Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилди

Яқинда Президентимиз “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон қабул қилди.
Унга кўра, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари белгиланди. Жумладан, халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий қилиш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш каби мақсадлар бор. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш белгиланган.
Қолаверса, 2025 йил 1 июлдан мазкур Фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади. Ушбу Фармонга кўра, Самарқанд шаҳрида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ўзгаришлар билан танишиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан республикадаги оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиника фаолияти билан танишдилар.
Айни пайтда 55 минг нафардан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган мазкур шифо маскани замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, ДМЕД ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган.
Таништирув тадбирида тиббиётни рақамлаштириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг ижобий натижалари, беморлар ва шифокорлар учун афзалликлари хусусида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари вилоят кўп тармоқли марказий шифохона фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда Фармонга кўра амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир иштирокчилари Нуробот тумани Оқсой туризм қишлоғида жойлашган ““IT Village” билан ҳам танишди.
Пресс-тур иштирокчилари вилоят Матбуот уйида ҳам бўлди. Улар бу ерда сақланаётган газета-журнал ҳамда экспонатларни томоша қилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов иштирок этди.