МИБ: Суд қарори муҳокама қилинмайди

Бугун, 23 апрель куни ижтимоий тармоқларда «Ёрдам беринглар, ҳовлимизни бузишяпти. Пулимизни ҳам бермасдан бузишаяпти» сарлавҳаси остида видеолавҳа эълон қилинди.

Самарқанд вилояти фаолларининг 2019 йил 26 июлда ўтказилган мажлиси 32-сонли баёнида белгиланган вазифаларга мувофиқ Самарқанд тумани ҳудудидаги «Эшкак эшиш канали» ва унга туташ ҳудудда «Самарқанд туристик мажмуаси» ташкил этиш, туристик маршрутдаги йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, йўл атрофида инфраструктура қурилиш ишларини амалга оширилиши муносабати билан тумандаги Қозиариқ, Жўйисой ва Қўштамғали маҳалла фуқаролар йиғинларидаги қатор жисмоний ва юридик шахсларга тегиши турар ҳамда нотурар биноларни қонунда белгиланган тартибда бузиб, эвазига уларнинг эгаларига товон пуллар тўлаб бериш ишлари амалга оширилган.

Шу қаторда, фуқаро Қ.Аҳадовга тегишли, Қўштамғали маҳалласида жойлашган уй-жойининг бир қисми учун товон пули берилиши ва бошқа жойдан ер майдони ажратилиши белгиланган. Бироқ Қ.Аҳадов асоссиз равишда қонун талабларини бажаришдан бош тортганлиги сабабли даъвогар - Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2020 йил 17 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар Аҳадов Қодир Қудратовичга тегишли, Самарқанд туманининг Қўштамғали маҳалласида жойлашган ҳовлисининг 49 фоизи, яъни умумий ер майдони 571,51 метр квадрат, қурилиш ости майдонининг 459,06 метр квадратдан иборат уй-жойларини бузиш, жавобгарнинг оила аъзоларини бузишга тушган уй-жойдан чиқариш, бузиш ишларини жавобгар Қ.Аҳадов ҳисобидан амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, суд ажримига биноан, бузиш ишлари Қ.Аҳадовга 618 миллион 80 минг 75 сўм миқдордаги товон пуллари тўланганидан сўнг амалга оширилиши, бузишдан чиққан қурилиш моллари даъвогарда қолдирилиши ҳамда Самарқанд тумани ҳокимлиги зиммасига жавобгарга шу ҳудуддан 572 метр квадратдан кам бўлмаган ер майдони ажратиш мажбурияти юклатилган.

Суднинг мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлими иш юритувига 2020 йил 2 апрелда келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган. Белгиланган тартибга кўра, ижро хужжати нусхаси 2020 йил 6 апрелда қарздор Қ.Аҳадовга топширилиб, у суд қарори ижросини қонунда кўзда тутилган 15 кунлик муддатда ихтиёрий равишда таъминлаш лозимлиги тўғрисида расман огоҳлантирилган.

Самарқанд тумани ҳокимининг 2020 йил 18 апрелдаги 642-К-сонли қарори билан қарздор Қ.Аҳадовга уй-жойининг бузилиши кўзда тутилган қисми эвазига якка тартибда уй-жой қуриш учун товон тариқасида Самарқанд туманининг «Конигилагротехсервис» агрофирмаси ер харитасининг 274 контуридан жами 0,06 га. майдондаги ер участкаси ажратиб берилган.

 Қарздор Қ.Аҳадовга тегишли уй-жойнинг бузилишга тушган қисми бўйича тўланиши лозим бўлган 618 миллион 80 минг 75 сўм миқдордаги товон пуллари 2020 йил 20 апрелда Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан Бюронинг Самарқанд тумани бўлими депозит ҳисоб рақамига ўтказиб берилган ва шу кундан қарздор ушбу пулларни олиб кетиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, товон пулларини олишдан бош тортиб келган.

2020 йил 22 апрелда қарздор Қ.Аҳадовнинг аризасига асосан товон пули тариқасида Бюронинг депозит ҳисоб рақамида сақланиб келинаётган 618 миллион 80 минг 75 сўм миқдордаги маблағлар унинг «Савдогарбанк» Улуғбек филиалида очилган шахсий ҳисобрақамига тўлиқ ўтказиб берилган.

Суд қарорида кўрсатилган қарздор олдидаги барча мажбуриятлар бажарилгандан сўнг ҳам қарздор Қ.Аҳадов томонидан суд қарори берилган ихтиёрий муддатда ижро қилинмаганлиги сабабли суд қарори ижроси мажбурий тартибда таъминланиб, юқорида кўрсатилган уй-жой мутахассислар иштирокида бузилган.  

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.