Миллат қаддини букманг!
Кейинги йилларда юртимизда халқ таълими тизимида бир қатор хорижий ва миллий таълим моделлари синовдан ўтказилди. Ўқув дарсликлари янги ва замонавий кўриниш олди. Дарс соатлари, дарс ўтишдаги педагогик технология ва методикалар ҳамда ўқув предметлари тубдан янгиланди.
Айниқса, бошланғич таълим фанлари ва фан предметлари, хорижий тил дарс соатлари эскича, алмисоқдан қолган, деб ҳисобланган услублардан воз кечган ҳолда, тамомила янги усулда ўтила бошланди. Ҳар қандай ислоҳотнинг ижобий ва салбий жиҳатлари бўлганидек, бугунги кунда бошланғич таълимда қўлланиладиган ўқув адабиётлари ва дарсликларининг шакли ва вазни билан боғлиқ шундай муаммо пайдо бўлдики, афсуски, бу масалага ҳали ҳеч бир соҳа мутасаддиси муаммо сифатида қараётган эмас.
2022 йилнинг ноябрь ойида оилам билан Самарқанд шаҳри Сартепа массивидаги ижара квартирадан эндигина таъмирдан чиққан, Ислоҳот кўчасида жойлашган янги уйга кўчиб ўтдик. Қизларим ўқийдиган Сартепа массивидаги 55-мактаб эса шаҳарнинг бошқа чеккасига кўчиб ўтганлигимиз туфайли биздан анча узоқ (6,5 километр)да қолди. Аввалига қизларимнинг ўқишини уйимизга энг яқин ёки яқинроқ бўлган мактаблардан бирига кўчирмоқчи бўлдик. Бир нечта мактабларнинг шарт-шароити билан яқиндан танишдик. Маълум бўлишича, биз кўчиб ўтган ҳудудда сўнгги тўрт йил ичида юзга яқин кўп қаватли тураржой бинолари қурилган, ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг сони кескин ошган, мактабда ўқийдиган ўқувчиларнинг сони бир неча баробар кўпайган, аммо ҳанузгача бирорта янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилмаган экан. Собиқ шўро замонида қурилган мавжуд мактабларнинг ҳар бир синфида эса 45-46 тадан ўқувчи ўқимоқда. Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Бу энди алоҳида мавзу. Ҳолатни ўрганиб чиққач, қизларимни гарчи узоқ бўлса-да, ўзлари ўқиб турган мактабда қолдиришга қарор қилдик.
Шундай қилиб, ҳар куни тонгда эраталабки сменада, 2-синфда ўқиётган қизимни мактабига мен элтадиган, тушда рафиқам тушки сменада 4 ва 6-синфларда ўқийдиган қизларимни мактабга обориб, эрталабки сменадан чиққан 2-синфдаги қизимни уйга олиб кетадиган, кечки пайт эса мен тушки сменадан чиққан қизларимни олиб, уйга қайтадиган бўлдик. Мактабга бориш ва келишда қизларимни ўқув қуроллари ва китоблари солинган рюкзакларини кўтариб бориб, кўтариб кела бошладим. Илк кунларданоқ диққатимни тортган нарса рюкзакларнинг оғирлиги бўлди. Аввалига қизларимга бугунги кун учун керак-нокерак китобларингу ўқув қуролларингни солиб, рюкзакларингни оғир қилгансизлар, дея танбеҳ бердим. Қизларим эса рюкзакларимизда ортиқча битта қалам ҳам йўқ, дейишди. Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланарди. Кейин эса мактабга кираётган ва чиқаётган ўқувчиларнинг рюкзакларига эътибор қарата бошладим. Кузатиш жараёни анча вақт олди. Касбим шифокор бўлгани, шифокор бўлганда ҳам асосий мутахассислигим болалар шифокори бўлганлиги боис бундай вазндаги рюкзаклар болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига қанчалар зарар етказиши мумкинлиги ҳақида ўйладим. Мактаб ўқувчиларининг ўқув қуроллари солинган рюкзакларининг вазни бўйича жаҳон таълим стандартларига мос келадиган меъёр ва нормативларни ўрганиб чиқдим. Натижа шуни кўрсатдики, жаҳон таълим стандартларига кўра, ўқувчининг ўқув қуроллари солинган рюкзагининг оғирлиги кичик синф (1-2 синф) ўқувчилари тана вазнининг 5 фоизидан, ўрта синф ўқувчилари тана вазнининг 7-10 фоизидан, юқори синф ўқувчилари тана вазнининг 10-15 фоизидан ошмаслиги шарт қилиб белгиланган.
Ўқувчиларни нечанчи синфда ўқишига кўра, белгиланган меъёр кўрсаткичлари эса қуйидагича:
1-2-синфлар учун рюкзак оғирлиги 1,5 килограмдан;
3-4-синфлар учун 2 килограмдан;
5-6-синфлар учун 2,5 килограмдан;
7-8-синфлар учун 3,5 килограмдан;
9-11-синфлар учун эса 4 килограмдан ошмаслиги кераклиги қатъий меъёр чегараси қилиб белгиланган.
Мен қуйида илова қилган суратдаги рюкзак ҳозирда 2-синфда ўқиётган ва тана оғирлиги 25 килограмдан иборат бўлган қизимга тегишли. Тарози кўрсаткичидан маълумки, рюкзакнинг умумий оғирлиги барча ўқув қуроллари ва китоблари билан 2 кило 750 грамни ташкил қилмоқда. Бу қизчамнинг тана оғирлигининг 6,8 фоизига тенг. Синфлар тоифасида белгиланган меъёр кўрсаткичидан 1250 грамга кўп ва бу оғирлик 5-6 синфлар учун белгиланган меъёрдан ҳам ортиқроқ.
Энди шу рюкзакдаги дарсликларнинг соф оғирлигини ўлчаганимда ҳар бир фан учун тутилган дафтарлари билан бирга 1950 грамни ташкил қилди. Бу бир кунда дарс жадвалида белгиланган она тили ва ўқиш саводхонлиги, математика, мусиқа ва инглиз тили китоблари мажмуи. Мен рюкзакни тарозига қўйган пайтимда қизимнинг сув идиши бўш эди. Демак, сув идишида 250 миллилетр сув солинса, рюкзакнинг умумий оғирлиги 3 килограмни ташкил қилади. 4 ва 6-синфда ўқийдиган қизларимнинг рюкзакларининг ўртача оғирлиги 3,5 килограмдан 5,5 килограмгача бўлган вазнни ташкил қилди. Бу ҳам белгиланган меъёр чегарасидан анча баланд. Энди бу оғирликни ўқувчи кун мобайнида қанча пайт кўтариб юришини, уйидан мактабигача бўлган масофани, мактабдаги юқори қаватда ўқиши ва ҳар бир қаватда елкасидаги юк оғирлигини гравитацион қонун бўйича устама вазн олишини ҳисобга олинг.
Бундан ташқари, қизларим ҳар бири ҳафтанинг икки ёки уч кунида жисмоний тарбия дарс машғулоти учун спорт кийимини ҳам олиб боришади. Демак, ҳафтанинг ярмида нафақат елкасида меъёр чегарасидан анча оғир бўлган рюкзаги, қолаверса, қўлида спорт кийимлари солинган яна битта халтаси бўлади.
Тиббий нуқтаи назардан олиб қаралганда, бола организми катталар организмидан фарқ қилиб, уларнинг аъзо ва тўқималарида, хусусан, суяк таркибида сувнинг миқдори кўпроқ бўлади. Қолаверса, болаларда суякланиш жараёнининг фаол даври айнан мактаб ёшига тўғри келади. Бола организми ўсишда давом этар экан, суяклардаги тоғай тўқима аста-секинлик билан суяк тўқимасига айланиб боради. Яъни, болаларнинг суяги юмшоқ бўлади. Суякланиш жараёни фаол кечаётган пайтда суякка тушадиган ортиқча юклама суяк шаклини ўзгартириб, турли хилдаги суяк деформацияларини келтириб чиқаради. Рюкзакнинг елкага осилишини инобатга олсак, умумий оғирликнинг катта қисми умуртқа поғонасига, яна бир қисми курак суягига, қолган қисми эса ўмров, тўш ва қовурға суякларига тушади.
Оғир рюкзакни кўтариб юрган болада оғирлик бола қоматини орқага тортиши туфайли бола қаддини мажбуран олдинга тортишга ҳаракат қилади. Бунда бўйин умуртқаларида олдинга эгилиш бурчаги ошади. Бўйин умуртқаларининг ён ўсиқларидан бош мияни озиқлантирувчи йирик артериал қон томири ўтган. Бўйин умуртқаларининг олдинга эгилиш бурчаги ўзгарганда ана шу артериядаги қон оқими ўзгариб, бош мияда секин ривожланувчи қон айланиш бузилиши пайдо бўлади, натижада эса бош мия гипотрофияси ва энцефалопатиялар ривожланади.
Оғир рюкзак курак суяклари ва қовурғаларни босиши ҳисобидан бола эркин нафас ола олмайди ва натижада қон таркибидаги кислороднинг порциал босими пасайиб бораверади. Карбонат ангидридники эса аксинча, ошиб боради.
Рюкзакнинг оғирлиги оқибатида:
- организмдаги барча аъзо ва тўқималарда секин ривожланувчи дистрофик ўзгаришлар юзага келади;
- умуртқа поғонасининг кўкрак қисмидаги кифозни кучайтириб, сколиоз ҳолатини пайдо қилади;
- бел лордозини оширади;
- чаноқ суягига тушадиган оғирлик таянч нуқталари ўзгариб, бел-чаноқ соҳасида оғриқ ва ҳаракат чекланишини, умуртқа поғонасидаги умуртқалар орасидаги дискни яссилантириб, протрузия ҳолатини юзага келтиради;
- боланинг тўш-ўмров суякларида деформация пайдо бўлишига сабаб бўлади;
- тана ва умуртқага тушган оғирлик оёқ суякларига ўтказилиб, сон ва болдир суякларига варусли ва валгусли деформацияларни чақиради;
- ўқувчининг борган сари қомати ва бўй ўсишида жиддий ўзгаришлар кузатилиб, қадди паст ва букик бўлиб боради;
- ички аъзолари, бош мия фаолиятида секин ривожланувчи касалликлар пайдо бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, организмда кальций элементи етишмовчилиги бўлган болалар жами болаларнинг 8-10 фоизини (бу ривожланган мамлакатларда, биздаги статистика бундан ҳам аянчли бўлиши мумкин) ташкил қилади. Болаларда кальций элементи етишмаслигидан эса рахит касаллиги пайдо бўлади. Рахит билан касалланган болаларда эса суяк соғлом болаларга нисбатан юмшоқ ва эгилувчан бўлади.
Энди тасаввур қилиб кўринг, оғир рюкзакларни қанчадан-қанча рахитнинг яширин, енгил ва ўрта оғир даражалари билан касалланган болалар кўтариб юрибди. Бу эса юқорида зикр қилинган суяк ва қомат шакли ўзгаришларининг янада яққолроқ намоён бўлишига сабаб бўлади.
Шу ўринда республикамиздаги Мактаб ва мактабгача таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилмоқчиман:
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги томонидан жаҳон таълим стандартлари андазасига кўра, ўқувчиларнинг ўқув қуроллари шакли, вазни ва рюкзакларнинг умумий оғирлигини меъёр чегаралари тўғрисида ўқувчиларнинг ёши ва синфи тоифасида Миллий стандартлар ишлаб чиқилганми?
Биздаги ўқув адабиётларининг шакли ва вазни қайси меъёр кўрсаткичларига кўра белгиланган?
Кейинги саволларим Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли шуъбаларига тегишли.
Республикада ўқувчи болалар ўртасида ёшга боғлиқ ҳолда антропометрик кўрсткичлар тизимли равишда мониторинг қилинадими?
Ўқувчилар рюкзакларининг оғирлигини вазирлик томонидан ишлаб чиқилган бирор бир меъёрий ҳужжат назорат қиладими?
Мактаб ўқувчиларининг периферик қон таркибидаги кальций элементи миқдорини мунтазам ва тизимли равишда мониторинг қилиш ва рахит касаллигига чалинишининг аниқ статистик маълумотлари ўрганилганми?
Агар мен ёритган муаммо аллақачон ўрганилган бўлса, аниқланган камчиликлар нималардан иборат ва бу камчиликларни бартараф қилишда қандай чоралар ва амалий ҳаракатлар бошланган?
Ҳурматли ота-оналар, фарзандингиз рюкзагининг оғирлигини биласизми?
Орифжон КОМИЛОВ.