Миллий спорт ўйинлари мусобақалари кўпайтирилади, таълим муассасаларида бу билан боғлиқ дарслар сифати оширилади
#Муносабат
Zarnews.uz телеграм канали ва веб-сайтида “Таълим муассасаларида миллий спорт ўйинлари ўқитиляптими? ёхуд вилоятда халқ ўйинлари қачон ривожлантирилади?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси ва Самарқанд давлат университети масъуллари бунга муносабат билдирди.
СамДУ ўқув услубий бошқармаси бошлиғи Шаҳриддин Мурановнинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам Самарқанд давлат университетида миллий спорт ўйинлари алоҳида фан сифатида ўқитилмайди. Бироқ университетнинг жисмоний маданият йўналишида миллий спорт турлари бўйича “Кураш турлари ва уни ўқитиш методикаси” 5 семестр, қўшимча фан сифатида “Миллий ҳаракатли ўйинлар” дарслари 7 семестр ўтилади. Шунингдек, спорт фаолияти (кураш) йўналишида “Кураш назарияси ва услубияти” фани 6 семестр ўқитилади.
Тўғри, давлатимиз раҳбарининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида миллий спорт турлари тўғрисида дарслик ва адабиётларнинг янги авлодини яратиш, таълим муассасаларида миллий спорт турларини ўқитиш ва мутахассислар тайёрлаш тизимини янгилаш борасида вазифалар белгилаб берилган. Бироқ ушбу дастур ижроси бўйича СамДУга Олий таълим вазирлиги томонидан чора-тадбир ёки режа ҳали белгилаб берилмаган. Шу боис бу борада амалий ишлар бошлангани йўқ.
Президентимизнинг жорий йил 25 майдаги “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг барча қатламларини этноспорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, маҳаллаларда этноспорт турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақаларни ўтказиш, миллий спорт турларини “йўл харитаси” асосида босқичма-босқич ривожлантириш кўрсатиб ўтилган.
Вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрор Шамсиевнинг билдиришича, ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси белгиланган. Жорий йилнинг шу даврига қадар 50 га яқин вилоят, Ўзбекистон чемпионати (кубоклари) ҳамда халқаро турнирлар ўтказилган. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Жомбой туманидаги “Қорақасмоқ” отчопарида улоқ-кўпкари мусобақаси бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан чавандозлар иштирок этди. Шунингдек, жорий йил июнида Ургут туманида миллий спорт турлари бўйича ўзига хос фестиваль ташкил этилиб, унда улоқ-кўпкари, кураш, арқон тортиш мусобақалари ўтказилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 20 октябрь куни вилоятда катталар ўртасида жамоавий улоқ-кўпкари, катталар ва ўсмирлар ўртасида от устида кураш бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаларини ўтказиш режалаштирилган.