Мисинформация нима? Дезинформация-чи? Малинформация ушбу икки атамадан қандай фарқ қилади?
Вилоят матбуот уйида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган «Эълон қилинаётган ахборотга муносабат билдириш, баёнот ва раддия бериш. Қонунчилик» мавзусидаги ўқув-семинарда шу каби саволларга жавоб изланди.
Семинарда вилоятдаги туман, шаҳар ҳокимликлари ва корхона-ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этди.
Дастлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош мутахассиси Фарҳод Толипов тадбирда Zoom орқали қатнашиб, “Инқироз шароитида корпоратив имижни сақлаш (ҳимоялаш)нинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида фикр алмашди.
- Аввало, “Корпоратив имиж асли нима?”, Ташкилот учун унинг аҳамияти қай даражада? Уни нима билан истеъмол қилиш керак?” каби саволларга жавоб топсак, - деди Ф.Толипов. - Маълум бир ташкилотнинг жамиятдаги инсонлар онгида шаклланган тасаввур, эга бўлган маълумотлари ва албатта айдентикаси ташкилот томонидан ясалган имиждир. Имиж кўп қиррали тушунча. Бир томондан, у инсоннинг ҳаётий фаолиятига бориб боғланса, иккинчи томондан, мувафаққиятга эришишни бошқарувчи восита сифатида талқин қилинади. Икки ҳолатда ҳам марказда инсон эканлиги жуда аҳамиятли. Имиж тушунчаси ХХ асрнинг 60-йилларида америкалик иқтисодчи К.Болдуинг томонидан тилимизда “Истеъмол” қилина бошлади. У айнан имиж орқали савдони мисли кўрилмаган тарзда ошириш мумкинлигини амалиётда исботлаб берди.
Энди бевосита имижнинг ташкилот ва ОАВ билан боғлиқ жиҳатлари, аниқроғи, инқироз юз берган ҳолати ҳақида тўхталсак. Бундай ҳолатда ташкилот раҳбари ёки ушбу ташкилотнинг ишончли вакили томонидан расмий баёнот берилиши, барча ОАВлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, инқирозга олиб келган масала юзасидан ташкилот билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш истагида бўлганлар учун шароит яратиш, экспертлар билан алоқа ўрнатиш ва улар ёрдамида мақола, интервью ва материаллар эълон қилишни йўлга қўйиш лозим бўлади.
Шундан кейин оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган нохолис ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотга нисбатан муносабат билдириш, баёнот ва раддия бериш билан боғлиқ ҳолатлар ахборот хизматлари раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди. Бу борада мисинформация, дезинформация ва малинформация тушунчалари ўртасидаги фарқларга тўхталиб ўтилди.
- Очиғи, бу учта тушунча билан боғлиқ ҳолат корхона-ташкилотларнинг деярли барча ахборот хизматлари фаолиятида учрайди, - деди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаев. – Келинг, дастлаб уларнинг маъносини билиб олайлик: Мисинформация – ёлғон, тўлиқ ва аниқ бўлмаган, сохта ахборот, аммо зарар етказишга қаратилганмаган хабар. Дезинформация - шахсга, ижтимоий гуруҳ, маълум бир ташкилотга, минтақага, мамлакатга қасддан зарар етказувчи ёлғон ахборот. Малинформация эса аниқ ахборот, ижтимоий гуруҳга, маълум бир ташкилотга, минтақага, мамлакатга зарар етказиш мақсадида қўлланиладиган ахборот ҳисобланади.
Ўқув-семинар давомида ушбу учта тушунча билан боғлиқ хабарлар, улар ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда берилгач, бу хабарга нисбатан муносабат билдириш, агар у корхона-ташкилот фаолиятига тегишли бўлса, тўғри баёнот ёки раддия бериш билан боғлиқ қонуний жиҳатлар кўриб чиқилди, таҳлил қилинди.
Семинар якунида давлат аттестациясидан ўтган матбуот котибларига сертификатлар топширилди.