Методистдан ўқитувчи ва ота-оналарга тавсия: Ўқувчи ёки фарзандингизни ўзингиз тест синовларидан ўтказинг

Бу йил абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Бундай имконият ҳеч қачон бўлган эмас.

Бир фарзандни 15-16 ёшга тўлгунча тарбиялашда ота-она қанча машаққатни бошидан ўтказади. Мактаб ёшига етган 6-7 ёшли ўқувчининг хат-саводини чиқариб, 11-синфни тугатгунича устозларнинг қанча меҳнати ёки давлатимиз томонидан миллиардлаб маблағ сарфланади.

Битирувчи ўқувчи билан суҳбатлашсангиз, унинг орзу-ниятларини эшитсангиз, қувончга тўласиз ва келажакка умид қила бошлайсиз.

Фарзандларимизнинг орзу-ниятларини амалга ошириш учун вақтимизни аямаган ҳолда уларга берилган имкониятлардан унумли фойдаланишлари учун қуйидаги тавсияларни билдирамиз:

Биринчи тавсия: фарзандингизнинг ўзи танлаган таълим йўналиши бўйича имтиҳон топширадиган 2 та фандан шу бугуноқ тест синовларидан ўтказинг. Сабаби, бу йилги абитуриентлар Давлат тест маркази томонидан жорий этилган “e-Sinov”, “Test Imtihon”, “DTM test sinovlari”, “Prep.uz” тизимларидан бепул фойдаланиб, билимларини текшириб олишлари мумкин.

Иккинчи тавсия: фарзандингиз ёки ўқувчингиз танлаган таълим йўналиши бўйича иккита фандан тўплаган балл натижалари, имтиҳон кунларига қолган вақтни ҳисобга олган ҳолда танлаган йўналиши кетма-кетлигида қайси ОТМларига ҳужжат топширса, ўқишга кириш имконияти юқорироқ бўлади. Унинг аниқ имкониятларини инобатга олиб, таҳлил қилиш керак.

Бунинг учун Давлат тест марказининг расмий сайтларида олий таълим муассасалари бўйича 2017-2018 ҳамда 2018-2019 ўқув йили кириш баллари билан танишинг. Фарзандингиз ёки ўқувчингиз тест натижаларига кўра, олган баллари ва ОТМларига ўтиш баллари билан таққосланг, таҳлил қилинг. Таҳлил натижаларига кўра, 5 та таълим муассасасининг кириш балларини кетма-кетликда юқоридан пастга қараб рўйхатини тузинг. Қарор қабул қилишдан олдин фарзандингиз ёки ўқувчингиз томонидан берилган саволлар ва тушунмовчиликларга аниқлик киритинг.

Учинчи тавсия: ҳужжат топширишда фарзандингиз ёки ўқувчингиз танлаган таълим йўналиши бўйича 5 та ОТМларининг кириш баллари энг юқори бўлганидан бошлаб, тузган рўйхатингиз асосида юқоридан пастга қараб ОТМларини танланг.

Н.ОДИЛОВ,

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими бошлиғи.