Эрта ёшда чет тилини ўргатиш: Боланинг интеллектуал ривожланиши учун муҳим қадам

Эрта ёшдан чет тилини ўргатиш болалар учун жуда муҳим бўлиб, улар ҳаётнинг турли жабҳаларида муваффақиятга эришишлари учун зарур асос яратиб беради.

Чет тилини ўрганиш болаларнинг интеллектуал ривожланишига, ижтимоий кўникмаларига ва келажакдаги профессионал муваффақиятларида катта роль ўйнайди.
Чет тилини ўрганиш болага фақат янги сўзларни ўрганишни эмас, балки бошқа маданиятлар ва урф-одатлар билан танишиш имконини ҳам беради. Болалар турли халқлар ва уларнинг ҳаёт тарзи ҳақида кўпроқ билиб олишади, бу эса уларда дунёқарашни кенгайтиради. Илмий тадқиқотлар кўрсатганидек, чет тилини ўрганиш болаларнинг миясини фаол ишлатишга ундайди.

Бунинг натижасида, улар яхшироқ муаммоларни ҳал қилиш, мантиқий фикрлаш ва ёдлаш қобилиятларини ривожлантирадилар. Чет тилини ўрганиш болаларга мулоқот қилишда янада эркинлик беради. Улар икки ёки ундан ортиқ тилда гапиришга ўрганиб, фикрларини аниқ ва тўлиқ ифодалайди. Бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади ва келажакда ижтимоий муносабатларида муваффақиятга эришишларига ёрдам беради. Икки ёки ундан ортиқ тилни биладиган болалар ўз фикрларини ҳар хил усулларда ифодалаш ва муаммоларни ҳар хил бурчаклардан кўриш ва уни ечиш қобилиятига эга бўладилар. Бу уларнинг мантиқий фикрлаш ва ижодий қобилиятларини ривожлантиради.

Эрта ёшда чет тилини ўргатиш усуллари
1. Ўйинлар ва фаолиятлар
Болаларга тил ўргатишнинг энг самарали усулларидан бири – бу ўйинлар ва фаолиятлардир. Мусиқа, қўшиқлар, рақслар ва турли хил ўйинлар орқали болалар тилни ўрганишлари мумкин. Бу усул болаларга тилни ўрганишни қизиқарли ва осонлаштиради.

2. Мультфильм ва фильмлар
Болаларга чет тилини ўргатишда анимацион мультфильм ва фильмлар ёрдам бериши мумкин. Улар болаларга турли хил сўзларни, ибораларни ва нутқни эшитиш имкониятини беради. Бундай усул, айниқса, визуал ва эшитиш орқали тез ўрганадиган болалар учун қўл келади. Албатта, бундай фильм ва мультфильмлар болани ёшига мос ҳамда ота-она назорати остида бўлиши муҳим.

3. Тунги ҳикоялар
Ўз тилидаги эртаклар ёки ҳикоялар орқали болаларни чет тилида гапиришга ўргатиш мумкин. Эртаклар ва ҳикоялар ёрдамида болалар янги сўзлар ва ибораларни ўрганадилар. Шунингдек, бу уларни тинглаш ва тушуниш кўникмаларини ҳам ривожлантиради.

4. Кўп такрорлаш ва машқлар
Эрта ёшдаги болалар учун сўзларни ва ибораларни кўп марта такрорлаш жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу усул болалар хотирасини мустаҳкамлашга ёрдам беради ва уларнинг ўрганиш жараёнини тезлаштиради. Бу эса ўз навбатида чет тилида ўрганган сўзларини кейинчалик мулоқотда эркин қўллай олади.
Болаларга чет тилини эрта ёшдан ўргатиш уларнинг келажакдаги муваффақиятига катта таъсир кўрсатади. Бу нафақат тил билиш даражасини оширади, балки интеллектуал, ижтимоий ва когнитив ривожланишига ҳам ёрдам беради.

Холида Шамсиева,
Самарқанд давлат чет тиллар инситутути стажёр-ўқитувчиси.