси даражаларини чуқур биларди. Хусусан, ҳазрат Алишер Навоийнинг ижоди таҳлилига вақтини узоқ йиллар сарфлади, устозимиз суҳбатларимизда Ҳазрат асарларида тилга олинган ярамас иллатларнинг ҳамон яшаб келаётганидан кўп азият чекарди. Шул боис, “Нафс домига тушган одам бир хиёнат кетидан иккинчисини қилаверади. Алдаш, ёлғон сўзлаш, найранг ишлатишни ўзининг “ҳунари”га айлантиради”,–деб ёзганди “Хизр чашмаси” китобида.

  Жаҳон цивилизациялари тарихидан маълумки, инсондаги ахлоқий сифатларни тарбиялаш йўли орқали жамиятни барқарорлаштириш, юксалтириш имконияти мавжуд. Жамиятда оддий инсонга ҳурмат, эъзоз, эътибор ва рағбат ҳамиша улуғланиши даркор, дерди устоз. Мураккаб даврда инсон ҳам ўзини англаб, тарбиялаб, поғонама поғона юксалиб бормоғи лозим. Олимнинг таъкидича, инсонга туҳфа этилган биринчи хислат – қаноат. Кишида қаноат бўлмаса, борига шукр қилмаса, Аллоҳ берган ризққа кўнмаса, тамагир бўлади, бошқалар молига кўз олайтиради, натижада тўғри, ҳалол яшашдан чекинади. “Тама – бу қуллик, чунки бировдан доим бир нарса кутиб ўтирган одам ўз нафсининг қулига айланади. Қаноатли одам илм ва маърифат билан шуғуллана олади, дунё ва охиратни ўйлайди”. Бугунги кунда юрт раҳбарини қийнаётган коррупция, порахўрликнинг илдизи ана шу қисқа сўзларда аниқ-тиниқ ифода этилган. Иккинчи хислат – саховат. Ғариб ва бенаво, бева-бечора, етим, қаровсиз қолган қариялар, толиби илмлар, хуллас фақиру ҳақир одамларга қилинадиган ҳотамийлик асли бу. Аммо сахий, бадавлат одам керилиш ва миннат учун шу ишларни қилмайди. Учинчи хислат – маърифат. Аввало, Илоҳ маърифати ҳаммада бўлиши жоиз. Лекин унга эришиш учун инсон ўзини чуқур ўрганиши ва яхши билиши керак.

Устоз умр бўйи шуғулланган тасаввуфнинг мағзида илми Ҳақ – ботин илми, қалб тафаккури ётади. Инсон ўз заковатига ишониб, Ҳақнинг ягоналиги ва улуғлиги ҳақида тафаккур қилиши лозим. Сўфий шоирлар ижодининг марказида шу мақсадлар ётади. Лекин, собиқ тузум даврида бу илм, ҳатто ислом динининг мақсад ва вазифалари халқимиздан яширилди. Оқибатда ўзбек халқи ҳам динсизлик, эътиқодсизлик ва фикрсизлик ботқоғига ботди. Асли, бу – шахс ва жамият таназзули, улкан йўқотиш, орқага кетиш эди. Динсиз, эътиқодсиз, фикрсиз киши билан узоққа бориб бўлмайди. Устоз масаланинг айни шу нозик жиҳатига жамоатчилик эътиборини қаратиб, фандаги “бўшлиқ”ни тўлдиришга ҳаракат қилади.

     Устоз ҳокимият, подшонинг имконияти билан маърифат, билимнинг даражасини қиёслаб, мансабга хос ижобий ва салбий  қусурларни санаб ўтган, инсондаги ҳокимиятга ҳирс, дунёпарастликни қаттиқ танқид қилар экан, “Ҳар қандай подшо яхшиларни ҳимоясига олиб, олимлардан доимо маслаҳат сўраб, ёмонларни жиловлаши ва жазолаши лозим”, деган фикрни илгари суради. Ушбу ғоялар ҳозирда ҳам жамиятимизда ўз қимматини йўқотмаганига тўла амин бўлмоқдамиз.

      Ўзаро суҳбатларимиз чоғида домла: “Ўз вужудингга тафаккур айлагил, ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил”, деган тасаввуф олтин қоидасини бот-бот такрорлар эдилар. Ҳа, устоз ёзган бақувват, пишиқ асарлардаги ғаройиб талқинлар, донишмандона фикрлар, ўзига хос услублар ҳар бир кишини ўзига ром этади. Сўфиёна мисралар, бугунга дахлдор ғоялар ўқувчи қалбини маърифат нури билан тарбиялаб, инсонни ўзини англашга даъват қилади.

Нажмиддин Комилов “Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи” (1-китоб, 1996), “Тасаввуф тавҳид асрори” (2-китоб, 1999) китобларида тасаввуфнинг моҳиятини чуқур тадқиқ қилиб, бир вақтлар четга суриб қўйилган, ман этилган, ўтмиш билан бугун ўртасида бузиб ташланган кўприкни тиклашга урингани катта қаҳрамонлик эди.

Ислом дини, нақшбанд тариқати, фалсафа, мантиқ ва бадиий адабиёт илмидан хабардор Нажмиддин ака ўзбек халқига шоҳ, дарвеш, нафс, маърифат, қаноат, саховат маъноларининг моҳиятини тушунтириш бараварида одамларни ҳаётда зоҳирий (ташқи) амалларга, ўткинчи ҳою-ҳавасларга, нопок хатти-ҳаракатларга кўнгил боғламасликка ундади. Устознинг ўзлари ҳам руҳий поклик, тартиб-озодалик қоидаларига амал қилиб яшадилар. Аммо устозимиз Нажмиддин Комилов давлат ва жамият қурилиши ривожига илғор фикрлар билдирган, шоҳ асарлар битган бўлса-да, жуда камтарона ҳаёт кечирдилар. Тўғриси, шу йўлни ўзларига раво кўрдилар. Олим “зиёли шахснинг сўзи ва иши бир бўлиши керак”, деган ақидага суяниб яшади. Гарчи юқори мансаб, нуфузли давлат идораларида масъул лавозимларда ишлаган бўлсалар-да, луқмаи ҳалол ризқи билан оилани боқиш, халқ, жамият билан хушмуомалада бўлиш, кибру такаббурлик кўчасидан узоқда юришга одатланди. Сағбондаги Олча торкўчасида, танга тушгулик ҳовличада қирқ йил умргузаронлик қилди. Сокин, тоза, осуда муҳитда ўзининг энг сара, забардаст асарларини авлодларга ёзиб қолдирди.

Халқимизнинг суюкли фарзанди, шарқшунос олим ва жамоат арбоби Нажмиддин Комилов 2012 йилнинг 26 апрелида 75 ёшида оламдан кўз юмди. Устоз “Чиғатой” қабристонида – давлат, маданият ва санъат арбоблари ёнида мангу уйқуда ётибди. Зиёратгоҳга ҳар гал кирганимда, қалбим ҳаяжонга тўлади, кўзларим намланиб, илиқ хотиралар ёдимга тушаверади.

Мен Нажмиддин аканинг шогирди, мухлиси  эканлигимдан доимо фахрланиб юраман. Улар ёзган ушбу мисраларни гоҳо ичимда шивирлайман:

Ойдин тунда ой меҳмонинг бўлганда,

Қўйнинг, кўнглинг кумуш нурга тўлганда,

Эслаб қолсанг шунда мени мабодо,

Секингина шивирлагин: қайдасиз?

 

Нигоҳингни сеҳрласа кенг само,

Зуҳра юлдуз туҳфа этса хуш наво,

Қулоғингга чалинса таниш садо,

Секингина шивирлагин: қайдасиз?

 

Садо бўлиб кириб борай хонангга,

Ўлтирайин ойга боқиб ёнингда.

Мени излаб талпинганинг онингда,

Секингина шивирлагин: қайдасиз?

 Нажмиддин ака менинг мураббийим ва оғаи дўстим эди! Устоз, Сиз билан жонли мулоқотларим ҳаётимнинг энг тотли, файзли онлари бўлган. Сиз тасаввуф илмидан қувват, мададни кўпроқ олиш, бу ўткинчи дунёда ҳалол яшаш, сабр-қаноатли бўлиш ва фақат адолатли ишларга бош қўшишни ўргатиб кетдингиз. Елкангизга чопон ташлаган кўйи жилмайиб турган сиймонгизни эслаганда, китобларингизни ўқиганда, ичимда секингина шивирлайман: “Сиз ёнимиздасиз, Устоз!”.

 Бахтиёр ОМОН,

адиб, олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.