МИБ суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш ваколатига эга эмас
Ижтимоий тармоқларда “Каттақўрғон шаҳридаги ўзини ёқиб юборган кишининг уйдан чиқарилиши” билан боғлиқ хабарлар юзасидан Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси муносабат билдирди.
Унда таъкидланишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 15 июль кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, фуқаро Иброҳим Жўраевнинг даъвоси қаноатлантирилиб, жавобгарлар Сайёра Жўраева, Дилшод Усмонов ва Гўзал Ҳасановаларни И.Жўраевга тегишли бўлган Каттақўрғон шаҳар, Мирий маҳалласи, Алишер Навоий кўчаси, 72“а”-уйдан мажбурий тартибда чиқариш белгиланган.
Фуқаро Иброҳим Жўраевнинг судга даво аризаси билан мурожаат қилишига у 2010 йилда олди-сотди шартномасига асосан эгалик ҳуқуқини киритган ва ўзига шахсий мулк тариқасида тегишли, Каттақўрғон шаҳар, Мирий маҳалласи, Алишер Навоий кўчаси, 72“а”-уйдан фуқаролар С.Жўраева, Д.Усмонов ва Г.Ҳасановалар чиқишдан бош тортиб келаётганлиги сабаб бўлган.
Суднинг 2019 йил 7 августдаги ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюросининг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилиб, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун талабларига асосан мажбурий ижро ҳаракатлари ташкил қилинган.
Бироқ жавобгар Д.Усмонов биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига кассация тартибида мурожаат қилганлиги сабабли, мажбурий ижро ҳаракатлари суд қарори чиққунига қадар тўхтатилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг 2019 йил 13 сентябрдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 15 июлдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилганлиги сабабли мажбурий ижро тадбирлари тикланган.
2020 йил 22 январь куни ташкил қилинган мажбурий ижро тадбири давомида жавобгар Д.Усмонов 2020 йил 30 январь кунига қадар ихтиёрий равишда кўрсатилган хонадондан чиқиб кетиши ҳақида тилхат билан мурожаат қилганлиги боис мажбурий ижро ҳаракатлари кечиктирилган.
2020 йил 1 февраль куни Самарқанд вилояти хокимининг Каттақўрғон шаҳрида ўтказган оммавий сайёр қабулида Иброҳим Жўраев мурожаат қилиб, суд қарори ижроси пайсалга солиб келинаётганидан арз қилган ва унинг мурожаати назоратга олинган.
2020 йил 5 февраль куни МИБ Каттақўрғон шаҳар бўлими ходимлари томонидан суд ижросини таъминлаш тартибида шаҳар ИИБ, ёнғин хавфсизлиги хизмати, тиббиёт бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва холислар иштирокида Каттақўрғон шаҳар, Мирий маҳалласи, Алишер Навоий кўчаси, 72“а”-уй манзилида ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида жавобгарлар С.Жўраева, Д.Усмонов ва Г.Ҳасановаларнинг 21 турдаги мол-мулклари хатланиб, улар мулкларини ихтиёрий равишда олиб чиқиб кетишларини билдиришган.
Лекин даъвогарлардан бири – фуқаро Дилшод Усмонов қонун талаблари ҳамда суд қарори асосида амалга оширилаётган тадбирга тўсқинлик қилиб, ўзининг устига бензин қуйиб ёқиб юборган. Унинг ҳаракатлари зудлик билан тўхтатилиб, тез тиббий ёрдам машинасида Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Тиббиёт бирлашмаси шифокорларининг маълумотига кўра, Д.Усмоновнинг баданида 30-35 фоиз куйиш жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган ва унга тегишли тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Мажбурий ижро тадбирлари якунлангандан сўнг, 2020 йил 5 февраль куни МИБ Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси 1-бандига мувофиқ ижро иши тугатилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Мажбурий ижро бюросининг асосий вазифаларидан бири сифатида суд қарорлари ва бошқа ваколатли органлар қарорларини ижро қилиш белгиланган.
Бироқ Мажбурий ижро бюроси органлари юқори турувчи суд органининг қарорисиз, яъни ўз ташаббуси билан ижрога қаратилган ва амалда бўлган суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш ваколатига эга эмас.
Шунинг учун суд чиқарган ва ижрога қаратилган қарордан норози бўлган фуқароларимиздан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажараётган Мажбурий ижро бюроси ходимларига тўсқинлик қилиш ёки қаршилик кўрсатиш эмас, белгиланган тартибда юқори турувчи судга мурожаат қилишларини ва суд муҳокамаси жараёнида ўз эътирозларини баён қилишларини илтимос қиламиз.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.