МИБ: “Кафтархона”да автотураргоҳга қўйилган тўсиқлар олиб ташланди

Аввалроқ сайтимизда «Кафтархонада қачон тартиб бўлади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Самарқанд шаҳри Панжакент кўчасидаги "Кафтархона" автобошбекати қарийб уч ойдан буён темир тўсиқ билан ёпиб қўйилгани, мазкур ҳолат Самарқанд, Тойлоқ, Ургут туманлари аҳолисига жамоат транспорти хизмати кўрсатишга халақит қилаётгани баён этилган. Чунки мазкур бекатда шаҳар ва туманлараро ўндан зиёд йўналишларда қатнайдиган 30 га яқин автобус, 250 га яқин такси кунига 20-25 минг аҳолига хизмат кўрсатиб келган. Йўловчи ташиш транспортлари автобошбекат ҳудудига киролмагани сабабли катта тирбандлик юзага келиб, бир неча марта автоҳалокат содир бўлгани айтилади.

Мажбурий ижро Бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, айни вақтда бекатдаги тўсиқлар олиб ташланган.

“Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 27 июндаги ижро варақасига асосан қарздор Х.А. томонидан Самарқанд шаҳар, Панжакент кўчаси 209-манзилдаги объектда ўзбошимчалик билан ўрнатилган темир тўсиқ (профнастил) қарздор ҳисобидан олиб ташлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига 2023 йил 1 августда келиб тушган ва шу куни ўзида ижро иши юритиш қўзғатилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида Х.А.га тегишли ўзбошимчалик билан ўрнатилган темир тўсиқ (профнастил) қарздор ҳисобидан 2023 йил 9 август куни олиб ташланган ҳамда ижро ҳужжати тамомланган.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 22 июндаги ижро варақасига асосан қарздор Э.Ҳ. томонидан Самарқанд шаҳар, Панжакент кўчаси 209-манзил (юқоридаги бекат - таҳририят)даги объектда ўзбошимчалик билан ўрнатилган темир тўсиқ қарздор ҳисобидан буздириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига 2023 йил 25 июл куни келиб тушган ва шу куни ўзида ижро иши юритиш қўзғатилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида Э.Ҳ. томонидан ўзбошимчалик билан ўрнатилган темир тўсиқ 9 августда олиб ташланган.

Шунингдек, яна бир ҳужжат — фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 22 июндаги ижро варақасига асосан қарздор Р.Б. томонидан шу манзилда ўрнатилган темир тўсиқ қарздор ҳисобидан буздириб ташланган”, дейилади МИБ муносабатида.

ТАҲРИРИЯТДАН: Ижодий жамоа ходимлари томонидан бугун, 11 август куни “Кафтархона” ҳудудидаги автобошбекат яна бир бор ўрганилди. Дарҳақиқат, бекатдаги тўсиқлар олиб ташланган. (Бунгача юзлаб транспорт ва ўн минглаб йўловчилар бир неча ой сарсон бўлди). Аммо негадир, тўсиқлар олиб ташланганига қарамасдан, айрим йўловчи ташиш транспортлари ҳамон ҳудуддан фойдаланмаяпди ва атрофда тартибсизлик давом этмоқда. Ўйлаймизки, тегишли ташкилотлар ҳолатни яна бир бор ўрганиб, бекатнинг тўлиқ фаолияти тикланишига эришишади. Чунки транспортларда йўловчи олиш ҳали кўчанинг қатнов қисмида ҳам давом этмоқда.