Менинг фикрим: Миллий кадрлар тайёрлаш модели зарур

Ҳар бир мамлакат тараққиётида малакали кадрлар муҳим ўрин тутади. Шу боис аксарият ривожланган давлатларда кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш мақсадида махсус тузилмалар ташкил этилган.
Мисол учун, Россия Федерацияси бу соҳада АҚШ, Япония ва айрим Европа давлатларидан ортда бўлса-да, у ерда кадрларга бўлган эҳтиёж, кадрлар сиёсатини юритиш ва янги пайдо бўлаётган касбларни давлат рўйхатидан мунтазам ўтказиш бўйича ваколатли орган мавжуд ҳамда малакали мутахассисларни саралаб олиш бўйича очиқлик, шаффофлик тизими ишлаб чиқилган. Бундай тизим Буюк Британия, Франция, Германия, Япония ва АҚШда ҳам давлат хизматчиларини тайёрлаш бўйича ўзига хос аниқ тизим яратилган.
Масалан, Японияда, Франция, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Германия давлатларида кадрлар тайёрлашда асосий эътибор ўқув амалиёти (практика)га қаратилади. Бунда талабалар шахсан ўзлари йирик ва ўрта корхоналарнинг ишлаб чиқариш, қарор қабул қилиш ва раҳбарларнинг мажлисларида шахсан иштирок этишлари ва ўз фикр мулоҳазаларини баён этишлари мумкин.
Мамлакатимизда бу борада бир неча йиллар аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ташкил этилган. Аммо бу даргоҳда давлат хизматчиларининг малакаси оширилади, холос. Ваҳоланки, бизда кадрларни давлат хизматига ёшликдан тайёрловчи махсус олий ўқув юрти ҳанузгача мавжуд эмас. Шу боис юртимизда ҳам юқоридаги давлатлар тажрибасидан фойдаланиб, маданиятимиз, маънавиятимиз ва салоҳиятимиздан келиб чиққан ҳолда “кадрлар тайёрлаш модели”ни ишлаб чиқишимиз лозим.
Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 октябрда “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу фармон ва қарорда давлат хизматини ривожлантиришни тартибга солиш, ягона кадрлар сиёсатини юритиш, давлат хизмати лавозимларининг давлат реестрини юритиш, кадрлар захирасини бошқариш, энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш белгиланган. Давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касб этикаси, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш, давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уни изчил такомиллаштириш ҳам ушбу ҳужжатларнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш вазифаларини ягона давлат органи олиб бориши кўрсатилган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси эса мамлакатимизда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириб, иқтисодий фаровонликка хизмат қилади.
Жаҳонгир АБДУНАЙИМОВ,
вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси етакчи мутахассиси.