Метрология хизматларини кўрсатиш тартиби қандай?
Импорт бўйича тўп қилиб олиб кириладиган ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш сертификати ушбу турдаги ўлчаш воситалари тўпининг идентификация белгилари кўрсатилган аниқ тўпига берилади. Олдин реестрга киритилган ўлчаш воситасининг янги тўпи олиб кирилганда, ўлчаш воситаларининг ушбу тўпига ўлчаш воситаларининг олдин реестрга киритилиш рақами берилади.
Бу фикрлар вилоят матбуот уйида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида билдирилди.
Қайд этилишича, ҳозиргача метрология соҳасида муҳим бўлган эталонлар базаси бизда деярли бўлмаган. Республикамизда метрология институти ташкил топганига 3 йил бўлди. Бу борадаги илмий-назарий, илмий-тадқиқот ва давлат лойиҳалари атиги 2 фоизни ташкил этган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич Туркияда 80 фоиз, Германияда 66 фоиз, қўшни Қозоғистонда эса 15 фоизга етган. Қолаверса, республикамизда ўлчаш воситаларининг ягона бирликда бўлишини таъминлаш учун ҳам мазкур қарор қабул қилинган.
- Дастлаб 1993 йилда метрология тўғрисида қонун қабул қилинганди ва 2020 йил 7 апрелда мазкур қонун тубдан такомиллаштирилиб, жаҳон стандартларига мос тарзда ишлаб чиқилди ва янги таҳрирда қабул қилинди, - дейди “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси вилоят филиали бўлим бошлиғи Анвар Набиев. – Метрологияда аниқ ўлчовлар бўлмаса, барча соҳада муаммолар юзага келади. Шунинг учун ҳам ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш қоидалари ишлаб чиқилди. Шунингдек, юқоридаги қарор билан метрологик хизматлари кўрсатилишининг аниқ механизмлари яратилди. Бу барча учун бир хилликни ҳамда метрологик хизматларнинг шаффофлигини таъминлайди.