Минг бир бўҳтон ва ноҳақликлар билан қораланган Саидризо Ализода азобларга қандай бардош берган?
![](https://static.zarnews.uz/crop/e/5/720__80_e546e450f40ea58ce583f9df31194a80.jpg?img=self&v=1739535376)
Шундай умрлар бўладики, уларни йиллар, ҳатто асрлар ўтиши билан унутмайсан киши. Ана шу умр соҳибларининг абадий тириклигини, барҳаётлигини таъминловчи, уларга ҳайкал қўювчи буюк куч инсоният тараққиёти учун, халқ ободлиги, илм-маърифат, тараққиёт учун олиб борилган курашдир. Бу йўлда тўкилган қон, сарфланган куч-қувват, пешона тери курашчини шундай барҳаёт ва муқаддас қилади.
Дейдиларки, дунёда биринчи муаллим юнонистонлик Арасту бўлган. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Аммо ҳар ўлканинг, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз муаллими, маърифатпарвари ва ватанпарвари бор. Қанчадан-қанча улуғларнинг бешиги бўлмиш қадимий Самарқандимиз ҳам ўз муаллимига эга. Ана шу биринчи янги усул мактабларининг ташкилотчиларидан, тарғиботчиларидан бири Саидризо Ализода десак хато қилмаган бўламиз.
Жаҳолат ва хурофот душмани бўлмиш Саидризо Ализода асримизнинг бошларида атоқли тараққийпарвар, мактаб ва маорифнинг тарғиботчиси сифатида катта обрў қозонди. Аслини олганда, самарқандлик бофанда-косиб Мир Ализода хонадонида ўтган асрнинг охирги чорагида дунёга келган бу кишининг тақдири, болалиги ва ўсмирлиги ўша даврдаги миллион-миллион кишиларнинг толеидан фарқ қилмасди. У 13 йил мобайнида косиб дўконхонасида шогирдлик қилди. Теран ақли, зийрак онги ва покиза тафаккури уни дунёвий илмларни эгаллашга чорларди. Эски мактабда етарли хат-саводга эга бўлган Саидризо бу билан қаноатланиб қолмади. Замонавий билим олиш, русча ўқишга тинмай интилди. Ўқиш эса пулсиз муяссар бўлмагани ва отасининг косибчилик даромади бунга имкон бермагани сабабли у рўмолбофлик дўконхонасини тарк этиб, Самарқанддаги Демуров босмахонасида ҳарфчинликка шогирд бўлиб кирди. Орадан бир оз вақт ўтгач, у русча ва арабча алифбеда ҳарфчинликни ўрганди.
У кундузи босмахонада ишлар, кечалари рус муаллимларидан дарс оларди. Ализода бунга ҳам қаноатланмай, 1906-йилнинг баҳорида Бағдоддан Самарқандга кўчиб келган мударрис Алганжийнинг таҳсилидан баҳраманд бўларди. Ҳожишайх Абулқосим Алганжий арабини ўбдон биладиган киши бўлиб, асли Озарбайжоннинг Ганжа (ҳозирги Кировобод) шаҳридан эди. У подшо ҳукуматига қарши кураш олиб борган сиёсий ташкилотларда иштирок этгани учун ўтган асрнинг охирларида Закавказье бош жандармерияси томонидан Сибирга сургун қилинган, икки ўртоғи билан Сибирдан қочиб, Хитой ва Ҳиндистон орқали Ироқ араб ўлкасига борган, бу ердаги мадрасаларда ўқиб, илмини мукаммаллаштиргач, араб қизига уйланиб, бола-чақаси билан Самарқандга келган эди.
Саидризо Алганжий мадрасасида қарийб 10 йил давомида таълим олди. У мантиқ, фалсафа, усул, баён, ҳайат ва риёзатдан ташқари, араб ва форс тилларини эгаллади. Алганжийнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида очилган ибтидоий мактабда 10 йил муаллимлик қилди.
Мактабларда ўқитиш пулсиз бўлмагани учун кўпгина камбағаллар фарзандларининг саводсиз қолаётганлиги Саидризони руҳан қийнаб келарди. У бу ижтимоий тенгсизликнинг таг-томири ҳақида ўйлар, уни юлиб ташлаш йўлларини қидирарди. Бироқ, бундай йўлни топиш осон эмас эди. Шунинг учун ҳам 20 дан ортиқ йўқсил болаларни текин ўқита бошлади. У ўзининг озгина маошидан камбағал болаларга китоб, дафтар ва бошқа нарсалар сотиб олиб берар, ҳатто баъзи бировларга кийим-кечак ва пойабзал инъом этарди.
Самарқандликлар Саидризонинг олийҳимматлиги, саховати ва инсонпарварлигини ҳар қадамда ҳис қилардилар. Турли идораларга иши тушган, йўл-йўриқни билмайдиган камбағалларнинг ишини ўз қалами билан ҳеч қандай ҳадясиз тўғрилаб берарди. У мактабдан келгунча ҳовлисидаги меҳмонхонада бир неча йўқсил йиғилиб, маслаҳат ва ёрдам сўраш учун унинг келишини кутарди. Саидризо ишдан қанчалик чарчаб келмасин, уларнинг илтимосини ҳеч қачон қайтармас ва кўнглини қолдирмасди. Касалмандлар, бева-бечоралар ундан нажот кутганларида, қор-ёмғирга, қоронғу тун бўлишига қарамай, арава ва фойтун юролмайдиган кўчалардан ўтиб, врач ёки фельдшер топиб келтирар, ҳеч кимдан ҳақ олмай, дори-дармонга ўз ёнидан пул берарди. Бемор тузалгунча унинг ҳовлисига бир неча марта бориб хабар олишни канда қилмасди. Бу халқ фарзандининг инсонпарварлигидан руҳланган врачлардан Бельфельд, Мерлес, Дейч ва Атоуллохон (афғон бобо) кабилар ҳам касаллардан пул олмай даволашарди.
Саидризони шахсан таниган, у билан бирга яшаган ва ишлаган кишиларнинг гувоҳлик беришларига қараганда, куз келиши биланоқ Боғишамол элатидаги камбағал-бенаволарни суриштириб, уларнинг номини ён дафтарчасига ёзиб олар, ўрта деҳқонлардан, боғдорлардан ўтин сотиб олиб, уларга бўлиштириб бераркан.
Ализоданинг камбағалпарварлигидан далолат берувчи яна бир лавҳа эхтиборга лойиқдир. У ўғлига тўй қилганида бойлар ва ўзига тинч кишилардан ҳеч кимни таклиф қилмаган. Тўй маслаҳатини тўрт-беш камбағал ўртоқлари билан яширин равишда ўтказган. Шундан отаси Мирмаъсум бобо нотинчланиб ўғлидан сўраган:
- Эртага тўй қиладиган бўлсанг, пайкорни қачон чиқарасан-у, қачон тўйга хабар қиласан?
- Сира ташвишланманг, ота, меҳмонларнинг ҳаммаси чақирилган, - деб жавоб беради Саидризо.
Тўй куни отаси ва амакилари меҳмонларни кутиб олиш учун дарвоза ёнида қўл қовуштириб туришади. Улар қай кўз билан кўрсинларким, ҳаммадан олдин қишлоқнинг камбағал кишилари – чоракорлар, мардикорлар, косиблар ва бошқа йўқсиллар кела бошлайдилар. Улар мўйсафидларнинг салобатидан ҳайиқиб, ҳовлига кирмай, тортиниб турадилар. Буни кўрган Саидризо уларни ҳовлига киритиб, меҳмонхоналарга таклиф қилади. Камбағаллар яланг оёқлари билан меҳмонхонага кириб, кўпачаларда ўтиришдан уялишарди.
- Кираверинглар, тўй ўзларингники, тортинишнинг ҳожати йўқ! – дейди Саидризо уларга хитобан.
Самарқанд шаҳрининг Лолазор маҳалласида Ғулом ака Муродов деган киши бор. У Саидризо Ализодани шахсан таниган, унинг саховатини ўз кўзи билан кўрган. Ғулом аканинг ҳикоя қилишига қараганда, у пайтларда Ализода газета редакциясида ишлаган. Ғулом ака эса эски бозорчадаошпазлик қилган.
- Менинг дастхатим билан келган камбағалларга ўзимга сузиб берадигандек қилиб кунда бир косадан ош бериб туринг, - деб тайинлаган Саидризо. Шундай қилиб, ҳар куни саккиз-ўн камбағал Ализода ҳисобидан Ғулом аканинг қўлидан таом еган.
Саидризо камбағалпарварлик билан бирга, маърифатпарварликни ҳам давом эттирди. У янги усулдаги мактаб очиш ҳақида орзу қиларди. Бироқ, бунинг учун, биринчидан, ўзбек ва тожик тилларида дарсликларнинг йўқлиги, иккинчидан, янги таълимдан хабардор муаллимларнинг топилмаслиги халақит берарди.
Ализода бу мушкулнинг биринчисига ўз илми ва тажрибаси билан чора топди: ўзи ўқитадиган мактабда татар, форс ва араб дарсликларидан олинган парчаларни таржима қилиб, ҳам ўзи фойдаланди, ҳам бошқа муаллим ўртоқларига берди. Унинг бу ҳаракатини сафдошларидан Ҳалим Каримзода, Козим Ҳомидзода, Имомқул Мўйинов ва бошқалар астойдил қўллаб-қувватладилар. Бу муаллимлар ўн йил давомида камбағалларнинг фарзандларини ўқитган ажойиб маърифатпарварлар эди.
Саидризо Ализода ёшлигидан бошлаб умрининг охиригача маориф ва маданият йўлида қанча хизмат бўлса, ўз маълумотини ошириш учун ҳам зўр ғайрат билан интилди. У турли тилларни ўрганишга, айниқса, иштиёқманд эди. Саидризо ўзбек, рус, форс-тожик, татар, озарбайжон, турк, араб ва курд тилларини ғоят яхши биларди. Бироқ, у бу билан қаноатланиб қолмади. Яҳудий олимлар ҳузурига бориб, ҳафтада икки марта дарс олиш орқали ибрий (қадимги яҳудий) тилини ўрганди.
Ализода арман тилини ўрганишга ҳам зўр иштиёқ билан киришди. Бу йўлда унга самарқандлик арманларнинг дин уламоси тан берган эди. У ўз талабасининг арман тилига бўлган ҳавасини кўриб, уни ниҳоят даражада ҳурмат қиларди. Ахир, Ўрта Осиё халқларидан ким ҳам бу тилни ўрганишга интиларди, дейсиз? Ализоданинг бу соҳадаги муваффақияти шу даражага етдики, Самарқанддаги арманлар унга қаерда дуч келишмасин, ўз тилларида ҳол-аҳвол сўрашар, унга узоқ умр тилашарди. Ўша пайтдаги армани мактабларининг муаллимлари таъкидлашича, Ализода улар билан нуқул адабий тилда гаплашган. Арманлар Ализодани ўз маърака-мавридларига таклиф қилишар ва у тўйларда ўз тори билан хизмат қилиб, ҳатто арман санъаткорларини ҳам ҳайратда қолдирарди.
Саидризо Самарқандда яшаган бир неча француз муаллимларидан таълим олиб, бу тилни ҳам ўрганган эди. У бирор дақиқа вақтини бекорга ўтказмас, турли тилларни, ҳар хил билимларни ўрганишга ташналик билан интиларди. Самарқанд аҳолисининг аксарияти бу олим, доно ва санъаткор киши билан суҳбат қуришни орзу қиларди. Саидризо эса миллатига, ижтимоий чиқишига эътибор бермасдан, ҳамма билан ҳам тил топширади.
Саидризо Ализода маърифатпарварликдан ташқари жуда катта ижтимоий-сиёсий фаолият эгаси эди. Чор Россия амалдорлари турли матбуот нашрларини олиб турадиган бу кишининг Боғишамолдаги мактабини бир неча маротаба тинтув қилдилар. Полиция бу билан ҳам қаноатланмай, 1908-1916 йилларда унинг мактабини уч марта тамбалаб қўйди. У муаллимлик билан бирга, босмахонанинг иккинчи сменасида ишлар, ишчиларнинг яширин ташкилотларида, темирйўлчиларнинг махфий ташкилотларида актив қатнашар, ҳарбий хизматда бўлган большевиклардан В.Фигельский, А.Фроловлар билан яқин алоқа боғлаб, газеталар ҳамда варақларни ишчи ва деҳқонлар орасида тарқатарди.
Саидризо Ализода ажойиб тилшунос олим эди. У Самарқанд давлат университетида 1933-1937 йилларда араб, форс ва тожик тилларидан дарс берди. Халқ фарзанди, эл ғамхўри, журналист ва олим Саидризо Ализода бўҳтон гирдобига дучор бўлиб, ноҳақ қораланди. Бироқ у ҳаётининг сўнгги дамларигача илм-маърифат ривожи учун ишонч ва садоқат билан нафас олди. Самарқанднинг каттаю кичиги ажойиб маърифатпарварнинг табаррук номини ҳурмат билан тилга олади.
Ҳа, мард курашчилар ҳеч қачон ўлмайди! Улар замондошлар дилида, тилида абадий яшайди. Саидризо Ализода ҳам байрам, сана ва тантаналаримизда биз билан ёнма-ён тургандек барҳаётдир!
Ҳасан ИРФОН, тожик ёзувчиси.
Мирзахўжа ЎРИНХЎЖАЕВ, шахсий пенсионер.
Аҳмаджон МУХТОРОВ, журналист.
"Ленин йўли"(ҳозирги "Зарафшон") газетасининг 1967 йил, 5 октябрь, 108-сонидан қисқартириб олинди).