Мобил технологиялардан фойдаланиш фойдалими ёки зарарли?

Ҳозирги ривожланган жамиятда инсон ҳаётини андроид иловалар ва мобил операторларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунингдек, улар алллақачон кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Телефондан фойдаланиш ёшлар учун кўп қулайликларни тақдим этади. Уларга билим ва кўникмаларини ошириш, янгиликлардан хабардор бўлиш ва илмий-ижодий ишлар билан шуғулланиш имконини беради. Масалан, онлайн платформалар, электрон китоблар, таълимий платформалар ва турли электрон китоблар талаба-ёшларнинг таълим олиш жараёнини енгиллаштирмоқда. Мобил технологиялар ёшлар учун ахборот алмашинуви ва таълим жараёнларини оптималлаштириш имкониятини тақдим этади. Масалан, онлайн таълимий платформалар ёшлар ҳаётида муҳим роль ўйнамоқда. Улар ушбу онлайн платформалардан фойдаланган ҳолда ўз билим ва кўникмаларини кенгайтириш билан бир қаторда турли хил ижодий форматлар ва программалар яратмоқда. Шунингдек, мобил операторлар талабаларнинг уйга вазифаларини бажаришларида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Шу билан бирга, ёшларнинг глобал ахборот оқимига интеграциялашуви уларнинг интеллектуал ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Мобил қурилмалар ёшларнинг ижтимоий алоқаларини ҳам тубдан ўзгартирди. Ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилиш, виртуал гуруҳларда иштирок этиш ва глобал миқёсдаги тармоқланиш уларга янги имкониятлар яратмоқда. Бироқ, ушбу технологиялардан ҳаддан ташқари фойдаланиш шахсий мулоқот кўникмаларининг сусайишига ва психологик боғлиқлик шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу эса ёшларнинг атрофдагилар билан алоқа алмашиш жараёнларини ривожлантиради ва қобилиятларини шакллантиради. Телефондан фойдаланиш кишилар ҳаётига талайгина қулайликлар яратиш билан бир қаторда, улардан ҳаддан ташқари зиёд фойдаланиш кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ёшлар телефондан кўп фойдаланса, соғлигига салбий таъсир қилади, айниқса, кўзлари ва руҳий ҳолатида ўзгаришлар кузатилади. Шу билан бир қаторда телефонга қарам бўлиб қолиш, кўп вақтнинг бесамар сарфланишига, дарслардан қолиб, кундалик вазифаларини эсдан чиқариб қўйишига олиб келади.
Мобил технологиялардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш хотиранинг пасайиши, уйқунинг нормал ҳолатда бўлмаслиги ва психо-эмоционал беқарорлик каби муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Олимларнинг таъкидлашича, кўп муддат экран ёруғлигига қараган ўсмир ёшлар ва болаларнинг соғлигида жиддий салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, технологик боғлиқлик уларнинг академик натижаларига ҳам салбий таъсир қилиши кузатилмоқда.
Маҳбуба Мардиева,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.