Моддий ёрдам ажратишда нохолисликка йўл қўйилмаган

Facebook ижтимоий тармоғида Дилмурод Ҳамедов исмли фойдаланувчи томонидан жойланган “Акахонлик имтиёзи берилади” сарлавҳали пост туман ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда Талдираззоқ маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида ўрганилди.

Мақола-қайдда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун ажратилган 1 миллион сўмдан моддий ёрдам маблағлари тарқатилишида адолат мезонлари бузилгани иддао қилинади. Хусусан, “Жомбой туманидаги Талдираззоқ ва бошқа бир қатор маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қолиб, 10 сотих томорқаси, 7 хонали уйи, “Нексия” автомобили бор, тўрт мучаси соғ оилаларга бир миллион сўмдан пул тарқатилди”, дейди муаллиф.

Ўрганиш давомида ушбу фактлар ўз тасдиғини топмади.

Талдираззоқ маҳалласида 10 нафар фуқарога Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан 1 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилган. Қайд этиш жоизки, уларнинг 4 нафари оғир хасталикка чалинган шахс, яна икки хонадонда ногирон фарзандлар тарбияланмоқда. Икки оила боқувчисини йўқотган, икки нафар аёл эса оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолгани учун ушбу рўйхатга киритилган.

– Тўғри, эҳтиёжманд оилалар кўп, аммо уларнинг энг шароити оғирлари танлаб олинган, – дейди Талдираззоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Холида Шоназарова. – Уларнинг бирортасида шахсий автомобиль мавжуд эмас. Моддий ёрдам олган 4 нафар эҳтиёжманд фуқаро соғлом, ишлайди. Аммо боқувчисини йўқотгани, оғир ижтимоий шароитда яшаётгани инобатга олинган. Шунингдек, икки оилада суяк сили ва юрак хасталиги билан оғриган болалар парваришланяпти.

Яна бир жиҳат. Дилмурод Ҳамедов “Маҳалла раиси сизнинг акахонингиз бўлса, қандай шароитда бўлишингиздан қатъий назар, барча имтиёзлар сизга берилади”, деганда айнан нимани назарда тутгани бизга қоронғи.

Аммо маҳалла мутасаддиларининг айтишича, муаллифнинг яқин қариндошлари ҳам ушбу рўйхатга киритилиш истагида мурожаат қилган. Уларнинг шахсий автомобили борлиги, уй-жойи, яшаш шароити эҳтиёжманд оила мезонларига мос келмаслиги учун рад этилган.

Зотан, ёрдам ажратилган 10 нафар шахснинг бирортаси маҳалла мутасаддиларига қариндош эмас.

Халқимиз оғир синовни бошидан кечирмоқда. Саховатпеша инсонлар эзгуликка бел боғлади. Турли соҳа вакиллари фидойилик намуналарини кўрсатишмоқда.

Шундай пайтда айрим юртдошларимиз мамлакатимизда юритилаётган ижтимоий адолат, инсонпарварлик, бағрикенглик сиёсатига ишончсизлик руҳидаги асосланмаган хабарларни тарқатишаётгани кишини ўйга толдиради.

Жомбой тумани ҳокимлиги.