Минг нафарга яқин нурободлик тиббий кўрикдан ўтказилди
Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг малакали шифокорлари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Нуробод туманида бўлди.
Соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, касалликларни профилактика қилиш ва эрта аниқлаш ҳозирги кундаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Айнан шу масалани ечишга кўмаклашиш, жойларда кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Нуробод туманидаги ҚВПларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Нуробод туманидаги Олға, Жом, Гирдиқўрғон, Омандара, Тегирмонбоши маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар хирург, педиатр, онколог, инфекционист, уролог, акушер-гинеколог, ЛОР, тери-таносил, терапевт, невролог, травматолог каби 13 турдаги тор мутахассисликлар вакилларидан маслаҳат олишди.
Тиббий кўрик ўтказиш билан бирга, ҳозирги вақтда кенг тарқалган ўпка касалликлари, диабет, онкологик, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, профилактика қилиш ва даволаш усуллари, соғлом турмуш тарзи ва фаол жисмоний ҳаракатнинг инсон саломатлигига ҳиссаси тушунтирилди.
Туманнинг Чорвадор маҳалласидаги тадбирда мингга яқин фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 235 нафар фуқарода турли хил кассалликлар аниқланди. Аниқланган касалликларни бартараф этиш мақсадида 205 нафар фуқарога амбулатор тарзда даволаниш учун тавсиялар берилган бўлса, 25 нафар фуқаро вилоят даволаш-профилактика муассасаларига, 5 нафари эса санаторияларда даволаниш учун йўлланмага эга бўлди.
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг битирувчи курс талабалари ҳам вилоятнинг чекка ҳудудларига амалиёт ўташ учун юборилди.
Институт ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси режасига мувофиқ, вилоятнинг барча туманларида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган. Жойларда бу каби тиббий кўриклар ҳамда талабалар амалиётининг ўтказилиши вилоятда турли касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида самарали даволашга катта ҳисса қўшади.
СамДТИ ва Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизматлари.