Мирзожон, қачон кўчиб келасиз?..

Кўплаб ижодкорлар қатори мен ҳам Тошкентда уйсизлик-жойсизлик синовларини, ижарама-ижара кўчиб юриш роҳатларини бошимдан кечирганман. Бир дафъа Қўйлиқ мавзеида икки қаватли ғиштин бинонинг иккинчи қаватида, уч хонали бир уйда ижарада турганмиз.

Бу ижара уй Рауф Парфи, Шукур Қурбон, Одил Ҳотамов, Назар Шукур, Эшқобил Шукур, Абдумажид Азим каби кўплаб уй-жойсиз шоирларнинг мулоқот маскани эди.

Баъзан қўни-қўшниларимиз уй-жой ҳақида сўраб қолишса: “Менга Пушкин майдонидан уй беришяпти!” – дер эдим. Во ажаб, тақдирни кўрингки, 1983 йилда бизга Дархондан, Пушкин майдонига туташ Пушкин-Салор кўчасидан уй насиб этди! (Ҳозирги Мирзакалон Исмоилий кўчаси бу.)

Бу вақтда оилам билан такроран Тақачи маҳалласида, Чевар кўчаси, 1-гузаргоҳида, 25-уйда ижарада турар эдим.

Уйсизлик-жойсизлик зада қилиб юборганиданми, декабрь ойидаёқ ҳали газ ва истиқичлар ишга тушмай туриб, 5-қаватдаги 70-уйга кўчиб ўтдим.

Бир муддатдан кейин таниқли ёзувчи, диёнатли шахс  Эминжон Усмон бизга қўшни бўлиб оиласи билан қаршимиздаги 69-уйга кўчиб келдилар. Бу киши ўша маҳалда “Меҳригиё” асари билан Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовнинг назарига тушган, адабий муҳитда эътибор топган адиб эдилар.

Қўшничилик бўлиб, ҳар замонда эшигимизни тақиллатиб, йўлакка кирар, ичкарига назар ташлаб:

– Мирзожон, қачон кўчиб келасиз? – дер эдилар. Бу ҳол бир-икки марта такрорланди. Мен ҳайрон бўлар эдим.

Ахир, янги уйга энг биринчилардан бўлиб кўчиб келган бўлсам, анчадан бери қўшни бўлиб яшаётган бўлсак, яна қандай “кўчиб келишим” керак?

Гап шундаки, ўша вақтда оилада уч кишимиз: ўзим, аёлим, Бобур ўғлим; бисотимиз битта 19 сўмлик шолча, зарурий тўшак ва зарурий кўрпадан иборат. Булар ётоқ бўлмасига жойланган.

Каттакон залда эса деворга ёпиштирилиб, девор бўйи баланд қилиб китоб тахлаб чиқилган. Китобдан бошқа нарса йўқ. Уй яланг, деразалар пардасиз, пол яланғоч.

Ҳарбий газетада хизмат қиладиган Азимжон деган журналист укамиз пишиқ ғиштга сим ўрнатиб, электр қиздирғич ясаб берган. Иситкич ҳам шу, пиширгич ҳам шу. Бу йигит Хоразм хони, маърифатли шахс, мумтоз шоир Муҳаммадраҳимхон Фируз авлодидан бўлган.

Эминжон ака яна бир кун эшикни тақиллатиб, йўлакка кирдилар-да:

– Мирзожон, қачон кўчиб келасиз? Энди кўчиб келавермайсизми?! – дедилар. Мен таажжуб билан:

– Эминжон ака, кўчиб келиш дегани нима дегани? – дедим.

– Ахир, кўрпа-тўшак, гилам-палос, жавону сервант, холодилник, радио-телевизорларингизни олиб келмайсизми?! – дедилар. Мен кулгудан ўзимни тиёлмай:

– Эминжон ака, менинг бор бисотим мана шу! – деб, ётоқ бўлмаси ва китобларимга ишорат қилдим.

Улуғ адибимиз ниҳоятда хижолат бўлдилар. У кишининг ўша пайтдаги хижолатли ҳолати ҳалигача қалбимга изтироб беради.

Ўша кундан кейин қайси бир газета-журнал, радио-телевидение ёки нашр идорасига борсам, мендан фаол иштирокимни сўрашар, долзарб мавзуларда ижодий буюртмалар қилишар, ҳар ойда менга кўп-кўп қалам ҳақи ёзишар эди.

Сабаби шуки, диёнатли, ибодатли, виждонли ва заковатли, жонкуяр адибимиз Эминжон Усмон ҳар бир идорада менинг аҳволимни гапирган, “Сизлар Мирзо Кенжабекка ёрдам бермайсизлар!” деб уларни койиган, ижодкор ходимларга танбиҳ бериб чиққан эди.

Лекин мен... қалам енгил ва савияси нолойиқ ёзувларга ўрганиб қолмасин, пулнинг орқасидан қувиш одат бўлмасин, деб буюртмалар бажаришни секин тўхтатдим.

Ҳақ таолонинг лутфу карами ва эҳсонлари билан аста-секин ҳамма нарса бор бўлди. Барча эҳтиёжлар раво топди. Раббимиз менга яхши умр берди, кутганимдан зиёда неъматларни ато этди.

Лекин... Атоқли адибимиз Хайриддин Султоннинг “Йўқчилик ва тўқчилик”  деган мумтоз ҳикояси бор. У беназир ҳикояни кўп эслайман. Ҳар замонда ҳаётимнинг ўша йўқчилик давридаги файз ва ҳикмат тўқчилик давридагидан кўпроқ бўлганмикин, деб ўйлаб қоламан...

Мирзо КЕНЖАБЕК.