Мирзо Улуғбекнинг жадидий сабоғи ёхуд янги ҳаёт, янгилик сари интилиш аждодлардан мерос

Жадид сўзи – янги, янгилик тарафдори, деган маъноларни англатиши “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида ёзиб қўйилган. Сўнгги пайтларда биз жадид деганда асосан XX аср бошида фаол ҳаракатга тушиб, 1937 йиллар қатағони қурбонига айланган бир гуруҳ миллатпарвар зиёли боболаримизни кўз олдимизга келтирадиган бўлиб қолдик.

Бир қизиқ маълумот: узоқ асрлар мобайнида жадид сўзини кўплаб улуғ аждодларимиз ҳам қўллаган экан. Яъни, турли даврларда янгилик яратувчи – жадидлар яшаб-ўтганлари тарихий манбаларда мавжуд. Улардан бири – буюк шоҳ ва аллома Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек бўлганини унинг машҳур асари – “Зижи жадиди Кўрагоний” номидан ҳам кўриш мумкин. Демак, ҳар бир даврда янги ҳаёт, янгилик сари интилиш бизга аждодлардан мерос.

Манбаларда қайд этилишича, Мирзо Улуғбек 1394 йил 22 март куни Соҳибқирон Амир Темурнинг беш йиллик юриши давом этаётган пайтда дунёга келган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур ҳузурига чопар келиб, Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар у келажакда буюк олим ва одил ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Ўшанда Соҳибқирон хурсандлигидан олис ўлкаларда бир қалъада жангни тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.

Дарҳақиқат, ҳаётга янги руҳ билан қараган Улуғбек даврида Самарқанд янада равнақ топди. Шаҳарда ҳунармандчилик, меъморчилик, адабиёт, илм-фан юксалди, савдо-сотиқ тараққий этди. Самарқандда илмий мактаб, яъни ўша даврнинг академиясини яратилди. Бу илмий даргоҳда “Афлотуни замон” дея таърифланган Қозизода Румий, Али Қушчи, Мансур Коший, Али ибн Муҳаммад Биржандий, Мирам Чалабий, Ғиёсиддин Жамшид каби 200 нафардан ортиқ олимлар ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борганлар. Бу даврда устоз ва шогирдлари билан қизғин ҳамда самарали ижод қилган Мирзо Улуғбек “Зижи жадиди Кўрагоний”, “Рисолаи Улуғбек”, “Тўрт улус тарихи” каби бетакрор асарларни ёзган.

Мир Алишер Навоийнинг “Хамса” асарида Мирзо Улуғбек ҳақида ёзган қуйидаги сатрлари замирида олам-олам маъно мужассам:

“Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек...

Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур”.

Буюк аждодларимизнинг доимо янгиликка интилишлари биз учун катта сабоқдир. Бундан илҳомланган ҳолда ўз даврининг ҳақиқий жадиди бўлган аллома Мирзо Улуғбек бобомизга дилда битилган шеърни бахшида этдик.

1.

Бу дунёдан ташқи оламда –

Фалакда бор муайян тартиб.

Ундан улгу олар табиат,

Боқсанг кўнглинг кўзини артиб.

Ўтаверар тартибсиз замон,

Қувлаганча йилларни йиллар,

Ва омманинг ўзидан чиққай

Шу тартибни илғаган диллар.

Улар асос солган Реннесанс –

Шарқда номи – Уйғониш даври.

Ҳар бир олим фалакдан туҳфа,

Ўз даврининг чин динозаври.

Ўз даврининг жадидидур рост,

Беруний ул, ул Ибн Сино.

Форобийлар кўрсатган ибрат

Бошқа қайтиб бўлмади бино.

Узоқ йиллар уларнинг номи

Гоҳ эсланиб, унутилди гоҳ.

Темурийлар сулоласидан

Чиқди шоир, олим ҳамда шоҳ.

Бамисоли учтаси бирда,

Уч дарёдан тўлганди бу баҳр.

Бош мударрис – Мирзо Улуғбек,

Дорулфунун – Мовароуннаҳр.

2.

Марвда Маъмун Байтул-ҳикматин

Хоразмий бўлди машъали.

Янги бир фан – Алгебра отли

Шу олимдан бўлди нашъали.

Шом ўлкасин мактаби – Дамашқ,

Жануброқда эса Қоҳира.

Мардлар илми сабаб жаҳолат

Қололмасди ортиқ бокира.

Хоразмда Маъмун Иккинчи

“Байт ул-ҳикма” айлади бино.

Дарғалари эди Беруний,

Юнон Масиҳий, Ибн Сино!

Аммо Чингиз қўшини келиб,

Илмзорни этди алафзор.

Юртда ажал шарпаси елиб,

Олимларга бўлди талабгор.

Икки аср ҳувиллади Шарқ,

Вайронада изғиди зоғлар.

Темурийлар даврига келиб,

Пайдо бўлди қайтадан боғлар.

Юртни бузган эса гар Чингиз,

Юртни тузди жадидий Темур.

Қад ростлади минор, гумбазлар,

Турон бўлди бамисли Семурғ.

Устозидан ўзган шогирддек,

Бобосидан ўзди набира.

Улуғбекнинг бунёдкорлиги

Қилди кундуз қуёшни хира.

Мадрасалар бунёд ҳар кентда,

Нафақадор қанча талаба.

Бу даргоҳлар ичра дунёвий

Илм қилар чандон ғалаба.

Мутаасиб имомлар зимдан

Улуғбекни кўришар ёмон:

“Табиатни ўрганмоқ асли

Яратганнинг илмига исён!..”

Бу орада султон Улуғбек

Қурди расадхона муаззам.

“Хазинани қилмоқда торож!” –

деб муллалар чекарди алам.

Математик Қозизода Рум,

Али Қушчи – толиби содиқ,

Яна ўнлаб ёш ўғил-қизлар,

Динга маҳкам, илмда солик.

Самарқандда илк дорулфунун,

Тузган эди жадид бобомиз.

Бу шаҳарга яқин келганди

Шу пайтгача олис самомиз.

Илми нужум барқ урди бунда,

Бу шунчаки фол кўриш эмас.

Бунга чидай олмай жоҳиллар

Деди: “Шоҳ ҳеч халқ ғамин емас...”

Юртга исён етишди тезда,

Улуғбекнинг ёди самода.

“Зижи жадиди Кўрагоний”

Юлдузларни қилди ифода.

Содир бўлди улкан қатағон,

Бошладилар катта жанжални.

Оч калхатдек қўпди жаҳолат,

Маърифатга урди чангални.

“Қотил қўли қилич солди маст,

Қуёш бўлиб учди тилла бош.

Дўстлар кўкда юлдузлар эмас,

У, Улуғбек кўзидаги ёш”.

3.

“Билмай қолдим ўзим ҳам чоғи,

Юлдузларда эди нигоҳим.

Билмадим, не эди гуноҳим.

Мен дардимни кимга айтаман?”

Муҳаммад Юсуф

 

Билмаганмас, билган Улуғбек,

Бунга ибрат тарих сабоғи.

Оқилни ёқтирмас оломон,

Бошида шай жаллод пичоғи.

Бир хатарни илғаган кўнгли,

Олимларга тилаган “Оқ йўл!”

Мубҳам исён шарпаси билан

Тўлаётир ҳар соат ўнг-сўл.

Сўнгра чорлаб Али Қушчини,

Васиятин ошкор айлаган.

Ақча бериб ва махфий карвон,

Уни олис йўлга шайлаган.

Чарм жилдга ўраб-чирмалган

Китобларнинг ўзи бир дунё.

Кўрганлар дер: “Бу нима бўлса?

Шойи тўпи? Туршакми? Ун ё?”.

Али Қушчи юкнинг кўпини

Тоғ ғорига яширган эмиш.

Энг муҳими дея билганин

Елкасига оширган эмиш.

Кечмасидан Амудан ҳали

Қувиб етмиш уни шумхабар.

Энди ортга йўл йўқ, ҳар дамда

Таъқиб этиб келмоқда хатар...

Улуғбекнинг мактубин олиб,

Етиб борди шогирд Шом сари.

Қучоқ очиб кутиб олишди,

Илм-фаннинг содиқ дўстлари.

Мадрасадан беришди ўрин,

Али Қушчи энди устоздир.

Устоз тутган тиллолар энди

“Зиж”ни тарғиб этмоққа создир.

Бу китобни хаттотлар ўнлаб

Кўчирди ва муқова кийди.

Тирикликда насиб этмаган

Келди Мирзо Улуғбек ийди.

Чулчитчага таржима бўлиб,

Оврўпога йўл олди китоб.

Мудрар эди Осиё бу пайт,

Уйғонарди Оврўпо шитоб.

Италияда Уйғониш даври:

Йўқланарди Хоразмий номи,

Ибн Сино ҳамда Форобий,

Ал-Фарғоний ва Хайём жоми.

Улуғбекнинг юлдузи балким,

Колумбга йўл кўрсатган чиқар?

Дерлар: “Билаги зўр биттани,

Билими зўр мингларни йиқар!”

4.

Нурдан тушган сояни ҳаргиз бўлмайди кўмиб,

Этак-ла Ойни тўсиш жаҳолатга далилдир.

Олим эти оғули деган гап бор оламда,

Боиси илм аҳли Яратганга халилдир.

Олимга тиғ кўтарган олти ойга бормади,

Илмни ерга кўмган халқнинг кўзи юмилди.

Расадхона қабрини қоплар эди қизғалдоқ,

Жанг ортидан жанг бу юрт қора қонга чўмилди.

Беш юз йил керак бўлди юртнинг уйғонишига,

Эллик йилда эл янги бўлмоғи шарт эмасми?

Беклар бўлиб бир юртни, ҳар бири ўзига хон

Айшу ишрат қилгани чипқон-у дард эмасми?

Жадидларни шул сабаб бугун элим ардоқлар,

Ўз юртида қайта қадр топди Мирзо Улуғбек.

Кўчаларда номи ва ҳайкали қад ростлади,

Мактаблар аталмоқда Миллий дорулфунундек.

Самарқанд яна пойтахт мақомида илмнинг,

Хоҳла юртингда ўқи, хоҳла хорижга отлан.

Янги Ўзбекистонда Уйғониш даврин бошла,

Эй ёш авлод, жадидлик руҳи ила қанотлан!

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.