Мехрож Файзилов: “Ҳозир ўқиган ҳар бир китобингиз, ўрганган билимингиз келажакда, албатта, асқотади”
Бугун O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, “Мароқанд мева сабзавот” МЧЖ директори, Самарқандлик таниқли тадбиркор Мехрож Файзилов ўзи таҳсил олган 49- мактабда ўқувчилар билан учрашди.
Учрашувда у ўқувчилик дамларини эслаб, ўзининг ҳаётий тажрибалари ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.
- Бу даргоҳга бугун ҳаяжон билан қадам босдим. Чунки болалик дамларим эсимга тушди. Шу мактабни 27 йил аввал аъло баҳоларга тугатганман. Мактабда чет тили фанидан француз тилини ўрганганмиз. Тақдир тақозоси билан тадбиркорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан Францияда бўлганимда, ўқувчилик дамларимда шу тилни янада мукаммал ўрганмаганимдан афсусланганман. Ҳозир ўқиган ҳар бир китобингиз, ўрганган билимингиз келажакда, албатта, асқотади. Мактаб дамларингиздан унумли фойдаланиб, бор кучингизни илм олишга бағишланг! Хорижий тилларни пухта ўрганинг!, - деди тадбирда М.Файзилов.
Учрашувда М.Файзилов фаол ўқувчилар ва мактаб кутубхонасига ўзининг энг яхши кўрган китоблар жамланмасини совға қилди. Улар орасида тарихий романлар (Ойбекнинг “Навоий”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, ”Темур тузуклари”) дан тортиб, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, Ўзбекистон халқ шоирларининг сайланма асарлари ўрин олган.
Бахтигул Қаршиева,
O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.