Моҳинисо – Самарқанд фахри

Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган хиёбонда китобхонни қутлаш учун вилоят жамоатчилиги вакиллари, ўқувчи-ёшлар жам бўлди. Fолибга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Вилоят ҳокими ўринбосари А.Умаров китобхон қизни ушбу муваффақият билан қутлаб, ёшларга яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтди.

- Кунни режа асосида ўтказаман, - дейди Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси М.Шомуродова. – Мактабдан қайтгач, қанча муддат уй ишларини қиламан, неча соат дарс тайёрлайман, китоб ўқиш, телевизор кўриш - ҳамма-ҳаммасини дақиқасигача белгилайман. Режа тузмаган ва унга амал қилмаган кунларим жуда кам. Китоб ўқишга табиийки кўпроқ вақт сарфлайман. Адашмасам, ҳозиргача 600 тага яқин китоб ўқиганман.

Республика «Ёш китобхон» танловини кузатар эканмиз, Моҳинисо Шомуродованинг китобни шунчаки ўқимаслиги, уни уқишига гувоҳ бўлдик. Моҳинисо ва унинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, муваффақият омили оиладаги муҳитда экан, деган тўхтамга келдик.

– Китоб - муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калит, –  дейди Моҳинисонинг отаси Шавкат Дўланов. – Билимлар манбаи билан ошно тутинган одам кам бўлмаслигини ҳар доим қизимга уқтирардим. Фарзандимнинг бугун нафақат оиламиз, устозлари, балки Президентимизнинг ишончини оқлаганидан хурсандман. Қизимнинг бу муваффақияти кимнингдир китобга бўлган ҳавасини, меҳрини уйғотса, ўзимни бахтли оталардан бири ҳисоблайман.

Моҳинисонинг онаси Азиза Суюнова Иштихон туманидан Нарпайга келин бўлиб тушган йиллари сепида 30 тача китоб ҳам бўлган экан. Ҳозир бу хонадонда уч нафар қиз олий таълим муассасасида давлат гранти асосида таҳсил олади.

- Бўш вақтимиз бўлди дегунча китоб мутолаасига бериламиз, - дейди 25 йилдан бери ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс бераётган Азиза Суюнова. – Лекин фарзандларимни ҳеч қачон китоб ўқинглар, деб мажбурлаган эмасман. Уларга доим ёшига мос китоб совға қилиб, бадиий асар қаҳрамонлари ҳақида суҳбатлашганмиз.

Моҳинисо она тили ва адабиёт фанидан бир неча йиллардан бери «Билимлар беллашуви», фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб келаётир. Шунингдек, спортнинг енгил атлетика тури билан ҳам шуғулланади.

- Халқаро миқёсдаги олти тилни мукаммал эгаллаб, элчи бўлмоқчиман, - дейди китобхон қиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.