Мўғулистон қадимги пойтахт Қорақурумни тиклашни буюрди
Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух ҳукуматга қадимий пойтахт Қорақурумни тиклаш бўйича кўрсатма берди, деб хабар қилди маҳаллий ОАВ.
Қорақурум 1235-1260 йилларда Мўғул империясининг пойтахти бўлиб, ўзининг гуллаган даврида Япон денгизидан Шарқий Европагача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган. Ҳозирда шаҳар ўрнида 2011 йилда очилган Қорақурум тарихи музейи мавжуд. Шаҳарни ўраб турган Орхон дарёси водийсининг маданий ландшафти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Сўнгги ўн йилликларда пойтахтни шарқда 350 километр узоқликда жойлашган Улан-Батордан Қорақурумга кўчириш таклифлари ҳам бўлган.
“Фармондан кўзланган мақсад фуқароларнинг соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаши учун шарт-шароит яратиш, асосий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳолини марказсизлаштириш, ҳудудларнинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш, давлатнинг қимматли меросини мустаҳкамлаш, тарих ва маданиятини тиклашни таъминлашдан иборат”, дейилади хабарда.