Регистратор офисида 60 дан зиёд хизматлар кўрсатилмоқда

Ахборот технологиялари ривожланган даврда барча соҳалар қатори таълим тизимини ҳам рақамлаштириш долзарб масалага айланди. Масалан, “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида давлат секторига кирувчи хизматларнинг онлайн тарзда кўрсатилаётгани фуқароларга енгиллик яратмоқда. Худди шу қулайлик Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида фаолиятини бошлаган Регистратор офисида ҳам мавжуд.
Регистратор офиси тарихига назар
Регистратор фаолиятининг илк кўринишлари XII асрданамоён бўла бошлаган. 1446 йилда регистратор (регистрар) атамаси биринчи марта ишлатилган. XIX асрга келиб, у олий таълим муассасаларида стандарт ҳолатда қўлланилган. Регистратор офиси тушунчаси XIX асрнинг охирида АҚШда пайдо бўлди. Бу тушунча илк бор Гарвард университетида қўлланила бошланди. 1869 йилга келиб, Гарвард университетига ўша даврнинг энг илғор фикрловчиларидан бўлган Чарлес Эллиот президент этиб сайланади. Кўп ўтмай, у университетдаги қатъий белгилаб қўйилган ўқув дастурларини бекор қилди. Эндиликда Гарвардда талабалар ўқув дастурида таклиф қилинадиган фанлар орасидан ўзлари хоҳлаган, қизиққан фанларни танлаб ўрганиш имкониятига эга. Яъни, ҳар бир талаба университетдаги ўқиш дастурини маълум маънода ўзи шакллантиради.
Америкада олий ўқув юртлари ва талабалар сонининг кескин ошиши ўз-ўзидан талабаларнинг ўқув жараёнини бошқариш ва уларнинг академик маълумотларини юритиш учун янги тизимга эҳтиёж туғилди. Шунингдек, ўқув дастурлари янада мураккаблашиб, талабаларнинг индивидуал ўқув режалари ва уларнинг баҳоларини юритиш қийинлашди. Талабаларга бериладиган ҳужжатлар (дипломлар, транскриптлар ва бошқалар) сони кўпайди. Шу сабабли Гарвард университети бу муаммоларни ечиш учун алоҳида бир бўлимни ташкил қилишга қарор қилди. Ушбу бўлим талабаларни рўйхатга олиш, уларнинг академик ютуқларини кузатиб бориш ва уларга расмий ҳужжатларни бериш каби вазифаларни ўз зиммасига олди. Кейинчалик бу бўлим “Регистрарс Оффиcе” (Регистратор Офиси) деб номлана бошланди. Шуьлардан келиб чиқиб, 1930 йилларда АҚШнинг ҳар бир коллежи ва университетларида регистратор лавозими бўлган.
Бугун Регистратор офиси кўплаб ривожланган давлатлардаги олийгоҳларда, жумладан, АҚШ, Канада, Европа ва Осиё мамлакатларида кенг тарқалган.
Регистратор офиси фаолияти ва йўналишлари
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида Регистратор офиси фаолияти йўлга қўйилди.
Регистратор офиси институтнинг бош биносида жойлашган бўлиб, офис томонидан 60 дан зиёд хизматлар онлайн ва офлайн тарзда кўрсатиляпти. Талабалар, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролар олий таълимдаги жараёнлар билан боғлиқ мурожаатларига Регистратор офисидан жавоб олишлари мумкин.
Регистратор офиси хизмат кўрсатиш ва маълумотлар базаси бўлимларидан иборат. Хизмат кўрсатиш бўлими талабалик гувоҳномаси, ўқув варақаси, ўқиш жойидан маълумотнома, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари, талабалар турар жойларига ариза бериш ҳамда айланма варақаларни бериш каби 35 турдаги ҳужжатни рақамлаштирилган тарзда мурожаатчиларга етказади.
Бу бўлим орқали олий таълим даргоҳига ҳужжат топширишдан тортиб то битириш жараёнига қадар содир бўладиган барча амалиёт ҳақида маълумот олиш ва хизматлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ижтимоий тармоқларда махсус бот ташкил этилган. Натижада бошқа корпусларда ўқийдиган талабалар ёки уларнинг ота-оналари офисга келиб ўтирмасдан, бот орқали саволларини йўллашади ва унга қисқа вақтда жавоб олишади. Бунинг учун 12 нафар оператор хизмат кўрсатади. Мурожаатларга шу ондаёқ жавоб қайтарилади. Ўрганиш ёки маълумотларни таҳлил қилиш, бошқа ОТМларга сўров юбориш орқали жавоб топиладиган мурожаатларга 3 иш кунигача бўлган муддатда ечим топиш белгиланган.
Маълумотлар базаси секторида талабаларнинг умумий статистикаси, ўқув жараёни, талабаларни қатъий ҳисобдаги ҳужжатларини сақлаш, битирувчиларни ҚР кодли, махсус ҳимояланган диплом бланкалари билан таъминлаш, давомат, якуний ва оралиқ назорат жадваллари каби умумий маълумотлар жамланади. Бу маълумотлар институтдаги иш жараёнини бир жойда жамлаш ва ҳар бир кўрсаткич бўйича аниқ статистик ҳисоб-китоб юритиш, пировардида иш жараёнини сифатли ташкил этиш, келажак режаларни тўғри йўналтириш имконини беради.
Вазирлик ёки турли идоралар сўровига ҳам ушбу базада ишланган маълумотлар орқали жавоб берилади. Регистратор офисга бир кунда 200 дан зиёд мурожаат келиб тушади.
Регистратор офиси талабаларга юқори сифатли хизмат кўрсатишнинг самарали ва энг илғор усулларини амалиётга татбиқ этмоқда. Офис ўқув жараёнини оптималлаштириш, сифатли таълимни ва шаффофликни таъминлаш, талабаларга қулайликлар яратиш, ўқув жараёнини бошқариш самарадорлигини ошириш, халқаро стандартларга мослашишга ёрдам бермоқда.
Абдуғаффор Абдураҳмонов,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти Регистратор офиси бошлиғи.