“Mirni uqding – Haqqa yetding”
Яқинда таниқли навоийшунос олим Дилором Салоҳийнинг Тошкент шаҳридаги “Тафаккур томчилари” нашриётида “Mirni uqding – Haqqa yetding” китоби чоп этилди.
Китобда буюк сўз санъаткори Алишер Навоий бой лирик меросининг мавзу кўлами, насрий баёни ва ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳақида маълумот берилган. Навоий фалсафий-маърифий дунёқарашининг ғазалиётида қай тариқа акс этганлиги ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар шарҳ услубида кичик мақолаларда ифода этилган.
Буюк шоир поэтик маҳорати қирралари, ғазалиётида мавзу, шакл ва бадиий образ такомили кўринишлари каби масалалар хусусида ҳам мулоҳазалар берилган. Ушбу китоб мутахассис олимлар, талабалар ва китобхонлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
“Узумчиликда миришкор соҳибкорларнинг илғор тажрибалари”
Узумчилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг сердаромад тармоқларидан бири ҳисобланади. Қулай табиий иқлим шароити бу ерда эрта ва кеч пишадиган навларини етиштириш имконини беради. Ток иқтисодий самарадор экин бўлиб, эллик ва ундан кўп вақт яшаб, экологик тоза маҳсулот беради.
Кейинги йилларда айниқса, ҳукуматимиз томонидан узумнинг турли навларини етиштириш бўйича режа ишлаб чиқилиб, ток майдонларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга эътибор қаратяпти. Аммо айтиш лозимки, узум етиштириш, унинг турли навларини парваришлаш боғбондан катта меҳнат ва илм талаб қилади.
Абдураҳмон Юлдошевнинг яқинда чоп этилган “Узумчиликда миришкор соҳибкорларнинг илғор тажрибалари” китобида ток парвариши, узумнинг сермаҳсул навлари ҳақида қимматли маълумтлар берилган. Китобни узум етиштиришда боғбонлар учун ихчам қўлланма дейиш мумкин.