Мингтутда 107 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди
Саноқли кунлардан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда вилоятимизда ҳам йирик сиёсий тадбирга ҳозирлик ишлари якунланиб, 1130 та сайлов участкаси шай ҳолатга келтирилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳри Мингтут маҳалласида жойлашган 89-сайлов участкаси қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жиҳозланди. Участка сайлов комиссияси учун ажратилган хоналар зарур техника воситалари - компьютер жамланмалари, телефон, нусха кўчириш аппарати ва тегишли адабиётлар билан, участка жойи эса сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситалари билан таъминланди. Кириш йўлакларига махсус пандуслар ўрнатилди. Овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари шай ҳолатга келтирилди.
Сайлов участкасида жами 1039 нафар фуқаро овоз бериши кўзда тутилган. Шундан биринчи марта сайловда иштирок этаётганлар 13 нафарни, имконияти чекланган сайловчилар 7 нафарни ташкил этади. 107 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Гавҳар АБДУВОҲИДОВА,
Самарқанд шаҳридаги 89-сайлов участкаси котиби.